Тошкент ислом институтида Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамкорлигида ақоид илмига оид нашр этилган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимотда ТИИ ректори У.Ғафуров, Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири С.Примов, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Д.Мақсудов, марказ бўлим бошлиғи тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Абдуллатиф Аллокулов, ўқитувчилар ҳамда талабалар иштирок этдилар.
Тадбирни ректор У.Ғафуров кириш сўзи билан очиб берди. Шундан сўнг, Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси мудири С.Примов кафедра ва марказ ҳамкорлигида ақоид илмига оид нашр этилган 3 та китобнинг тақдимотини қилиб берди.
Биринчи китоб, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Соатмурод Примов Имом Мотрудий халқаро илмий тадқиқот маркази лойиҳаси доирасида “Жумал усул ад-дин” асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, нашрдан чиқарди.
Асар муаллифи Абу Салама Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳақида маълумотлар деярли сақланиб қолмаган.
Ушбу олим иёдийлар оиласи вакили Наср ибн Аҳмаддан сабоқ олгани қайд қилинади. Бу кунгача олимнинг “Жумал усул ад-дин” асари етиб келган.
“Жумал усул ад-дин” (Эътиқодий масалаларнинг умумий кисқача баёни)” асари қўлёзмалар орқали араб тилидаги матни ва унинг ўзбек тилидаги таржимаси амалга оширилди.
Китоб калом ва ақида илми билан шуғулланувчи мутахассисларга мўлжалланган.
Масъул муҳаррир: Абдуллатиф Аллокулов, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Тақризчилар: тарих фанлари номзоди, доцент Саидмухтор Оқилов, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов.
Иккинчи китоб, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Абдулқодир Абдурраҳим томонидан Имом Мотрудий халқаро илмий тадқиқот маркази лойиҳаси доирасида “Умдатул ақоид” асарини араб тилидан ўзбек тилига таржима қилиб, нашрдан чиқарди.
Асар муаллифи Абул Баракот Насафий (тав. 629/1232) ўз даврининг етук олими, ақида ҳамда калом илми пешқадами сифатида олимлар томонидан эътироф этилган.
Олим муфассирлар орасида “Мадорикут танзил” асари билан танилган бўлса, фақиҳлар эътирофига “Канзуд дақоиқ”, “Манор” китоблари билан, ақида ва калом илмида “Умдатул ақоид”, “Шарҳу Умдатил ақоид” асарлари билан шуҳрат қозонган.
Китоб калом ва ақида илми билан шуғулланувчи мутахассислар ва билимли ўқувчиларга мўлжалланган.
Масъул муҳаррир: Абдуллатиф Аллокулов,тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Тақризчилар: тарих фанлари номзоди, доцент Саидмухтор Оқилов, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов.
Учинчи китоб, “Китоб ас-савод ал-аъзам” матни Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Соатмурод Примов томонидан Имом Мотрудий халқаро илмий тадқиқот маркази лойиҳаси доирасида ўзбек тилида илк бор таржима қилиниб нашр қилинди.
Асар муаллифи Ҳаким Самарқандий (ваф. 342/953 й.) Мовароуннаҳрда фаолият олиб бориб, мотуридийлик таълимоти ривожида салмоқли ҳисса қўшган. У калом илмига оид “Китоб ас-савод ал-аъзам”, “ал-Эътиқод” номли асарлар муаллифидир.
Китобда асл матн билан унинг таржимаси биргаликда келтирилган. Китоб калом ва ақида илми билан шуғулланувчи мутахассислар ва билимли ўқувчиларга мўлжалланган.
Масъул муҳаррир: Абдуллатиф Аллокулов,тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Тақризчилар: тарих фанлари номзоди, доцент Саидмухтор Оқилов, тарих фанлари номзоди, доцент Шовосил Зиёдов.
Шундан сўнг, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Д.Мақсудов марказ томонидан нашр этилган китоблар тақдимотини ўтказди.
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан бугунги кунга қадар буюк мутафаккир аждодларимиз, хусусан, Имом Мотуридий ва мотуридийлик издошлари ҳаёти, илмий меросини ўрганишга, мўътадил ислом таълимотини кенг тарғиб қилишга бағишланган 30 дан ортиқ номдаги китоб нашр этилди.
ТИИ Матбуот хизмати