Россияда Қуръоннинг ўрганилиши 1453 йили Усмонли туркларнинг Константинополь (Истамбул) шаҳрини босиб олгандан кейин бошланган. XVII асрларда Россияда ислом дини ва Қуръон бўйича асосий манбалар юнон, лотин, поляк, немис, инглиз, француз ва бошқа ғарб тилларига таржима қилинган асарларни ташкил қилар эди. Ушбу асарларда асосан Қуръон, умуман, ислом динига нисбатан танқидий қараш устун бўлган. 1552 йили Иван Грозний Қозон хонлигини бўйсундиргач, Россиянинг қўшни мусулмон давлатлари маданияти, урф-одатлари, анъаналарини ўрганиши янги босқичга ўтди. XV–XVII асрларда Литвада Қуръоннинг илк бор шарқий славян нусхаси ёки белорус тилидаги таржимаси вужудга келди. Таржима Литва князлари хизматида бўлган бир гуруҳ татар зиёлилари томонидан амалга оширилган. Пётр I даврига келиб, Россияда Қуръонни илмий ўрганиш, таржима қилиш ва уни тарқатиш кенг қамровли тарзда амалга оширилди. Бу соҳада у Голландия, Англия, Германия исломшунослик марказлари тажрибаларига таянди. Пётр I буйруғига биноан 1716 йили Петербургда Қуръоннинг рус тилига қилинган илк таржимаси чоп этилади. Рус тилига дипломат ва шарқшунос Андре дю Рие (1580–1660) томонидан амалга оширилган таржимаси ва 1647 йил Парижда, Германияда 5 марта чоп этилган таржима асосида яратилди.
1917 йилги инқилобдан кейин то 1935 йилларга қадар, Россияда ҳокимият тепасига келган Советлар ҳукумати бу борада Чор Россияси каби маълум маънода мусулмонлар билан келишиш йўлидан борган. Масалан, 1917 йили В.И.Ленин буйруғи билан 1869 йилда Туркистон генерал-губернатори фон Кауфман томонидан Санкт-Петербург халқ кутубхонасига Самарқанддан олиб келинган Қуръоннинг энг қадимий Усмон мусҳафини ўз диёрига қайтарилишини мисол қилиш мумкин. Шунингдек, инқилобдан кейин ҳам ижодий фаолият олиб борган В.В.Бартольд (1869–1930), Л.Е.Кримский (1871–1941), А.Ф. Шебунин (1867 йилда туғилган), И.Ю.Крачковский асарларида Россиядаги қуръоншунослик ривожига алоҳида бўлимлар ажратилган. 1921–1930-йиллар мобайнида И.Ю.Крачковский Қуръоннинг навбатдаги русча таржимасини яратади. Академик И.Ю.Крачковский 1951 йил вафот этган бўлса-да, таржима 1963 йилда нашр этилди. Мазкур иш араб филологик, тилшунослик нуқтаи назаридан ёритилганлиги учун илмийлик жиҳатдан барча русча Қуръон таржималаридан, қолаверса, бир қатор ғарб таржималаридан ҳам устунликка эга.
80-йиллардан кейин СССР ўз алоқаларини Яқин Шарқ ва Ўрта Шарқ мусулмон давлатлари билан мустаҳкамлашга эътибор қарата бошлади. Эронда содир этилган ислом инқилоби, Яқин Шарқда вужудга келган диний фанатизм, фундаментализм, ваҳҳобийлик ҳаракатларининг сиёсий тус олиши исломга нисбатан ёндашувга бирмунча ўзгартиришлар киритишни тақозо этди. Натижада, К.С.Кашталёва, П.А.Грязневич, М.Б.Пиотровский, С.М.Прозоров, Е.Резванлар каби олимлар етишиб чиқиб, қуръоншунослик бўйича рус исломшунослигининг намояндалари бўлмиш В.В.Бартольд, И.Ю.Крачковский, Л.Е.Кримский йўлларини тутдилар.
Л.И.Климович, В.А.Авксентьев, Р.Р.Мавмонтов, С.И.Жабборовлар эса, Қуръонни атеистик нуқтаи назардан ўрганишга ҳаракат қилдилар. 90-йиллардан кейин, СССРнинг парчаланиши оқибатида, Россия ва Марказий Осиё мусулмон ўлкаларига Эрон Ислом тарғибот маркази, Покистон, Саудия Арабистони, Туркия нашриётларида чоп этилган Қуръоннинг янги арабий босмалари кириб кела бошлади. Натижада ҳозирга келиб, Собиқ Иттифоқ мусулмон ўлкаларида 1990-йилларигача кенг тарқатилган Қуръоннинг Қозон, Тошкент, Коҳира нашрлари ўрнини ўқиш ва ёдлаш учун қулай бўлган янги нашрлар эгаллай бошлади. Ҳозирги пайтда Қуръоннинг рус тилидаги таржималари кўп бўлишига қарамасдан, қуйидаги таржималар асосий ўрин тутиб келмоқда:
- Қуръон таржимаси Дмитрий Николаевич Богуславский томонидан 1871 йилда қилинган бўлиб, араб тилидан рус тилига ўгирилган биринчи таржима деб тан олинди. Таржима кўпроқ бадиий услубда амалга оширилган, ўз даврида нашр этишга рухсат берилмаган бўлиб, 1995 йил Москвада нашрдан чиқди.
- “Қуръон” (мусулмонларнинг қонун китоби)–Гордий Семёнович Саблуков таржимаси 1878 йили Қозонда, кейинчалик 1896, 1907, 1990, 1991 йилларда нашр этилди. Гордий Семёнович Саблуков (1804–1880) таржимаси асл арабча нусхадан рус тилига ўгирилган иккинчи йирик таржима деб тан олинди. Лекин олим таржимасига миссионерлик нуқтаи назаридан ёндашиши оқибатида, Қуръон моҳиятини ёритишда кўпгина хатоларга йўл қўйган.
- “Қуръон” – Игнатий Юлианович Крачковский (1883–1951) таржимаси илк бор 1963 йилда Москвада, кейинчалик 1986, 1989, 1990, 1991, 1998-йилларда қайта-қайта нашрдан чиққан. Таржима асл нусхадан рус тилига ўгирилган учинчи таржима бўлгани сабабли сўзма-сўз, маъноларига путур етказилмаган ҳолда қилинган. Таржимада Қуръонга нисбатан билдирилган салбий фикрларни бартараф этиш, холисона ёндашув кўзга ташланади. И.Ю.Крачковский академик ва араб адабиёти, тарихи, маданияти, тилини пухта билувчи филолог ва шарқшунос олим эканлиги учун, унинг таржимаси илмий қиммат ва устунликка эга.
- “Қуръон” – Валерия Михайловна Порохова таржимаси 1991, 1995, 1997-йиллар китоб шаклида нашр этилган. Таржиманинг бошқа таржималардан фарқли томони, таржимон таржимага шеърий услуб жиҳатидан ёндашганлигидадир. В.М.Порохова яратган таржима биринчи рус муслима аёли яратган таржимадир. 1997 йил Қоҳирада “ал-Азҳар” университети қошидаги Халқаро Исломшунослик Академияси қуръоншунослари бу таржима тўла ислом руҳиятида ёзилганлигини тан олдилар.
- “Қуръон” – Муҳаммад Нури Усмонович Усмонов таржимаси (1924 йилда туғилган) 1995, 1999-йиллар Москвада нашр этилган. Олдинги таржималардан мусулмон олими ёзганлиги сабабли, ислом манбалари асосида яратилганлиги, илмийлиги, ўтган тафсир соҳаси олимлари тажрибаларига таянилганлиги билан ажралиб туради.
- “Муқаддас Қуръон” номли таржима 5 йил давомида Эльмир Кулиев томонидан амалга оширилган бўлиб, 2002 йили Саудия Арабистонида, Мадина шаҳридаги Фаҳд Қуръон босмахонасида чоп этилган. Ушбу таржима ҳам мусулмон олими томонидан яратилгани сабабли ислом муфассирлари сўзлари ва нақлга асослангани билан ажралиб туради.
4- курс талабаси Ураимова Шаходатхон