Вақтни ғанимат билиш.
Нафақат муаллимлар, балки ҳамма инсонлар вақтнинг қадрига етмоғи лозим. Зеро, бизга берилган неъматлар ичида энг улуғи айнан вақтдир. (шу ўринда бир шахсий мулоҳазага ижозат бергайсиз, азиз ўқувчи. Устозлардан вақт ҳақида эшитганимиз энг таъсирли сўзни сиз азизларга айтмоқчиман. “Инсоннинг обрўсини ортиши ёки тушиши унинг вақтга нечоғлик амал қилишига боғлиқ. Масалан, бир инсон билан маълум жойда, маълум вақтда учрашишга келишдингиз. Сиз ҳамма ишларингизни шу вақтга қараб режалаштирасиз. Чунки иккинчи тараф вақтида келишига ишонасиз. Аммо… У инсон кеч қолади ёки умуман келмайди. Қандай ҳолатга тушасиз? Биринчи навбатда режаларингиз бузилганига ачинасиз ва албатта, учрашишга келишган танишингизга нисбатан ҳурматингиз бир қадар пасаяди. Ишнинг сўнгида ҳамма, хоҳ маънавий, хоҳ моддий бўлсин, зиён кўради”. Тарж.)
Муаллим ўзининг бебаҳо вақтини илм ёки таълимдан чалғитадиган ишларга сарфламайди. Фақат кундалик заруратлар (овқатланиш, ухлаш, оилага вақт ажратиш каби) бундан мустасно.
Илмни доимий такрорлаб туриш.
Oхирги, балки энг муҳим вазифалардан бири – муаллим ўз илмини мудом такрорлаб туришидир. Муаллим Қуръони карим билан доимий ҳамнафас бўлиши лозим. Каломуллоҳни унутишдан сақланиши, балки қўрқиши керак. Чунки баъзи уламолар Қуръони каримни унутишни гуноҳларнинг энг буюги, дейишган.
Абул Oлия роҳимаҳуллоҳ (ҳижрий 90-йилларда вафот этган басралик улуғ тобеий – тарж.) айтадилар: “Биз (тобеийлар) Қуръонни ўрганиб, сўнг унутиб юборишни энг катта гуноҳ деб билар эдик”. (Имом Аҳмад, “Зуҳд” китоби, 9/86)
Муҳаммад ибн Сийрийн роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Улуғларимиз Қуръонни унутган инсонга қаттиқ ваиъдлар борлигини айтишар эди”. (Ибн Ҳажар, “Фатҳул Борий”, 9/86)
Толқ ибн Ҳабиб ал Аназий роҳимаҳуллоҳ (ҳижрий 100-йилда вафот этган басралик тобеий, муҳаддис, улуғ олим – тарж.) айтадилар: “Ким Қуръонни ўргансаю, сўнг бирор узрсиз унутадиган бўлса, унутган ҳар бир ояти баробарида унинг Аллоҳ ҳузуридаги даражаси тушиб боради. Қиёмат куни хусуматчи бўлган ҳолида тирилади”. (Ибн Абий Шайба, “Мусоннаф”)
Юқоридаги хабарларда Қуръонни унутишдан огоҳлантириш, мудом такрор қилишга ундаш бор. Бу бобда айтилган энг буюк сўз қуйидаги ҳадиси шарифда кўринади:
عن أبي موسى الأشعري -رضي الله عنه- عن النبي -صلى الله عليه وسلم- قال: «تعاهدوا هَذَا القُرْآنَ، فَوَالَّذِي نَفْسُ مُحَمَّدٍ بِيَدِهِ لَهُوَ أشَدُّ تَفَلُّتاً مِنَ الإبلِ فِي عُقُلِهَا
Абу Мусо ал Ашъарий розияллоҳу анҳу (исмлари: Абдуллоҳ ибн Қайс. Ҳижрий 62- (ёки 63) йилда вафот этган. Улуғ саҳобий. – тарж.) ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қуръон билан ҳамнафас бўлинглар! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, Қуръон боғлаб қўйилган туядан ҳам кўра қочувчироқдир” (яъни, туяга беэътибор бўлинса қочиб кетганидек, Қуръонга ҳам эътиборсизлик қилинса, инсоннинг қалбидан ва зеҳнидан чиқиб кетади. – тарж.), дедилар”. (Имом Бухорий (5033) ва Имом Муслим (791) ривоят қилишган)
Яна бир муҳим жиҳат шуки, Қуръони карим муаллими бўлган инсон фақатгина Қуръон ҳифзи ёки тажвиди билан чекланиб қолмасдан, балки, диннинг устуни бўлган илмлар : наҳв, ақийда, ҳадис, фиқҳ ва тафсир каби фанлардан ҳам етарли даражада хабардор бўлиши лозим.