Хабарингиз бор, 2021 йил 12 октябрь уни Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида бўлиб, учрашув вақтида Имом Бухорийнинг устози Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг 1255 йиллиги ва Мир Араб мадрасасининг 500 йиллигини нишонланишини маълум қилган эди.
— Ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг устози, юртимизда ислом ҳуқуқшунослиги фанига асос солган буюк аллома Абу Ҳафс Кабир Бухорий ҳазратларининг муборак номини абадийлаштириш, илмий меросини халқимизга етказиш бурчимиздир. 2023 йилда Кабир Бухорий бобомиз таваллудига 1255 йил тўлади. Ушбу санани муносиб нишонлаш бўйича махсус қарор қабул қиламиз.
Биз бундан уч йил муқаддам Мир Араб мадрасасини олий диний таълим муассасаси сифатида қайта тиклаганимиздан сизлар хабардорсиз. Келгуси йили ушбу мўътабар даргоҳнинг фаолият бошлаганига ҳижрий йил ҳисоби бўйича 500 йил тўлади. Шу муҳим санани халқаро миқёсда нишонласак, ўйлайманки, айни муддао бўлур эди, — деди Шавкат Мирзиёев.
Бугун, 11 ноябрь куни “Мир Араб мадрасаси ташкил этилганига 500 йил: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро онлайн видеоконференция бўлиб ўтмоқда.
Мир Араб деб аталган иккита таълим муассасаси томонидан ўтказилаётган видеоконференцияда Ўзбекистон, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Чеченистон ва бошқа давлатлар мусулмонлари идораси раҳбарлари, уламолар, мадрасанинг фахрий битирувчилари, олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари ўқитувчи ва талабалари, хусусан Тошкент ислом институти жамоаси қатнашмоқдалар.
Тадбир халқаро Қуръон мусобақаси 3-ўрин соҳиби, ТИИ талабаси Ҳабибуллоҳ қори Олимжонов тиловати билан бошланди.
Ютуб орқали томоша қилинг:
Мир Араб мадрасаси – Бухородаги Минораи калоннинг қаршисида жойлашган меъморий ёдгорлик
Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси шаҳар марказида, аниқроқ қилиб айтилса, қадимий Шаҳристонда жойлашган бўлиб, икки улкан гумбази билан бошқа тарихий бинолардан ажралиб туради. Мадрасанинг кириш қисми кунботар томондадир. Дарвоза улкан пештоқ остида жойлашган. Бино тўрт қаватдан иборат бўлиб, унда 114 та хона бор. Мадрасанинг ички қисми ҳам ажойиб тарзда лойиҳалаштирилган. Ҳужраларни тўртта улкан пештоқ ажратиб туради.
Мадраса биносини милодий 1530–1536 (ҳижрий 936–942) йиллари шайх Мир Араб қурдирган. Халқ орасида “Мир Араб” номи билан машҳур бўлган бу олимнинг асл исми Саййид Абдуллоҳ Яманийдир. У йигирма икки ёшида илм излаб Самарқандга келади ва Хожа Аҳрор Валийга шогирд тушади. Хожа Аҳрор Валий вафотидан сўнг унинг ўғли Муҳаммад Бакр Саййид Абдуллоҳни Бухоро амири Убайдуллоҳхон билан таништиради. Тез орада у илм-маърифати билан эл орасида танилади, ҳурмат қозонади.
Туркистоннинг Саброн (Саврон)ида 2 кориз (ер ости ариғи) қаздирган, сув чиқарган, қалъа бино етиб, Шофиркон, Вобкент, Ғиждувонда кўп жойларни обод қилган (Шофирконда Мир Араб қалъаси сақланган).
У нақшбандия тариқатининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Мадраса қурилишини ниҳоясига етказа олмаган, 1536 йил бошида Мир Араб вафот этган ва унинг васиятига кўра куёви Шайх Закариё қурилишни охирига етказган.
Хаттот Мирали Фатҳободий-Бухорий ушбу форсий қитъани Мадраса дарвозасига ёзган:
“Мир Араб фахри Ажам онки кард — Мадрасаи олии бас бул ажаб. Бул ажаб он аст ки тарихи у: Мадрасаи олии Мир Араб”.
Мадраса Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфида бўлиб, шўролар даврида диний ўқув юрти фаолияти вақтинча тўхтатилган, 1945 йилда яна тикланган.
Аҳмад Расулев – Чеченистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари
Уйғун домла Ғафуров – Тошкент ислом институти ректори
Ўқув муддати 4 йил ўқув юрти кундузги бўлимига 15 ёшдан 35 ёшгача бўлган ўрта ва тўлиқсиз ўрта маълумотли кишилар қабул қилинади. Диний фанлар ҳамда умумтаълим фанлари ўқитилади. Талабаларга араб, инглиз, рус ва форс тиллари ҳам ўргатилади. Дарслар ўзбек ва араб тилларида олиб борилади.
Меъморчилиги:
Бош тарзи улкан пештоқли, дарвозаси орқасида 5 гумбазли миёнсарой, икки ёнида баланд гумбазли кенг дарсхона ва масжид, гўрхона жойлашган. Кошинкори нақшлар ёзувлар билан уйғунлашган (сақланмаган). Гўрхона ичи гумбаз ости бағали қалқонсимон муқарнасли, шипи ва деворлари ганч ўймакорлигида безатилган, изораси рангбаранг кошинли. Гўрхонада Убайдуллахон (1537 йил в. е.)нинг ёғочдан хотамкори усулида ишланган сағанаси ва Мир Араб, унинг қариндошлари қабрлари бор.
Мадрасанинг умумий тарҳи 68,5х51,8 м, ҳовли 35,4х31,3 м, дарсхона 8х8 м. Ҳовлиси тўртбурчак шаклида бўлиб, атрофини олди равоқли, икки ошёнли 114 ҳужра ўраб туради. Томонлар ўртасидаги 4 баланд пештоқли дарсхона — айвон ҳовли маҳобатини оширади. Тузилиши жиҳатидан нақшинкор жан. пештоқнинг дастлабки қиёфаси сақланиб қолган, бу нақшларнинг таркибий қисмида йулдузсимон безаклар учрайди. Ундаги безакларнинг сақланиб қолган айрим парчаларидан нақшлар ғоят нафис ва нозик бўлганлигини билиш мумкин.
Ривоятларга кўра, Мадраса асоси чуқур қилиниб, тоғ тошлари билан мустаҳкамланган, қор, ёмғир сувини қочириш учун тазарлар ишланган, улар орқали сувлар шаҳар қўрғонидан ташқарига чиқарилган.
Яна бир қизиқ томони шундаки, мадрасанинг меъморий шакли тўртбурчак – Қуръон китобини эслатади. Ҳужраларининг 114 талиги эса Қуръон суралари сонига мос келади. Мадраса дарвозасига ўйиб ёзилган тарих ҳам олимларнинг эътиборини тортди. Ушбу ёзув форсий тилда бўлиб, хаттот уста Мирали Фатҳободий томонидан ёзилган:
Мир Араб фахри Ажам, онки кард Мадрасаи олии бас бул ажаб.
Бул ажаб ин астки, тарихи уст:
“Мадрасаи олии Мири Араб”.
Мазмуни:
Мир Араб Ажам фахридир, ул солмиш Жуда ажойиб олий Мадраса.
Кизиғи муки, унинг тарихи Бўлди: “Мадрасаи олии Мир Араб”.
Охирги мисралардаги тарих моддаси бўлган сузлар абжад ҳисобида ҳижрий 942 (милодий 1536) йилни, яъни Мадраса бунёд этилган йилни англатади.
1976 йил 8 апрель ва 17 майда бўлиб ўтган қаттиқ зилзиладан сўнг Мадраса гумбазлари, пештоқи, ҳовли ичидаги пештоқ ҳам шикастланди. Шундан сўнг 1976-1977 йиллар давомида катта гумбазлар ва ички ҳовли пештоқлари қайтадан таъмирланди. Гумбазнинг ички ва ташқи қовурғали темир бетон конструкцияси мустаҳкам қилиб боғланди. Усталар – Илья Гонтар ва Бақо Султонов, меъмор-усталар Очил Бобомуродов, Аминжон Саломов, Мубин Мўминов ва Сайфулло Норовлар бу ишда фаоллик кўрсатдилар.
1997 йилда Бухоронинг 2500 йиллиги байрами арафасида Мир Араб мадрасасининг бош фасади, олдинги қисми уста Қурбон Абдуалиев томонидан таъмирланди. Ҳозирги кунда Мир Араб мадрасасида қадимий тарҳи, арабча ёзувлари ва сирли кошин гуллари ўрганилиб, қайтадан таъмирланмоқда.
Мир Араб мадрасаси кўрку салобатини кўз-кўз қилиб, чет мамлакатлардан ташриф буюрган сайёҳларни ўз бағрига чорламоқда. Бу ерда фаолият кўрсатаётган билим юрти орқали Мадинадаги Ислом университети, Қоҳирадаги ал-Азҳар университети, Тошкент Ислом университети ҳамда республикамизнинг бошқа олий ўқув юртлари билан илмий-амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Бухоронинг 2500 йиллиги муносабати билан Мадраса пештоғи ва гумбазларидаги тўкилиб кетган кошинкори нақшлар ва ёзувлар қайта тикланди.
Ўзбекистон миллий энциклопедияси, биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.