islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Нега фонус Рамазон рамзи ҳисобланади?

Фонус бугунги кунда Рамазон ойининг рамзига айланиб қолган. Кўплаб мусулмон мамлакатларида Рамазон кириши билан одамлар фонуслар сотиб олиб, уйларини безатадилар. Интернет оламида ҳам фонус сурати туширилган табрик ёрлиқлари кўпайиб кетади.

Айниқса, Мисрда фонусларнинг алоҳида ўрни бор. Бу мамлакатда Рамазон ойи фонуслар билан чамбарчас боғлиқ.

Исломнинг илк даврида фонуслар тунда намозга кетаётган кишилар томонидан йўлни ёритиш учун қўлланган бўлса, кейинчалик, улар ўзининг аслий вазифасидан кўнгил очиш вазифасига ўтган. Яъни, рамазон кирганлиги билан шодлик изҳор қилишнинг ўзига хос рамзига айланиб қолган.

Бироқ, ҳамма ҳам қандай қилиб, фонуслар Рамазон ойининг рамзи бўлиб қолганлигининг тарихини билавермайди. Қуйида, айнан шу ҳақда мухтасар сўз юритмоқчиман.

Ҳижрий 358-санада (милодий 972) Қоҳира шаҳрига фотимийлар давлатининг асосчиси ал-Муъизз лидийниллаҳ кириб келганда шаҳар аҳли фонуслар ва машъалалар кўтариб, олқишловчи ҳайқириқлар билан кутиб олган эдилар. Мазкур воқеа рамазон ойининг бешинчи баъзи ривоятларда ўн бешинчи кунига тўғри келган эди.

Ўша вақтдан бери фонус рамазон кирганини нишонлаш ва тантана қилишнинг ўзига хос кўринишларидан бирига айланиб қолган.

Рамазон кириши билан одамлар нархи ва сифатлари турлича бўлган бир-биридан чиройли фонусларни сотиб олиб уйларини безатадилар. Шу билан рамазонга бўлган эътиборларини изҳор этадилар. Зеро, Фотимийлар давлатида шомдан сўнг болалар фонусларни кўтариб олган ҳолда Миср кўчалари ва бозорларида айланиб, ўзига хос қўшиқлар айтиб, одамлардан турли-туман ҳадиялар ва ширинликлар талаб қилишарди.

Саҳар вақтида ҳам эрта уйғониб олган болалар мусаҳҳиротийнинг* ортидан эргашиб, маҳаллалар ва кўча-кўйлар оралаб одамларни саҳарга уйғотишар эди.

Саҳарликка уйғотувчи қофияли сўзлар гарчи оддий одамлар ва болалар томонидан ўйлаб топилган бўлса-да ўзига хос маъно ва балоғат ташир эди ўзида. Масалан: “исҳий я Нааим, ваҳҳиди-д-Даим” яъни: “уйғон эй уйқудаги зот ва абадий зотни ширкдан поклаб ёд эт!”.

Шунингдек, болалар рамазоннинг илк кунларида “ваҳвий я ваҳвий” деб бошланувчи қўшиқлари билан рамазоннинг кириб келганини тараннум этардилар. Дарвоқе, бу қўшиқ ҳозир ҳам айтилади.

Мазкур қўшиқ Мисрда фиръавнлар давридан қолган бўлиб янги ой кирганлигини билдирарди. Қадимий миср тилида қўшиқнинг асли: “қоҳ вий, ваҳ вий, иҳъа” шаклида бўлиб, “чиқдинг, чиқдинг эй ҳилол!” маъносини англатган.

Бизнинг юртларда ҳам қадимдан болалар Рамазоннинг илк кунларида муборак ой ташриф буюрганлигидан хурсанд бўлиб, бу қувончни ўзлари назмга солган содда ва самимий рамазоний қўшиқлар билан ифода этиб келадилар. Бу ҳам бўлса бизнинг қайсидир маънода маънавий бойлигимиз ва қадриятларимиздан биридир. Бу ҳам бўлса, юртимиздаги рамазон шукуҳининг ёрқин ифодасидир. Шундай экан, уни асраб авайлашимиз керак.

Бу ойда болаларни хурсанд қилиш керак. Токи, рамазонни кутиб яшашсин, уни йил бўйи соғинишсин. Токи, уларнинг маъсум ва мурғак қалбларида рамазон ойи гўзал ва ширин хотиралар билан муҳрланиб қолсин.

*мусаҳҳиротий – рамазонда одамларни саҳарликка уйғотиб юрувчи киши

Алишер Султонхўжаев

225370cookie-checkНега фонус Рамазон рамзи ҳисобланади?

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: