islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Бугунги кунда дунёда урушлар, террорчилик натижасида қанчадан-қанча бегуноҳ инсонлар ҳалок бўлмоқда. Юртимизда тинчлик ҳукм сурса ҳам тез-тез ёшлар  орасида бир-бирини пичоқлаб ёки дўппослаб ўлдириш ҳолатлари кўп учраяпти. Инсон ҳаётига дахл қилиш, уни яшаш ҳуқуқидан  маҳрум  қилиш оғир жиноят бўлишига қарамасдан нима учун бу жиноят  енгил саналиб, кўп учраётгани  катта муаммо ҳисобланади.

 Муқаддас  Ислом динимизда ҳам ноҳақдан одам ўлдириш гуноҳи  кабиралардандир.  Аллоҳ  яратган, ҳаёт берган бегуноҳ жонни яшашдан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг  ҳаққи йўқ. Қуръони  Карим Нисо  сураси 93-оятида  одам ўлдириш нақадар катта гуноҳ ва жазоси нақадар оғир  эканлиги  қуйидагича баён қилинган: “Ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннам бўлиб, ўша жойда  абадий қолажак. Ва у Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатига дучор бўлган, Аллоҳ  у учун  улуғ азобни тайёрлаб қўйгандир”.   Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам нинг ҳадисларидан бирида: “Осмонлару Ернинг аҳллари тўпланиб бир мусулмонни ўлдирсалар, Аллоҳ уларнинг ҳаммасини дўзахга солади”, дейилган.

 Шариатимизда одамлар орасида қатл жиноятлари кўпайишини олдини олиш ва инсон ҳаётини сақлаш мақсадида жиноятчига оғир жазолар белгиланган.  Жиноят содир бўлиб, биров  ўлдирилса ёки бировга тан жароҳати етказилиб, аъзоларидан бири ишдан чиқарилса, шариатимиз ҳукми бўйича жабрланувчи тарафга уч нарсадан бирини танлаб олиш  имкони берилади:

  1. Қасос олиш. Қасддан ўлдирилганда ўлган кишининг валийси қотилни ҳам қатл этишни талаб қилиш ҳаққига эга. Тан жароҳати олган жабрланувчи ҳам қасос олиш ҳаққига эга. Бунда жабрланувчига қандай зарар етказилган бўлса, жиноятчига ҳам худди  ўшандоқ  зарар етказиб қасос  олинади.
  2. Авф қилиш. Ўлдирилган шахснинг  валийси ёки тан жароҳати олган  киши қасос ҳам олмай, хун пули ҳам олмай, жиноятчини авф қилиб юбориши мумкин. Бунинг учун ажру-савоб ва Аллоҳнинг розилигига эришилади.
  3. Дия – хун пули олиш. Ўлдирилган шахснинг валийси ва тан жароҳати олган шахс шариатда кўрсатилган хунни олиши ҳам  мумкин.Дия тилладан минг динор, кумушдан ўн  минг дирҳам ва туядан 100 тадир. Бугунги кунда минг динор  4 кг тилланинг  қийматига, ўн минг дирҳам  34кг 800гр  кумуш қийматига тўғри келади.

Шариатимизда бу жазоларни жорий қилинишининг ҳам ҳикмати бор. Бу оғир жиноятга қўл урмоқчи бўлган одам уни кутаётган жазоларни  ўйлаб ҳам  бу ишидан қайтиши мумкин.

Ҳозирги кунда ёшлар  орасида қотиллик  жиноятларини  кўпайишига  жиноятчининг  қалбида  Аллоҳ таолодан қўрқув йўқлиги, дин  аҳкомларини билмаслик, тарбиясидаги  камчиликлар,  ота-онанинг  эътиборсизлигини асосий сабаб сифатида кўрсатиш мумкин. Буларни олдини олишда авволо ота-онанинг масъулияти катта. Ота-она фарзандини ёшлигидан Аллоҳни таниган , атрофидагиларга меҳр-шафқатли, инсонларни  қадрлайдиган қилиб ўстириши, доим эътиборда бўлиши, фарзандининг  атрофидаги дўстлари ҳақида билиши, бекор қолишига  йўл қўймаслиги, ёшлигидан илмга, меҳнатга ўргатиши керак бўлади.

 

Тошкент ислом институти 403-талабаси

Холхўжаева Наргиза

256270cookie-checkЖазоси оғир жиноят

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: