Никоҳ луғатда “Қўшилиш”, “Яқинлик” маъноларини англатади. Шариатда эса, никоҳ, “Эр кишининг никоҳида шаръан монеълик бўлмаган аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир”. Ушбу таърифдаги “Никоҳида шаръан монеълик бўлмаган деганидан шариат никоҳини ҳаром килган аёлни никоҳлаб бўлмаслиги чиқади. Юқоридаги таъриф Ҳанафий мазҳаби таърифидир. Шариат никоҳини ҳаром килган аёллар: бутпараст аёл, маҳрам-яқин қариндош аёллардир. Энди мавзуга Қуръони Каримдан бир қанча далиллар келтирамиз.
Нисо сурасининг 3-оятида:
“Бас ўзингиз ҳуш кўрган аёллардан икки, уч, тўртини никоҳлаб олинг. Агар адолат қила олмасликдан қўрқсангиз, биттани” деган.
Аллоҳ ушбу оятда мўъмин бандаларга пок йўл билан никоҳда бўлишни амр этмақда. Ушбу оят никоҳга бўлган кучли тарғибдир.
“Ўзингиздан оиласизларни, қўл ва чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг, агар фақир бўлсалар Аллоҳ ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ кенг ва билимдон зотдир”. (Шўро сўраси 32-оят).
Ушбу ояти каримадаги хитоб ота-она, хожа ва мусулмон ишбошиларга қаратилган.
Демак, мусулмон киши фақат ўзи никоҳда бўлибгина қолмай, бошқа ўз қўл остидагилар никоҳига ҳам масъул экан. Никоҳ нозик масала бўлгани учун Ушбу оятда фақирлик, камбағаллик никоҳдан қочишга сабаб бўлмаслигига алоҳида ишора келмоқда.
Ва батахқиқ: “Сендан олдин ҳам расуллар юборганмиз ва уларга жуфту ҳалоллар, зурриётлар берганмиз” деган. (Раъд сураси 38 оят)
Пайғамбаримизга хитоб қилинаётган ушбу оятда Аллоҳ оилали бўлиш уйланиш ва зурриётли бўлиш барча Пайғамбар (а.с)нинг суннатлари эканлигини баён этмокда. Бу оятда ҳам никоҳга қаттиқ тарғиб борлиги кўриниб турибди.
Энди ҳадиси шарифларни келтирамиз.
Термизий (р.а) ривоятида Набий (с.а.в): “Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: “ Ҳаё, хушбуй сепмоқлик, мисвок ва никоҳ” дедилар. Ушбу тўрт нарса Одам а.с.дан тортиб, Муҳаммад а.с. гача бўлган барча пайғамбарларнинг суннатидир.
Набий (с.а.в): “Менга, дунёда аёллар, хушбуй нарсалар маҳбуб қилинди. Кўзимнинг қорачиғи намозда қилинди”, дедилар.
Расулуллоҳ а.с.нинг “Эй, ёшлар жамоаси сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидур. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир” деганларини эшитдим.
Энди шу ўринда мўътабар китобларда келтирилган, оила қуришга имконияти йўқлар учун, рўзадан бошқа йўлларини ҳам келтириб ўтамиз. Булар: кўзни бегона аёллардан сақлаш, Қуръон ўқиш, бузук киноларни кўрмаслик ва жинслар ҳақидаги китобларни ўқимаслик, каби ишлар. Расулуллоҳ (с.а.в) бошқа бир ҳадиси шарифларида:“Никоҳ менинг суннатимдир. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас”,дедилар. Расулуллоҳснинг (с.а.в) ушбу сўзлари имкони бўла туриб оила қурмаслик, никоҳланмаслик мусулмон кишининг иши эмаслигини англатмокда.
Тиббиёт ходимларини айтишича “Вақти келганда уйланмаслик инсон соғлигига катта зарардур”.
Ҳазрати Умар р.а. “Уч кундан кейин ўлишимни билсам ҳам бўйдоқ ўтишдан уйланмоқни афзал кўраман”, деганлар.
Никоҳ, оила масалалари ҳақида Бош Қомусимизнинг 63-76,-моддаларида шундай дейилган: “Оила, жамиятнинг асосий бўғинидир, ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”.
3-Моддада: “Оналик ва Болалик давлат томонидан муҳофаза қилинади”.
1998-йил 1-сентябрдан амалга кирган 8 бўлим, 30 боб, 238 моддадан иборат бўлган “Оила кодексининг 43(13-56) моддаси “Никоҳ” масаласига ажратилгани ҳам Никоҳга қонунчилигимизда катта эътибор қаратилганини билдиради.
Бугунги ҳолатда йилига юртимизда 170 минг никоҳ қайд этилмоқда. Мана, биз Исломда никоҳга тарғиб қилувчи баъзи далилларни ҳар томонлама ўрганиб чиқдик.
Энди бошқа динлардан баъзиларидаги Никоҳга бўлган салбий муносабатлар ва унинг оқибатларини ўрганиб чиқамиз. Масиҳий динида уйланмай, никоҳда бўлмай юриш афзал ҳисобланади. Шунинг учун Масиҳийлик авжига чиққан даврларда Масиҳий ўлкаларида аҳоли сони қисқариб кетган.Ҳамма динини қаттиқ тутишга ҳаракат қилиши оқибатида оила қуришдан бош торта бошлади. Лекин бу иш узоққа бормади. Кишилар Масиҳий дини ва канисага қарши бош кўтарди. Дин фақат канисада бўлиши керак, деган даъвони билдирди. Канисадан ўч олишга харакат қилиб, қасддан унинг тескарисини қила бошладилар. Жинсий ҳаётда тазйиққа учраганлари учун жинсий ҳурриятга даъват бошланди. Ҳамма зинони фахр деб биладиган даражага етди. Оила, Никоҳ қолоқлик, эскилик сарқити деб билина бошланди. Кишилар бошига мусибатлар ёгилди. Касалликлар тарқалди, оила низоми бузилди. Мусулмонлар булардан ибрат олиши керак.
Никоҳ маданият, аслзодалик, тараққиёт ва илғорлик белгисидир. Никоҳ туфайли кишилар ўз шарафларини, обрўларини сақлаб, обрў, мартаба топадилар. Инсон ўз насл насабини поклигини сақлайди. Никоҳ туфайли оила қурилади, оила эса жамиятнинг бош бўлагидир. Никоҳнинг бундан бошқа ҳам кўплаб фойдалари бор.
Имом Шофиий (р.а) дан бошқа ҳамма уламоларимиз никоҳни ибодат деганлар. Зино хавфи бор вақтдаги никоҳ ҳаждан олдинги ўринга қўйилган. Расулуллоҳ (с.а.в) “Ҳар бирингизнинг жинсий хожатида ҳам ажр бор”, деганлар.
Уламоларимиз кишиларнинг холатига қараб никоҳда бўлишларини хукмини 6 та деб иттифоқ бўлганлар.
1-Уйланиш фарз – маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, фақат уйланиш билан зинодан сақлана оладиган кишиларга.
2- Уйланиш вожиб-маҳр ва аёл нафақасига етарли моли бор, уйланмаса зинога кетиш хавфи бўлган кишиларга.
3-Уйланиш суннати муаккада – маҳрга ва аёл нафақасига етарли моли бор, жинсий муносабатга лаёқатли кишиларга. Ҳанафийлар буни вожибга яқин дейишган.
4-Уйланиш ҳаром – маҳр ва аёл нафақасига қодир бўлмаган, аёлга зулм қилиши аниқ бўлган, жинсий лаёқати йўқлиги аниқ кишиларга.
5-Уйланиш макруҳ. Маҳр ва нафақадан, зулмдан ё жинсий ожизликдан хавф қилган кишиларга.
6-Уйланиш мубоҳ-Уйланишга рағбат қилдирувчи нарсалар ҳам, ундан ман қилувчи нарсалар ҳам бўлмаган холда никоҳ мубоҳ бўлади.
Ушбу нарсалардан кейин биз никоҳ – оила қуриш динимиз тарғиб қилган ибодат эканини билиб олдик.
Энди никоҳнинг рукн ва шартлари ҳақида сўз юритамиз. Никоҳнинг рукни ҳақида ҳамма мазҳаблар бир овоздан ийжоб ва қабулни биринчи ўринга қўйганлар. “Ийжоб” никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўлса, “Қабул” иккинчи ўринда содир бўладигандир. Мисол учун бир эркак аёл кишига, менга хотин бўлишга розимисан, деса “ийжоб” бўлади. Аёл унга розиман, деб жавоб берса “қабул” бўлади. Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам “ийжоб- қабул” бўлиши мумкин. Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланали.
Набий (с.а.в)“Жувон аёлдан маслаҳат сўрамай туриб никоҳланмас. Қиз боладан изн олинмай туриб никоҳланмас” дедилар. Эй Аллоҳнинг Расули, изн қандай бўлур дейишди. “Сукут сақламоғи дедилар”. Бошқа ривоятда: “Жувон хотин ўз нафсига валийсидан кўра ҳақлироқ. Қиз боладан эса, изн сўралур. Унинг изни сукутдир” дейилган.
Ханса бинти Хизом ал Ансорияни жувон ҳолида отаси сўрамай эрга берди. Бу унга ёқмай Расулуллоҳ (с.а.в) нинг ҳузурларига келди. Бас у зот унинг никоҳини рад этдилар. Изн сўралмай никоҳланган чоғда иш аёлнинг розилигига боғлиқ бўлиб қолади, у розиман” деса никоҳ бўлади. Юқоридан маълум бўлдики, бундай иш қозига арз қилинса, қози бу никоҳни бузиш ҳақида ҳукм чиқаради. Худди шундай Расулуллоҳ (с.а.в)нинг изн сўралмай никоҳланган бокира қизни никоҳини шу қиз ихтиёрига қўйганлари ҳам бошқа ҳадисда келтирилган .
Конститутсиямизнинг 63-моддасида “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлигига асосланади” дейилган. Оила кодексининг; 14-моддасида шундай дейилган. “Никоҳ тузиш ихтиёрийдир. Никоҳ тузиш учун бўлажак эр хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш таъқиқланади”. “Жиноят кодекси 136-моддасида аёлни эрга ёки никоҳда яшашга мажбур қилишнинг энг кам ойлик иш ҳаққининг 2 баробаригача жарима, ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, ёхуд 6 ойгача қамоқ билан ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган”.
Бошқа мазҳабларда эса ийжоб ва қабулга қуйидаги нарсалар ҳам қўшилади,
1-Хотин. 2-Эр. 3-Валий.
Шу билан Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳабларда никоҳ рукни 4 та бўлади. Никоҳнинг шартлари тўрттадур. 1- Никоҳ маҳали аслий ва фаръий равишда мавжуд бўлиши керак. Яъни никоҳда, иштирок этадиган аёл эркакка абадий равишда ҳам вақтинчалик ҳам ҳаром бўлмаслиги керак. 2- Ийжоб ва Қабулда ишлатиладиган иборалар абадийликни ифода қилиши шарт ва мулкка эгаликни дарҳол собит қиладиган лафзлар бўлиши шарт. Масалан: Никоҳ, Тазвиж, Ҳиба, савдо, садақа каби лафзлар. Имоми Шофиий(р.а) Никоҳ фақатгина “Никоҳ” ва “Тазвиж” лафзлари билан дуруст бўлади. 3- Гуволик. Ҳамма мазҳаб уламолари гувоҳликсиз никоҳ бўлмайди, деб иттифоқ бўлганлар.
Набий с.а.в. “Валийсиз никоҳ йўқдир” дедилар, бошқа ривоятда “Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир”дейилган. Гувоҳларда қуйидаги шартлар бўлиши шарт деганлар. 1) Ақл. 2) Балоғат. 3)Ҳур. 4)Мусулмон, 5)Икки гувоҳ ҳам икки томоннинг сўзларини бирга эшитиш. Гувоҳ адолатли бўлса яхши. Лекин фосиқнинг гувоҳлиги ҳам ўтаверади. Бунга Имоми Шофиий (р.а) хилоф қилганлар. Гувоҳлар икки эркак ёки бир эркак икки аёл бўлиши шарт. Имоми Шофиий (р.а) бунга ҳам хилоф қилганлар.
Оила кодексида “Никоҳни қайд” этишда гувоҳларнинг сони икки кишидан кам бўлмаслиги керак”, дейилган. Агар мусулмон киши зиммия аёлга икки зиммий гувоҳлигида уйланса Абу Ҳанифа (р.а) ва Абу Юсуф (р.а) наздида жоиздир. Муҳаммад ва Зуфар эса жоиз эмас дейишган. Икки томон розилиги шундай бўлмаса никоҳ тўғри бўлмайди. Валий ва бу икки шартнинг далил ҳадисларини юқорида айтиб ўтдик. Шунингдек, баъзи мазҳаблар эътиборга олган, баъзилари олмаган шартлар ҳам бор. Эру- хотин тайинли бўлиши, эҳромда бўлмаслиги, маҳр бўлиши, эр гувоҳлар билан сир тутишни келишиб олмаслиги, эр ё хотин хавфли касалга чалинган бўлмаслиги кабилар.
4-курс талабаси Анваржон Турғунбоев.