Инсонларни ҳамиша азиз ва мукаррам қилган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар, шариатни мукаммал тарзда етказиб берган ҳабибимиз Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)га солату саломлар бўлсин.
Ислом динида оила масаласига жиддий эътибор қаратилади, унинг мустаҳкамлиги, эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат давомийлигини таъминлаш учун динимиз ўзига хос қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйган. Оилавий ҳаётнинг асосий ташкилотчилари ва аъзолари бўлмиш эр ва хотиннинг ҳар бирига ўзига хос бурч ва вазифаларни юклаган, бир-бирларига нисбатан ҳақ ва ҳуқуқларни белгилаб берган.
Қуръони карим оятлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳар икки томоннинг ҳуқуқ ва бурчлари атрофлича ёритилган. Мужтаҳид уламоларимиз мазкур оят ва ҳадислардан кўплаб ҳукмларни чиқарганлар.
Мавзуимиз эркак кишининг бурч ва вазифаларига тегишли бўлганлиги сабабидан «хотиннинг эр зиммасидаги ҳаққлари» борасида маълумот берамиз.
Аёл кишининг эри зиммасидаги ҳақлари икки қисмга бўлинади:
- Маънавий
- Молиявий
Эркак киши оиланинг бошлиғи бўлиб, у оиланинг ҳар томонлама эҳтиёжларини қондира олиши, етарлича парвариш қила олиши лозимдир. Аёл киши ҳамиша ожиза ва ҳиссиёт билан иш кўрувчи қийшиқ қовурғадан яратилган инсондир. Уни тоғирлаш эса эркак кишининг вазифаси ҳисобланади. Шу сабабдан аёл киши агар хато қиладиган бўлса, эркак уни чиройли ҳолатда тузатишга ҳаракт қилиши ва унга ҳамиша маънавий қувват бериб тура олиши лозим бўлади.
1.Хотиннинг эр зиммасидаги ҳақларидан биринчиси эр томонидан унга яхши ва адолатли муомала қилинишидир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда:
«وَعَاشِرُوهُنَّ بِالْمَعْرُوفِ»
«Аёллар билан яхшилик билан умргузаронлик қилинглар!», дея амр этган (Нисо сураси: 19-оят).
Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам) :
َخِيَارُكُمْ خِيَارُكُمْ لِنِسَائِهِمْ
«Сизларнинг энг яхшиларингиз ўз аёлларига яхшиларингиздир» дея марҳамат қилганлар.
2. Эр хотиннинг озорини кўтариши, у ғазабланганида ва жаҳли чиққанида мулойим бўлиши, унинг хатоларини кечириши керак.
Бундай қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига амал қилишдир. Имом Муслим ривоят қилишларича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: «Расуллулоҳдан бошқа оиласига меҳрибонроқ бирор кишини кўрмадим».
3.Эркак аёлини қизғаниши, унинг ор-номусини, иффатини сақлаши керак. Хотинини ҳаромдан ҳимоя қилиш ва аёлини гумонда қолдирадиган ишлардан йироқ бўлиши эрга вожибдир
Имом Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ эрни оиласини хиёнатда гумон қилиб кечқурун келишдан қайтарганлар».
4.Эр хотинини яхши кўрса ҳам ёмон кўрса, зулм қилмаслиги керак.
Албатта мусулмон инсон бошқа бир мусулмонга озор бериши ёки зулм қилиши ислом шариатида гуноҳ саналиб, ҳамиша қораланган. Молиявий бурчларига келсак, улар қуйидагилар:
- Маҳр ҳаққи- Никоҳ билан эркак кишининг бўйнига тушувчи вожиб ҳақлардан ҳисобланиб, Бу аёлни икром қилиш, унга яхшилик қилишжиҳатидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда эрларни аёлларининг мазкур ҳақларига риоя қилишга чақириб:
«وَآتُواْ النَّسَاء صَدُقَاتِهِنَّ نِحْلَةً »
«хотинларига маҳрларини ҳадя каби (яъни чин кўнгилдан) берингиз. (Нисо сураси: 4 -оят)
2.Эр хотинининг озиқ-овқат ва кийим-бош каби эҳтиёжларини исроф этмай, етарли таъминлаши керак.
Эр оиласига сарфлаган харжлари учун ажр ва савобга эришади. Имом Бухорий ва Муслим «Саҳиҳ»ларида шундай келган:
«Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом дедилар:
إِنَّكَ لَنْ تُنْفِقَ نَفَقَةً تَبْتَغِي بِهَا وَجْهَ اللَّهِ إِلَّا أُجِرْتَ عَلَيْهَا حَتَّى مَا تَجْعَلُ فِي فَمِ امْرَأَتِكَ« متفق عليه
Сен Аллоҳ таоло розилигини истаб қилган ҳар қандай харжинг учун ажр оласан. Ҳатто хотининг оғзига солган таоминг учун ҳам сенга ажр бор». Шунингдек, бу масалада яъни нафақа масаласида эр ўзининг иқтисодий ҳолидан келиб чиқиб иш кўради. Хотиннинг битмас-туганмас талаб ва хоҳишлари учун ўзини ўтга чўққа уриб, ношаръий ва ноқонуний йўллар билан пул топишга киришмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
لِيُنفِقْ ذُو سَعَةٍ مِّن سَعَتِهِ وَمَن قُدِرَ عَلَيْهِ رِزْقُهُ فَلْيُنفِقْ مِمَّا آتَاهُ اللَّهُ لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْساً إِلَّا مَا آتَاهَا سَيَجْعَلُ اللَّهُ بَعْدَ عُسْرٍ يُسْراً
«Бой-бадавлат киши ўз бойлигидан (яъни ўз бойлигига ярашадиган тарзда) нафақа берсин. Кимнинг ризқи танг қилинган (камбағал) бўлса, у ҳолда Аллоҳ ўзига ато этган нарсадан (ўз ҳолига яраша) нафақа берсин. Аллоҳ ҳеч бир жонга Ўзи унга ато этган нарсадан бошқа нарсани юкламас. Аллоҳ танглик-камбағалликдан сўнг енгиллик-бойликни ҳам пайдо қилур» (Талоқ сураси: 7-оят).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом дини оилани ҳамиша муқаддас сановчи ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи шаръий ҳуқуқлар асоси ҳисобланади. Бу бурч ва мажбуриятларга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун вожиб саналади. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг буйруқларига амал қилувчи бандаларидан бўлиши насиб қилсин.
Тошкент ислом институти
403-гуруҳ талабаси Орифжонова Моҳира