Ушбу бобни таяммум боби билан ўзаро муносабати: таяммум бутун(қисм)дан ўринбосар. Масҳ эса, зоҳирий баъз(қисм)дан ўринбосардир. Шу сабабдан таяммум олдин келтирилган. “Табйиин[1]” шундай дейилган.
“المسح -масҳ” сўзи луғатда қўлни бирор нарсанинг устидан силаб ўтказишга айтилади.
“مسح الخفين – масҳул хуффайн” деб шаръий истелоҳда, таҳоратли ҳолатда сув билан ҳўлланган қўлни икки оёқни ювишдан ўринбосар бўлиб кийилган махсус оёқ кийимнинг махсус жойидан махсус вақт (ичи)да силаб ўтказишга айтилади.
Абу Ҳанифа[2] раҳматуллоҳу алайҳ айтадилар: “Мен қуёшдан ҳам кўра ёруғроқ асарлар келмагунча махсига масҳ тортишни билмас эдим”. У кишидан аввал буни ривоят қилинмагани қиёс юзасидан бўлган. Зеро, қиёсга кўра махсига масҳ тортиш жоиз эмас. Ҳудди бош кийим ва саллага масҳ тортиш жоиз бўлмаганидек. Лекин махсига масҳ тортиш тўғрисида асарлар келганидан кейин қиёс тарк қилинади. “Шарҳут Таҳовий[3]” да шундай дейилган.
Муҳаммад ибн Салама[4] айтадилар: “Махсига масҳ тортиш борасида ҳеч қандай ихтилоф йўқ”. Баъзилар: Шиъалар буни жоиз деб билмайди, дейишган.
Агар таҳоратда учта аъзони ювиш фарз қилиниб, бошни ювиш фарз қилинмасдан масҳ тортиш фарз қилинишида ҳикмат нима, деб сўралса, жавоб бериб айтамиз: буни беҳисоб ҳикмат ва манфаатлари бор. Улардан бири, охиратдаги азоб Қуръон нутқига кўра мана шу аъзоларга бўлади. Юз тўғрисида шундай дейилган: [5] يَوْمَ تَبْيَضُّ وُجُوهٌ وَتَسْوَدُّ وُجُوهٌ – “Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган…”
Қўл тўғрисида шундай дейилган: [6]وَأَمَّا مَنْ أُوتِيَ كِتَابَهُ بِشِمَالِهِ – “Энди, китоби чап томонидан берилган кимса …”
Бош ва оёқ тўғрисида шундай дейилган: فَيُؤْخَذُ بِالنَّوَاصِي وَالْأَقْدَام[7] – “(Балки) жиноятчи (осий) кимсалар ўз белгиларидан танилиб, пешона сочи ва оёқларидан тутилурлар”.
Ушбу аъзоларни оятларда келтирилган уқубатлардан таҳоратнинг барокати туфайли халос қилиш умидида поклаш ҳукми белгиланди.
Ювиладиган уч аъзони гуноҳи каттароқ ва гуноҳларга бевосита дахли борлиги учун, уларни ювиш белгиланган. Бош эса, бундай ўринда бўлмагани учун масҳ билан кифояланган.
Яна бир ҳикмати, Одам яратилиб жаннатга киритилганда, у ва аёли дарахтга яқин келишдан қайтарилди. Шунда шайтон уларни васаваса қилганда улар дарахтга яқинлашиб ҳатто ундан танаввул қилишди. Бу ишда ана шу аъзолар осийлик қилдилар: икки оёқдан юриш, икки қўлдан олиш ва юздан унга юзланиш содир бўлди. Сўнг Одам алайҳис салом бундан надомат чекиб, қўлини бошига қўйди. Бас, ушбу аъзоларни қилинган гуноҳ киридан поклаш юзасидан ювиш ҳукми белгиланди. Бошнинг гуноҳи камроқ бўлгани учун масҳ қилиш белгиланди.
Агар оғиздан ҳам чайнаш ва ютиш гуноҳи ҳосил бўлган-ку, бундан мазмаза ҳам фарз бўлиши керак, дейилса жавоб бериб айтамиз: гуноҳ ундан олдинроқ ана шу аъзоларни воситасида содир бўлиб бўлган. Шу сабабли гуноҳ улар тамонидан содир бўлган деб ҳисобланади. Бу бир киши ҳаром касб қилиб, уни меросхўрларига қолдирган ва меросхўрлари уни еган ҳолатга ўхшайди.
Ёки бошқача қилиб айтганда, оятнинг зоҳирида дарахтга яқинлашишдан қайтарилган, яқинлашиш эса, оғиздан содир бўлмаган.
“الاستنجاء – истинжо” лафзи “النجو – нажв” нажосат, ахлат сўзидан олинган. Демак, истинжо луғатда ахлат кетазиш маъносида бўлади. “Мужмалул луғат”[8] китобида: “Нажв- қориндан чиққан нарса”, дейилган.
Унинг яна бир луғавий маъноси, “النجوة – нажватун” ердан кўтарилган жой бўлиб, ҳожат чиқариш учун тепалик жойга боришдир. Зеро, араблар илгари ҳожат чиқармоқчи бўлсалар, кўздан нари бўлиш учун тепаликлар ортига боришган. Ушбу лафзни таҳоратни синдиришдан киноя қилганлар.
Истинжо ахлат ва унинг асаридан фориғ бўлишни талаб қилишдир. “استنجى – истанжа” деб феъл қилиб ўқилганда, “нажосат ўрнини артиш ёки уни ювиш” тушунилади.
Фуқаҳолар истилоҳида, нажосатни сув ва унга ўхшаш нарса ила кетказиш ёки тошга ўхшаш нарса ила артишга “истинжо” дейилади.
“الاستنزاه – истинзоҳ” луғатда сийдикдан сақланишдир. Истинзоҳ “التنزه – ат-таназзуҳ”нинг “استفعال – истифъал” вазни бўлиб, аслида “бир-биридан узоқ бўлиш” маъносини билдиради. “الًنُزهة” исмдир. Масалан бир киши ўзини нажосатдан узоқ тутса “فلان يتنزه من الاقذار – Фулан ятаназзаҳу минал ақзар” дейилади.
Қабрда азоб тортаётган киши тўғрисида келган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “[9]كان لا يستنزه من البول” яъни “…сийдигидан сақланмас эди”, деганлар.
Фуқаҳолар “Истинзоҳ” ва “таназзуҳ” ҳақида сўз юритганларида сийдик ва катта ҳожатни тегиб кетишидан сақланиш ва эҳтиёт бўлишни назарда тутадилар.
“الخلاء – холаау” бўлиб, (мамдуд) чўзилган алиф билан ўқилса, бўшанадиган, ҳожат чиқарадиган жой (ҳожатхона) деган маънони англатади. Аслида “الخلوة -хилватун” холи қолиш сўзидан олинган. Чунки ҳожат чиқармоқчи бўлган одам ёлғиз ўзи қолишга ҳаракат қилади. Яна шу билан бирга у ерда хеч нарса бўлмаган жойни ҳам билдиради.
Ушбу лафз “الخلى – хола” бўлиб (мақсур) қисқа алиф ҳолда ўқилса, ҳўл (қуримаган) ўт маъносида бўлади. Унинг бирлиги “خلاة -холаатун”дир.
[1] “Табйиинул ҳақоиқ фи шарҳи канзуд дақоиқ” Муаллифи: Усмон ибн Али ибн Меҳжан Фахруддин аз-Зайлаъий. (0000-1343 м. 000-743 ҳ.) Ҳабаша соҳили бўйидаги Зайлаъ шаҳрига нисбатан Зайлаъий дейилган. Ҳанафий фиқҳи уламоларидан. Ҳижрий 705 йили Қоҳирага келиб, илм олганлар ва шу жойда вафот этганлар. Фиқҳ, фароиз, наҳв илмлари борасида машҳур бўлганлар.
[2] Нўъмон ибн Собит ибн Зутий. (80-150 ҳ.) Ҳанафий мазҳаби асосчиси. Машҳур эканликларидан танитишга ҳожат йўқ.
[3] Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Сулама Абу Жаъфар ат-Таҳовий ал-Аздий. (852-933 м. 238-321 ҳ). Мисрнинг юқори томонидаги Тоҳо қишлоғига нисбат берилган. Аввал тоғалари Имом Шофеъий р.а.нинг шогирдлари ал-Музанийда таҳсил олган. Сўнг Ҳанафий фиқҳини чуқур ўрганиб, ҳанафийлик фиқҳи борасида буюк имом бўлганлар. Ҳадис, тафсир ва ақидага доир кўплаб асарлар муаллифи. Ўзлариниг “Ал-Ақида ат-Таҳовия” асари билан танилган. Бундан ташқари “Аҳкамул Қуръон”, “Шарҳу маъонил асор”, “Ихтилофул фуқаҳо” в.ҳ. каби асарлар ёзган. Мисрда вафот этган.
[4] Муҳаммад ибн Салама Абу Абдуллоҳ ал-Фақиҳ ал-Балхий. (192-278 ҳ.). Фиқҳни Шаддод ибн Ҳакимдан сўнг Абу Сулаймон ал-Жузжонийдан ўрганган. Ал-Жузжоний имом ат-Таҳовийнинг катта устозларидан бўлади.
[5] Оли Имрон сураси 106-оят. Оятнинг тўлиқ кўриниши: “Баъзи юзлар оқарадиган ва баъзи юзлар қораядиган кунни (қиёматни) эсланг: юзи қорайганларга ( ҳужжат исботи учун шундай дейилур): “Имон келтиргандан кейин яна куфрга қайтган эдингизми? Куфрингиз туфайли мана шу азобларни тотиб кўринг, энди!”
[6] Ал-Ҳаққо сураси 25-оят. Оятнинг тўлиқ кўриниши: Энди, китоби чап томонидан берилган кимса эса дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса”.
[7] Роҳман сураси 41-оят. Оятнинг тўлиқ кўриниши: (Балки) жиноятчи (осий) кимсалар ўз белгиларидан танилиб, пешона сочи ва оёқларидан тутилурлар (ва жаҳаннамга ташланурлар)..
[8] Ушбу китоб ўз бобида ўта аҳамиятли бўлиб, муаллиф унда араб сўзларидан энг тўғри ва очиқ-ойдин бўлганларини олган. Ва қисқа йўлни афзал кўрганлар. Муаллифи: Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Форис ал-Қазвиний ал-Луғавий. (000-395 ҳ). Илмнинг турли йўналишларида пешқадам бўлганлар, хусусан луғат борасида ниҳоятда пухта бўлганлар. “Ихтилофун нуҳат”, “Ахлоқун набий с.а.в.”, “Жомеъут тавил фи тафсирит танзил” каби асарлар муаллифидир.
[9] Имом Бухорий ривояти.
ТИИ Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси
катта ўқитувчиси Фарҳод домла Жўраев