Тошкент ислом институтида кундузги таълим йўналиши бўйича Араб тилидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтди.
Дастлаб, абитуриентлар карантин талаблари асосида Олий Маъҳаднинг имтиҳон учун ҳозирланган биноси томон киритилди.
ТИИ ректори Уйғун Ғафуров ижодий имтиҳонни кириш сўзи билан очиб берди. ЎМИ Таълим ва илмий-тадқиқот бўлими бошлиғи Салоҳиддин Шерхонов, Дин ишлари бўйича қўмита Диний-маърифий таълим муассасалари билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов, қабул ҳайъати аъзолари, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилди.
ТИИ ходими Файзуллоҳ қори Иззатиллаев Қуръон тиловат қилиб берди.
Тошкент ислом институтининг кундузги таълим йўналиши бўйича 2021–2022 ўқув йили учун абитуриентлар қуйидаги фанлардан имтиҳон топширмоқдалар:
Араб тили (оғзаки, ижодий имтиҳон) 30 Х 2,1 – 63 балл;
Фиқҳ ва ақоид (тест синови) 30 Х 3,1 – 93 балл;
Ўзбекистон тарихи (тест синови) 30 Х 1,1 – 33 балл.
Абитуриентлар навбати билан Олий Маъҳаднинг имтиҳон учун ҳозирланган махсус хоналарга киритилди.Абитуриентлар муҳрланган конвертлардан бирини танлаб, билетларга тайёрланиш учун парталардан жой олди.
Маълум вақтдан сўнг, бўлажак талабалар имтиҳон олувчи ўқитувчилар ҳузурида билет саволларига жавоб беришни бошладилар.
Ижодий имтиҳон учун Тошкент ислом институти араб тили ўқитувчилари билан бир қаторда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ҳадис илми мактаби, Тошкент Давлат Шарқшунослик университети ва бошқа нуфузли турдош таълим муассасалари мутахассислари жалб қилинган.
Бугун, 28 июль куни ижодий имтиҳон бўлиб ўтган бўлса, эртага, 29 июлда тест синовлари ўтказилади.
Тошкент ислом институтининг “Қабул-2021” ҳайъатига 242 нафар йигит ва 39 нафар аёл-қизлардан, жами 281 та ариза http://qabul.muslim.uz сайти орқали келиб тушган.
Абитуриентлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги ўрта махсус ислом таълим муассасалари, яъни мадрасаларни битириб, Тошкент ислом институтида олий диний маълумотга эга бўлиш учун имтиҳонларда қатнашдилар. Имтиҳон жараёнларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, институт қабул ҳайъати аъзолари ва турдош ташкилот вакиллари кузатиб, назорат қилдилар.
Абутуриентлар кириш имтиҳони баҳосига норози бўлса, апелляция ҳайъати раисига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Мурожаат қилган абитуриентларга бошқа билет олиш имконияти берилиб, апелляция ҳайъати аъзоларига имтиҳон топширди ва олган баҳоси қайдномага ёзилди.
Шунингдек, ижодий имтиҳонда юқори балл (максимал балл 63) олган абитуриентлар ҳам апелляция ҳайъати аъзолари қабулида бўлиб, жавоб варақаси кўздан кечирилиб, мазкур баллга лойиқлигини текшириб кўрилди.
Ижодий имтиҳон жараёнлари институтнинг ижтимоий тармоқдаги қуйидаги саҳифаларида онлайн ва оффлайн узатилди:
Yutube’да:
https://youtu.be/OrRRqfaJvKI
Facebook’да:
https://www.facebook.com/oliymahad/videos/357122509187001/
https://www.facebook.com/oliymahad/videos/378536916994778/
Инстаграмда:
https://instagram.com/oliymahad
Телеграмда:
https://t.me/oliymahad
Маълумот учун, ўтган йили йигитлар бўйича энг юқори балл 176.3, энг паст балл 101.1 ва аёл-қизлар бўйича энг юқори балл 160.6, энг паст балл 97.8ни ташкил қилиб, 50 нафар йигит ва 10 нафар аёл-қизлар Олий маъҳад талабаси бўлган эди.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 29 июль куни Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синови бўлиб ўтади.
Мандат 30 июль куни эълон қилинади.
ТИИ Матбуот хизмати