islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Салом бериш суннатдир!

Икки мўмин бир-бирига дуч келганида, хоҳ таниш ва хоҳ нотаниш бўлсин, салом беришлари керак. Саломлашиш суннатдир. Бир кишига салом берилса, жавоби фарзи айндир, кўп кишига салом берилганида, бир киши жавоб қайтарса, кифоя.

Саломни “Ассалому алайкум!” ёки “Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!” деб тўлиқ айтиш керак. Жавобда “Ва алайкум ассалом!” ёки “Ва алайкумус-салам ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!” дейилади. Жавоб албатта тўлиқ айтилади, қисқа қилиб айтилмайди. Жавоб кечиктирилса, салом берувчига эшиттирилмаса, фарз гардандан тушмайди.

Бир киши кўпчилик мўминларнинг олдига кирса, бир кишини эмас, барчани қасд қилиб салом беради. Аммо кўчада ва бозорда бир кишини хослаб салом берса ҳам бўлади. Агар бир киши бошқа кишига бировдан салом айтиб юборса, ўртадаги одам саломни еткизса, дарҳол жавоб бериш вожиб. Агар мактубда салом битилса, у ҳолда ҳам жавоб лозим бўлади.

Салом беришда қўл, кафт, бош билан ишора қилинмайди. Бундай қилиш макруҳдир.

Баланд овозда салом берилади ва жавоб ҳам салом берувчига эшитгирилади. Агар карга ё гунгга салом берилса, ҳам овоз чиқарилади, ҳам қўл билан ишора қилинади. Агар кар ё гунг салом берса, жавобда ҳам талаффуз, ҳам ишора бўлиши керак.

Катта кичикка, отлиқ (ҳар қандай уловдаги одам) пиёдага, юрган ўтирганга, бой камбағалга, озчилик кўпчиликка салом беради.

Бегона киши чиройли хотинга салом бермайди, агар у салом берса, жавоб олмайди. Хотинларнинг ҳам бир-бирларига салом беришлари суннатдир ва жавоби шартдир.

Ўн бир ҳолатда салом бериш макруҳ, жавоби ҳам лозим эмас:
— ҳожатхонадаги кишига;
— жунуб ҳолатдаги кишига;
— ухлаган одамга;
— ҳаммомдаги ювуқсиз кишига;
— таом еб турган кишига (агар таом оғзида бўлса, салом бермайди, таом оғзида бўлмаса, салом жоиз ва жавоби лозим);
— хутба ўқиётган имомга;
— азон ёки такбир айтиб турган муаззинга;
— намоз ўқиётган кишига;
— Қуръон ўқиётган одамга;
— дуо қилиб турган кишига;
— ҳажга иҳром боғлаган одам “Лаббайка” айтиб турганида.

Мусулмон киши ўзга диндаги одамга салом бермоқчи бўлса, “Ассалому ъала маниттабаъал ҳуда — тўғри йўлда юрувчига салом!” дейди, ундайларга хат юборилса, мактуб охирида ҳам саломни шу тариқада йўллайди, аммо “Ассалому алайкум” демайди.

Агар ғайридин муслимга салом берса, жавобида “Ва алайкум”дан бошқа сўз айтилмайди.

Хайрлашиш вақтида ҳам салом суннатдир.

4-курс талбаси Кўпайсинов Жасур

280440cookie-checkСалом бериш суннатдир!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: