islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Фиқҳий қоидалар: “Машаққат енгилликни тақозо қилади” (1-мақола)

Аллоҳ таоло бандаларига нисбатан берилган енгиллик ва рухсатлар сабабли шариатимизнинг мужтаҳид ва фақиҳ уламолари тарафидан ишлаб чиқилган бир неча фиқҳий қоидалар мавжуд бўлиб, бу қоидалар бандалар ҳаёти давомида дуч келадиган воқеа ва ҳодисалар ёки баъзи бир машаққатлар туфайли  уларга енгилликларни пайдо қилади.

Шулардан бири, ҳаётимизда жуда кўп дуч келиб, фойдаланадиган المشقة تجلب التيسير “Машаққат енгилликни тақозо қилади” деган қоидадир.

Бу амал қилиниши керак бўлган шаръий қоида бўлиб, бунинг далили Аллоҳ таолони “ Аллоҳ сизларга енгилликни хоҳлайди ва сизларга қийинликни хоҳламас” ( Бақара сураси, 185-оят), ва “Ва сизга бу динда ҳеч танглик қилмади” (Ҳаж сураси, 78-оят) ояти карималаридир. Шунингдек, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳ таолога диннинг энг маҳбуби олийжаноб ва мўътадил бўлганидир” каби ҳадислари асос бўла олади. Бу далиллардан келиб чиқиб, уламоларимиз шаръий рухсатлар  ва енгилликларни ибодатлар ва бошқа ҳукмларга нисбатан  етти қисмга бўлинишини айташади. Қуйида бу етти қисмга тегишли баъзи бир ҳукмларни келтириб ўтамиз.

Биринчи: Сафар қилишга тегишли ҳукмлар бўлиб, бу ўз навбатида икки қисмга бўлинади. Биринчи қисми сафар масофасини узунлигига хос бўлиб, бу киши уч кеча кундуз ўртача пиёда юрадиган  масофа ҳисобланади. Бу қуйидаги рухсат ва енгилликларни тақозо қилади: Жумладан, тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиб ўқиш, рамазон рўзасини тутласлик, уч кеча-кундузгача маҳсига масҳ тортиш ва қурбонликни соқит бўлиши каби ҳукмлар кирса, иккинчи ҳолатига сафар масофасини узунлигига хос бўлмаган ҳукмлар киради. Бундан мақсад қилинган нарса  шаҳардан буткул чиқиш олқали юзага келади. Бу эса қуйидаги енгилликларни келтириб чиқаради: Мусофир кишига жумъа намози, икки ийд намози, жамоат бўлиб намоз ўқишни тарк қилиши , уловни устида нафл намоз ўқиш жоизлиги, сув топилмаганда таяммум қилиши, аёллар ўртасида қўъа ташлаши мустаҳаблигига ўхшаган ҳукмлар киради. Сафарда намозни қаср қилиб ўқиш ҳанафий мазҳабида азимат (машаққат) маъноси соқит қилувчи рухсат маъносида бўлиб, тўрт ракатли намозни тўрт ракат  қилиб ўқиш машрўъ бўлмаган. Агар тўла адо этса гуноҳкор бўлади.

Иккинчи: Касал кишига тегишли ҳукмлар бўлиб, бундай кишига кўпчилик уламолар бир неча рухсатларни беришган. Булар қуйидагилардир: касал киши ўзига, бирор бир аъзосига касаллик хавфи етадиган бўлса,  касалиги зиёдалашса, тузалиши чўзилса таяммум қилиши, фарз намозларни ўтириб, чалқанча ётиб, ёки имо-ишора билан ўқиши, фазилати бор бўла туриб жамоатни тарк қилиши, шайхул фонийга рамазон ойида  фидя вожиб бўлиши билан рўза тутмасликка рухсат берилиши, зиҳор каффаратини беришда касалиги сабабли рўза тутиб беришдан мисканларни овқатлантиришга ўтилиши, рамазон рўзасини очиши, касал бўлиб қолганлиги сабаб эътикофдан чиқиши, ҳажда ва тош отишда ўзига ўринбосар кишини тайинлаши, фидя бериб эҳромда манъ қилинган ишларнинг мубоҳ бўлиши. Шунингдек касал киши  икта фатвонинг бирига кўра нажосат ва хамр билан даволаниши, (Қозихон раҳматуллоҳи алайҳи бунга рухсат бермаганлар). Мусулмон кишининг томоғига бирор нарса тиқилиб қолганда ўтказиб юбориш учун нажосат ва хамрни ичтиришга  уламоларимиз томонидан билиттифоқ рухсат борлиги ҳамда табиб касалнинг авратлари ҳатто жинсий аъзоларига назар солиши мубоҳлигига ўхшаш ҳукмларни ўз ичига олади.

Учинчи: қийинчилик ёки умумий балоланишга тегишли ҳукмлар бўлиб, одатда бу билан барча инсонлар балоланади.   Масалан: ундан авф қилинган нажосат теккан қийим билан номоз ўқиш жоизлиги. Бу худди қийимни тўртдан биридан оз жойига етган нажосат енгил нажосат ва тўртдан бир миқдорига етган нажосат оғир нажосат бўлган кийимга ўхшайди. Шунингдек, узрли кишини кийимига  теккан нажосат бўлиб, ҳар сафар ювганида нажосатни чиқавериши ўша кийимида намоз ўқишини жоиз қилади. Бит ва канани қони теккан кийимда гарчи кўп миқдорда теккан бўлса ҳам ўша кийимда намоз ўқиш жоизлиги келиб чиқади. Игна миқдорича бавл сачраган  кийимда, мушук, сичқон бавли ва каптар ёки чумчуқ тезаги, текган қийимларда, намоз ўқиш жоиз бўлади.

 

Давоми бор…

 

Жўраев Музаффар, Имом Бухорий номидаги Тошкен ислом

институти “Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси ўқитувчиси

280890cookie-checkФиқҳий қоидалар: “Машаққат енгилликни тақозо қилади” (1-мақола)

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: