Тилимизда оммалашиб кетган ва янглишлиги билинмайдиган сўз ва иборалар бор. Энди уларни тўғрилашга уриниш беҳуда. Хатолигига ҳамма кўниккан сўз-у бирикмаларни тўғрилаб ишлатсангиз, хатога йўл қўйган бўласиз. «Дарё» колумнисти Ориф Толиб бугун шу ҳақда сўз юритади.
Ҳар нарсага кўникилади, хатога ҳам
Психологларнинг айтишича, бирор одат шаклланиши ёки йўқолиши учун ўртача бир ой вақт керак экан. Муттасил қилинадиган янглиш ишга тана ўрганиб қолади. Тилда ҳам шунга ўхшаш ҳолат.
Эркин Воҳидов бир мақоласида ёзади: «Эскидан қолган ғалати машҳур деган гап бор. Бу машҳур бўлган хато демакдир. Ғалат сўзининг ўзбек тилида ғалати шаклида қизиқ, ажойиб деган маъно касб этгани ўзи ғалати машҳурдир». Чунки ғалат сўзи арабчада хато, нуқсон, адашиш каби маъноларни англатади. Унга форсча -и изофаси қўшилган ва ўзбек тилида аслиятдагидан бошқа мазмунни билдиради.
Бирор сўз ёки иборани хато ишлатиш оммалашиб кетса ва у табиий қабул қилинадиган бўлиб қолса, энди бошқа йўл йўқ, ноилож рози бўласиз. Ғалати машҳур ана шу.
Ўртамиёна – «ўртаўрта» дегани
Ғалати машҳур тушунчасини таҳрир илмининг устаси, раҳматли Маҳмуд Саъдий домла ўртамиёна сўзи ёрдамида тушунтириб берганди. Ўзбекчадаги ўрта сўзи форсчада миёна бўлади. Лекин биз иккаласини қўшиб ишлатамиз. Сўзма-сўз ўртаўрта дегани. Бу хато-ку, битта сўзни икки марта такрорлаб нима ҳожат, деб бақир-чақир қилгандан эса фойда йўқ.
Ўртамиёна ўрта даражадаги; ўртача маъносида ишлатилади. Баъзи ўринларда бу сўздаги маъно нозикликларини унинг маънодошлари ифодалай олмайди. Масалан:
Ўртамиёна асар – ўртача даражадаги, эътиборга унча арзимайдиган, илиқ-милиқ асар. Бу ўринда ўртамиёна сўзида бироз назарга илмаслик, менсимаслик ёки тавсия этмаслик мазмуни ҳам яширинган. Унинг ўрнига ўртача ёки ўрта даражадаги сўзларини қўйиш бу маъно қирраларини акс эттирмайди.
Ўртамиёна уй – бунда юқоридаги каби маънолар йўқ. Уйнинг ҳажми, кўриниши, жиҳозланиши ўртача даражадалиги англашиляпти.
Айрим ғалати машҳурлар бор, тўғрисини ишлатсангиз, хато қилган бўласиз. Иккита мисол келтираман.
Кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади
Боши берк кўча ибораси йўлини, иложини топиш қийин бўлган, мушкул аҳволни англатади:
Илмсиз тажриба – боши берк кўча.
П. Турсун, «Ўқитувчи».
Отабек боши берк кўчада қолгандек бўлди, жавобига қийналди.
А. Қодирий, «Ўткан кунлар».
Аслида кўчанинг боши эмас, охири берк бўлади. Берккўчанинг сўнгига, тугашига борган киши ундан қандай чиқишни билмай қийналади, орқага қайтишини, овора бўлишини ўйлаб асабийлашади. Кўчанинг боши берк бўлса (ўзи одатда бундай бўлмайди), шунчаки кирмай қўя қолади, қийинчилик ҳам йўқ. Бироқ тилда иборанинг айни шу шакли – боши берк кўча урф бўлган. Унинг ўрнига охири берк кўча деб қўллаш хато бўлади. Абдулла Қаҳҳор айтганидек, «Шаҳардаги ҳамма соатлар беш минут илгари – нотўғри бўлса ва ҳамма шунга амал қилса, сенинг соатинг беш минут кейин – тўғри бўлганидан нима фойда?!»
Олдин чиқасиз, кейин келасиз
Келиб чиқмоқ – юзага келмоқ, юзага чиқмоқ, пайдо бўлмоқ. Бу иборанинг шарҳини изоҳли луғатдан топа олмадим. Лекин у тилимизда кенг қўлланади:
Ичкилик, безорилик, бузилиш, одобсизлик – ҳаммаси бекорчиликдан келиб чиқади.
А. Мухтор, «Чинор».
Бешиктерватар хавф-хатар сезиши билан олдинги оёқларини юқори кўтариб, тебраниб туради. Номи ҳам шундан келиб чиққан.
«ЎзМЕ».
Аслида келиб чиқмоқ эмас, чиқиб келмоқ бўлиши керак. Чунки одатда ичкаридан дастлаб чиқилади, сўнг келинади. Олдин келиб, кейин чиқилмайди. Лекин нимагадир доим аксини айтамиз ва бу меъёрга айланган. Юқоридаги мисолларда келиб чиқмоқ ўрнида чиқиб келмоқ иборасини ишлатиш хато бўлади. Фақат жисмоний ҳаракат маъносидагина шу шаклда ишлатиш мумкин ва бунда у ибора саналмайди:
Сўйлоқ киши чиқиб келиб, юкни қабул қилиб олгач, чой-пойга шама қилиб ўтирмай, дарҳол эшикни ёпди.
А. Обиджон, «Аканг қарағай Гулмат».
Мен маҳаллага бир чиқиб келай-чи, нима янгилик бор экан.
Ичкаридан ўттиз беш-қирқ ёшлардаги бир киши чиқиб келди.
Оммалашган хато ғалати машҳур бўлавермайди