Парвоз қилиш инсониятнинг узоқ асрлик орзуси бўлиб келган. Тарих саҳифалари қанотли одамларнинг самода ғайриоддий ишларни амалга оширгани тўғрисидаги афсона ва эртакларга тўла. Юнон мифологиясида ҳам шундай воқеаларни учратиш мумкин. Жумладан, Икар номли афсонавий қаҳрамон отасининг маслаҳатига қарамай, қуёшга яқин учиб келгани, натижада унинг мумланган патлари эриб, ҳалокатга учраб денгизга ғарқ бўлгани ҳақида баъзи афсоналар сақланиб қолган.
Кейинчалик парвоз қилишга бўлган уринишлар амалда ҳам ўз исботини топди. Кўпчилик аеронавтика соҳасининг ривожланиш босқичи 19 асрга келиб ака-ука Райтлиларнинг дастлабки самолётни ихтиро қилганидан сўнг бошланган деб ҳисоблайди. Аммо европалик ихтирочилардан аввалроқ исломнинг олтин даврида сўлим Қуртуба шаҳрининг катта кашфиётчи олими яшаб ўтгани ҳақида ҳамма ҳам воқиф эмас. Мазкур олим нафақат илк учиш мосламаси, балки бошқа кўплаб механик-техник қурилмаларнинг ҳаётимизга кириб келишига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган.
Аббос ибн Фирнас Шарқ ренессанси дея ном олган Ислом дунёси буркираб ривожланаётган даврда 810 йил Андалусиянинг Ронда шаҳрида берберилар оиласида дунёга келди. Отасининг исми Афернас бўлиб, бугунги кунда Марокашда ҳам, Жазоирда ҳам кенг тарқалган исмлардан бири. У болалигиданоқ зеҳн заковати ва атроф-муҳитга бўлган қизиқиши билан ўз тенгқурларидан ажралиб турарди. Унинг илмга бўлган чанқоғи охир-оқибат ўша даврнинг маърифат ва аниқ фанлар ўчоғи бўлган Қуртубага етаклаб келди. Қуртубада у аста-секин шундай шуҳрат қозонганки, ҳатто Қуртуба халифалари Абдурраҳмон II ва Муҳаммад I нинг сарой олими ва шоири этиб тайинланди. Илм-фаннинг бир қанча йўналишлари бўйича унумли ва самарали фаолият олиб борган олим “андалусиялик ҳаким” унвонига сазовор бўлди. (www.info.islom.uz)
Ибн Фирнас турли хил йўналишларда изланиш ва тадқиқотлар олиб борган. Хусусан, у математик ҳисоботлар натижасида бир неча амалиётлар ўтказиб, метроном ва вақтни ҳисоблаш учун “Ал-Мақота” деб номланган сув соатини ишлаб чиққани билан машҳур. Бундан ташқари, Ибн Фирнас биринчилардан бўлиб қум ва тошлардан фойдаланган ҳолда биллур ихтиро қилган. У Патлиос конларидан сотиб олинган тошлардан фойдаланиб шиша ишлаб чиқарган. Кейинчалик ундан ичимлик стаканларини тайёрлашда қўлланилган. Бу албатта Ибн Фирнасдан тош кристалини кесишни талаб қиларди. Унинг улкан ҳиссаларидан яна бири ўша пайтда фақат Мисрда маълум бўлган тош кристалини кесиш усулини ихтиро қилгани эди. Бу эса ўз навбатида Испанияга ёрдам бериб, Миср ва бошқа жойлардан кесиш учун кварцларни олиб келишни тугатди.
Қолаверса, мазкур ойна устида илмий амалиётлар ўтказган Ибн Фирнас уни тиббиётда ҳам қўлланилишига замин яратди. Ибн Фирнас шишанинг катталаштирувчи хусусиятларини ўрганиб, кўришни тўғрилаш учун линзалар тайёрлаган. Узоқни ва яқинни яхши кўролмаслик дардига чалинган беморлар ойнадан фойдалангач, ҳаётлари анча енгиллашган.
Ибн Фирнаснинг ижоди бу билан чекланмади, балки унинг рангли шишадан фойдаланиб қурган планетарийси узоқ муддат одамлар учун кўнгилочар марказга айланган. Қуръони Каримдаги Аллоҳ яратган гўзаллик ва мўжизаларни кузатишга ҳамда уларга қойил қолишга ундайдиган оятлар унинг астрономияни ўрганишига сабаб бўлган эди:
“Қўлида мулк бўлган Зот улуғ, муқаддас бўлди. У барча нарсага қодирдир. У, ўлим ва ҳаётни сизларнинг қайсиларингиз амалда яхшироқ эканлигингизни синаш учун яратди. У азийз ва ўта мағфиратлидир. У етти осмонни табақама-табақа яратган. Роҳманнинг яратганида ҳеч тафовут кўрмассан. Қайта назар сол! Бирор камчилик кўряпсанми? Сўнг такрор-такрор назар сол, назар сенга истаганини топа олмай, ҳориб-чарчаган ҳолда қайтадир”. (Мулк сураси, 1-5 оят)
Маълумки, мусулмонлар ўзларининг хронологияларида ой тақвимидан фойдаланадилар, шунинг учун ҳам мусулмонлар Ислом пайдо бўлганидан бери юлдузлар осмонини ўрганишга қизиқиш билдиришди. Ибн Фирнас ҳам бу қизиқишдан четдан бўлмаган. Шу сабабли у астрономия фанининг ривожланишига катта ҳисса қўшган. Ибн Фирнаснинг астрономияга оид ихтиролардан бири ўша давр учун илғор саналган планетарий бўлган. IX аср учун бу ҳақиқатан ҳам энг янги ихтиро эди. Планетарийда қуёш тизимининг механизациялашган модели намойиш этилди. Унинг Бағдодда астрономия бўйича олган билимлари қуёш, ой, юлдузлар, сайёраларни кузатиш имкониятини берди. Унинг қизиқишлари шунчалик ортган эдики, ҳатто унинг уйида хона ажратилган бўлиб, одамлар чақмоқ, момақалдироқ, булутлар каби табиий ҳодисаларни ўрганиш ва кузатиш учун ташриф буюришлари мумкин эди. Одамлар унинг кашфиётларини кузатиб, Ибн Фирнаснинг нимадан илҳомланганини кўришарди.
Олимнинг илмий ихтиролари гултожи деб у ясаган учар ускунани айтсак бўлади. Аббос ибн Фирнас парвоз қилишга узоқ вақт тайёрланди. Ҳаммаси Қуръони каримнинг қуйидаги ояти ҳақида фикр юритиш билан бошланди:
“Улар устларида (қанотларини) ёйгувчи бўлган ва йиққан ҳолда (учиб юрган) қушларни кўрмайдиларми?! У (қушларни) Ёлғиз Раҳмонгина (самода) ушлаб турар! Албатта У барча нарсани Кўриб тургувчидир”. (Мулк сураси, 19-оят)
Учиш истаги Ибн Фирнасни тарк этмади. Кўп йиллар давомида у ҳавога кўтарилишига имкон берадиган мослама ясаш учун меҳнат қилган. У қушларнинг қанотларини ўрганиб чиқди, ҳисоб-китобларни амалга оширди ва охир-оқибат ўзининг учиш аппаратини ихтиро қилди. Аппаратнинг оғирлигини камайтириш учун у ёғоч рамка сифатида бамбук найчалардан фойдаланган. Улар ўша вақтнинг энг енгил ва пишиқ материали ипакдан қилинган мато билан қопланган. Ушбу дизайнда Ибн Фирнас бургут қанотларини ҳам ишлатган. Шунингдек, қанотларнинг ҳаракатини хотиржам бошқариш учун мосламани махсус жабдуқлар билан жиҳозлаган. Инсониятнинг азалий нияти бўлган учиш иштиёқини рўёбга чиқариш учун Ибн Фирнас 875 йилда катта оламон кўз ўнгида ўзининг учиш ускунасида осмонга кўтарилиб 10 дақиқа мобайнида учишнинг уддасидан чиқди.
Парвоз муваффақиятли бўлиши учун таналарнинг оғирлиги ва ҳаво қаршилиги каби муҳим элементларни ҳисобга олиш керак. Қурилмани ясашда олим фақат парвозга бутун эътиборини қаратгани учун ерга қандай қўнишни ўйламаган эди. Натижада, қўниш қийин кечиб, Ибн Фирнас жиддий жароҳатлар олган.
Шунга қарамай, унинг парвози одамнинг ҳавода бошқариладиган биринчи муваффақиятли парвози эди. Шу тариқа, у Да Винчини 600 йилга, немис инженери Отто Лилиентални эса 1000 йилга ортда қолдириб, инсоният тарихидаги биринчи учар аппаратни ихтиро қилишга муваффақ бўлди.
Тарихда Ибн Фирнасдан сўнг кўплаб инсонлар учиш аппаратини ясашга уриниб кўрган. Жумладан, 1630-1632 йилларда Усмонли турклардан бўлган Аҳмад Чалабий Босфорни кесиб ўтишга яна бир уриниш қилишидан асрлар ўтиб кетгач, 1783 йилда ака-ука Монголферлар Парижда ҳаво шарини ишга туширишди, аммо кутилган натижа Аббос Ибн Фирнаснинг 875 йилдаги биринчи уринишидан деярли 1000 йил ўтгач, 1853 йилга келиб Англиянинг Ёркшир шаҳрида Жорж Кейлининг биринчи замонавий планерни ясаши билан юз берди. Ушбу ютуқларнинг барчасида, шубҳасиз, Ибн Фирнаснинг хизматлари бор. Албатта, дунё ака-ука Уилбур ва Орвил Райтларни биринчи бўлиб самолёт ясаганини эслайди, аммо айнан Аббос ибн Фирнас бу ғояни қоғозга ёзиб, бошқаларни аеронавтика мавзусини ўрганишга илҳомлантирган.
Ибн Фирнаснинг кўплаб ихтиролари бўлишига қарамай, у бугунги кунда авиациядаги ҳиссаси билан танилган. Бир мамлакатдан иккинчисига учиш ҳатто ойни ўрганиш учун космосга ракета юбориш, юлдузлар ва бошқа сайёраларга чиқиш ҳозирги кунда оддий қабул қилинади. Бироқ, IX асрда, бу каби илмий фаолият инсондан бутунлай ташқарида деб ҳисобланган, афсона ва фантазиялар кўпроқ тарқалган бир пайтда Ибн Фирнас илмий уринишни амалга ошириб, осмонда сайр қилган биринчи олим бўлди.
Ҳозирги Қуртуба шаҳри
Бошқача қилиб айтганда, қушлар сингари учиш ҳаракатида кашшоф шахсга айланди. Унинг ихтироси италян рассоми Леонардо Да Винчи (мил. 1452–1519), турк муҳандиси ва ихтирочиси Хазарфен Аҳмад Чалабий (мил. 1609–1640), инглиз олими ва “Санъат ва табиатнинг ажойиб кучлари тўғрисида” (мил. 1260) асарининг муаллифи Рожер Бекон (мил. 1214–1292) каби олимларнинг авиация соҳасидаги ихтироларига кенг йўл очиб берди.
Афсуски, Ибн Фирнас таниқли олим ва шоир бўлишига қарамай, бир нечта мисраларидан ташқари бирорта асари сақланиб қолмаган. Замонавий тарихчилар унинг ҳаётини кейинги манбалар ва маълумотлар асосида қайта тикладилар. Таниқли марокашлик тарихчи Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Маққарий (мил. 1578–1632) нинг таъкидлашича, Абул Қосим Аббос ибн Фирнас 76 ёшда Қуртубада вафот этган.
Манбалар асосида
Тошкент ислом институти ходимаси
Мунаввар Ниёзалиева тайёрлади