Аллоҳ таоло “Тавба” сураси 122-оятда шундай марҳамат қилади:
فَلَوْلَا نَفَرَمِن كُلِّ فِرْقَةٍ مِّنْهُمْ طَائِفَةٌ لِّيَتَفَقَّهُوا فِي الدِّينِ وَلِيُنذِرُوا قَوْمَهُمْ إِذَارَجَعُواإِلَيْهِمْ لَعَلَّهُمْ يَحْذَرُونَ
“Уларнинг ҳар бир гуруҳидан бир тоифа чиқмайдими?! (Қолганлари Пайғамбардан) динни ўрганиб, қавмлари уларга (жангдан) қайтиб келгач, (гуноҳдан) сақланишлари учун уларни огоҳлантирмайдиларми?!”
مَنْ يُرِدِ اللَّهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينِ
“Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди”
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: “Аё, сизларга одамларнинг энг фақиҳи ҳақида хабар берайинми?!”. Унга: “Ҳа, хабар беринг”, дейишди. Шунда у зот дедилар: “Кимки одамларни Аллоҳнинг раҳматидан ноумид қилмаса, Аллоҳнинг роҳатларидан умид уздирмаса, Аллоҳнинг макридан уларни омонликда деб ўргатмаса, Қуръонни бошқа нарсаларга рағбат қилиб тарк қилмаса, ўша кимса фақиҳдир. Эй, огоҳ бўлинг! Фиқҳи йўқ ибодатда хайр бўлмайди. Фаҳму фаросат бўлмаган нарсада илм йўқ. Тартилу тажвид бўлмаган тиловатда қироат йўқ”.
Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ бир бандага яхшиликни раво кўрса, уни фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар”.
Юсуф ибн Моҳикдан ривоят қилинади: «Муовия (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан жуда кам ҳадис ривоят қилар ва камдан-кам хутбага чиқардилар. Лекин, қачон хутба қилсалар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ кимга яхшиликни раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Эй, инсонлар фақиҳ бўлинглар!”, деганларини эшитганман”, дердилар”.
Юқоридаги оят ва ҳадислардан маълумки шариатимизда фиқҳ ва фақиҳларнинг юксак ўрни бор.
Шу маънода бугун Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 4-курс талабалари ўртасида “Имом Бурҳониддин Мағиноноийга муносиб ворис бўлайлик” шиори остида фиқҳ илмига доир фанлар юзасидан мусобақа ўтказилди.
Тадбирни институт ректори Уйғун домла Ғафуров очиб бердилар. Мусобақада Ўзбекистон мусулмонлари идораси фатво бўлими мутахассиси Масайитов Саиджамол домла, институтнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар кафедраси ўқитувчилари Раззоқов Яҳё домла, Эркаев Маъмур домла ва Бегматов Зиёвуддин домлалар ҳакам сифатида қатнашдилар.
Мусобақа тўрт босқичда бўлиб ўтди. Унга кўра, биринчи шартда долзарб фиқҳий масалалар, иккинчи шартда усулул фиқҳ фани, учинчи шарт замонавий фиқҳий масалалари ва тўртинчи шартда эса мерос илмига оид саволларга талабалар томонидан жавоблар берилди. Берилган жавоблар ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳолаб борилди.
Қизғин тарзда ўтган мусобқада қуйидаги натижалар қайд этилди:
- 1-ўринни 135 балл билан 402- гуруҳ таларбалари;
- 2-ўринни 134 балл билан 405-гуруҳ талабалари;
- 3-ўринни 133 балл билан 401- гуруҳ талабалари эгалладилар.
Мусобақа ғолибларга “Вақф” ҳайрия фонди ва бошқа ҳомийлар томонидан тақдим этилган қимматбаҳо китоблар тўплами тақдим этилди.
Шунингдек “Январь ойи – фиқҳий фанлар ойлиги” муносабати билан томонидан институт аёл-қиз талабалари ўртасида ўтказилган “Усулул фиқҳ билимдонлари” мавзусида телеграм тармоғи орқали ўтказилган мусобақа ва институт талабалари орасида фиқҳ фанига оид долзарб мавзуларда илмий мақолалар ёзиш танлови ғолиблари ҳам муносиб совғалар билан тақдирлардилар.
Тадбир якунида бизнинг диёрларда фиқҳ фанига оид муҳим матнлардан бири ҳисобланган “Ан-Нуқоя” китобини ёддан ўқиб берган институтнинг 3-курс талабаси Муҳаммад Амин Абдупаттаев ҳам қиматбаҳо китоблар тўплами билан тақдирланди.
“Ақоид ва фиқҳий фанлар” кафедраси
ўқитувчиси Жўраев Сойибжон