Муаллимнинг Роббиси билан муомаласи.
Қуръон Аллоҳ таолонинг улуғ каломидир. Шундай экан, муаллим ҳам, талаба ҳам юксак одоб ва мақталган хулқлардан бебаҳра қолмаслиги лозим. Қуйида ана шу жиҳатлар ҳақида сўз юритилади.
Муаллим аввало қалбини поклайди.
Намоз таҳоратсиз жоиз бўлмагани каби, илмнинг бир қалбдан иккинчисига ўтиши ҳам биринчи қалбнинг пок бўлишини тақозо этади. Яъни, қалбнинг ибодати бўлган илм ҳам таҳоратсиз жоиз бўлмайди. Аввало қалбни ёмон иллатлардан поклаш, ана шундан сўнг унинг ибодати – илмга киришиш лозим. Қалби пок инсоннинг илмида барака бўлади. Унумдор ер экинни сеҳосил қилгани каби.
عن النعمان بن بشير رضي الله عنهما قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول: أَلَا وَإِنَّ فِي الْجَسَدِ مُضْغَةً إِذَا صَلَحَتْ صَلَحَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، وَإِذَا فَسَدَتْ فَسَدَ الْجَسَدُ كُلُّهُ، أَلَا وَهِيَ الْقَلْبُ
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алауҳи васаллам айтдилар: “Oгоҳ бўлингки, инсон жасадида бир парча гўшт бор. Агар у ислоҳ бўлса, баданнинг ҳаммаси ислоҳ бўлади. Агар у ёмон бўлса, баданнинг ҳаммаси ёмон бўлади. У қалбдир!”. (Имом Бухорий, “Иймон” китоби, 52)
Демак, қалбни алдов, хусумат, ҳасад ва ёмон хулқлардан поклаш энг биринчи қилинадиган иш экан.
Келинг, ҳасад деган иллатни Қуръон ҳофизига нисбат бериб кўрайлик. Ярашмади, шундай эмасми?! Ҳа, у кимга ва нима учун ҳам ҳасад қилиши керак? Зеро, Аллоҳ таоло унга бойларнинг ҳашаматли уйларию қимматбаҳо уловларидан, қўйингки, бутун дунё зийнатларидан қимматроқ бўлган, икки дунёда нажот гарови бўлган (амал қилса, албатта – тарж.) Қуръони каримни неъмат қилиб берган!
Муаллим ихлосини комил қилади.
Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ (97-161-ҳижрий йилларда яшаб ўтган улуғ олим. Тарж.) айтадилар: “нафсим билан курашар эканман, ниятимни холис қилишдан кўра оғир ишга дуч келмадим”.
روى أبو داود بإسناد صحيح عن النبي عليه الصلاة والسلام أنه قال من تعلم علمًا مما يبتغى به وجه الله لا يتعلمه إلا ليصيب به عرضًا من الدنيا لم يجد عرف الجنة
“Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким фақатгина Аллоҳ учун ўрганиладиган илмлардан бир илмни дунё зийнатига эришиш учун ўрганса, Жаннат ҳидини ҳидламайди”. (Имом Абу Довуд, “Сунан”, 3666)
Илм мол-дунё касб қилиш, обрў орттириш, одамларнинг эътибор марказида бўлиш, мансабга эга чиқиш, мажлисларда гап бермаслик, илмсизларни камситиш, илмлилардан юқори туриш каби мақсадларда ўрганилмайди. Ана шуни ихлос дейилади. Яъни, ниятнинг холис бўлиши илмдаги асосий мезондир.
Бу бобда айтилган энг яхши сўз Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Имом Абу Юсуф Яъқуб ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳга тегишли: “Илмингиз билан фақат Аллоҳнинг розилигини хоҳланг! Чунки мен қачон бирор мажлисга борсам ва у ерда тавозеъ билан ўтиришни қасд қилган бўлсам, ўша ердагиларнинг энг олий мартабалиси бўлмасимдан у жойдан кетмадим. Аммо бирор мажлисда ҳозир бўлиб, у ердаги инсонлардан устун бўлишни қасд қилган бўлсам, у ердагиларнинг энг хорлангани бўлмасимдан у мажлисдан кетмадим”. (Ибн Жамоа Киноний, “Тазкиротус самиъ”, 72)
Муаллим риё ва ужубдан ўзини эҳтиёт қилади.
Муаллим билиши лозимки, инсонлар унга фойда ҳам бера олмайдилар, зиён ҳам. Инсонлар томонидан келган яхшилик ёки ёмонликнинг энг каттаси ҳам Аллоҳ тақдир қилган чегарадан нарига ўтмайди. Шундай экан, инсонларни рози қиламан, уларни риоясини қиламан, дейиш тўғри эмас. Бу иш билан фақатгина Аллоҳнинг ғазабига дучор бўлинади. Амаллар беҳуда кетади. Камига Аллоҳ таоло инсонларга унинг ким эканлигини, аслида қандай ниятда уларга муомалада бўлишини ошкор қилиб қўяди.
عن جندب بن عبدالله رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: من سمَّع سمَّع الله به، ومن يرائي يرائي الله به
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким амалини эшиттирса (хўжакўрсинга амал қилса), Аллоҳ унинг амалини (ёмон ниятини) (Қиёмат куни) ҳаммага эшиттиради. Ким амалини кўрсатса (риё қилса), Аллоҳ (Қиёмат куни) унинг ёмон ниятини ҳаммага эшиттиради”.
Ҳақиқат шуки, муаллимнинг илмию заковати, фаҳму фаросати, ўткир зеҳни Аллоҳ тарафидан берилган неъматлардир. Аллоҳнинг унга фазлидир. Бу неъматларни риоясини қилиш даркор. Зеро, берган Аллоҳ олишга ҳам қодир. Ҳатто бир лаҳзада бўлиши мумкин бу иш! Муаллим бирорта ишни “мен қойиллатдим”, “мен ўйлаб топдим”, “мен…”, демасин. Чунки у ўзидаги неъматларнинг эгаси эмас, бу неъматлар боқий ҳам эмас!
Давоми бор…