Юртимиздан етишиб чиққан энг машҳур муҳаддислардан бири, шубҳасиз, Имом Бухорийдир. У киши ўзининг нодир зеҳни, ижтиҳоди, ақл бовар қилмас ноёб истеъдоди, ҳар қандай тўҳмат ўринларидан узоқлиги ва жуда эҳтиёткорлиги билан ўз замондошлари орасида ҳам, кейинги авлодлар орасида ҳам катта ҳурматга сазовор бўлган. Имом Бухорий илм талаб қилиб кўплаб мамлакатларга сафар қилган. Бу сафари давомида турли хил ажойиб воқеа ва ҳодисалар содир бўлган. Шулардан бири, Имом Бухорийнинг ўта парҳезкорлиги ва ҳар қандай тўҳмат ўринларидан ўзини эҳтиёт қилишига далолат қиладиган ҳикоядир.
Бу ҳикоядан Имом Бухорийнинг тўҳмат ўринларидан узоқлигини ва жуда эҳтиёт бўлишини билиб оламиз. Аллома Ажлуний ўзининг “Ал-Фавоид ад-дурарий” номли китобида Имом Бухорийнинг парҳезкорлиги ва тўҳмат ўринларидан эҳтиёт бўлишига далолат қиладиган воқеани қўйидагича келтирган.
Имом Бухорий илм талаб қилиб юрган чоғида бир марта денгиз сафарига чиқади. У кишининг минг динор маблағи бўлганди. Шунда кемадаги одамлардан бири Имом Бухорийнинг олдига келиб, унга ўзининг хайрихоҳлиги ва дўстлиги ҳақида гапириб, Имом Бухорийга яқинлашиб олади ва унинг олдига ўтиради. Имом Бухорий унинг муҳаббати ва дўстлигини кўрганда, унга ишонади. Улар бир неча марта суҳбатлашганидан кейин Имом Бухорий унга ўзининг динорлари ҳақида хабар беради.
Имом Бухорийнинг кемада танишган шериги бир куни тонгда уйқусидан турганда кийимларини йиртиб, юзига уриб, бақир-чақир қилиб йиғлай бошлайди. Одамлар унинг бу ҳолатини кўрганда даҳшатга тушиб, ҳайрон бўлиб қолади. Ундан йиғлашининг сабаби ҳақида сўрай бошлайдилар. Улар сўрашида қатъий туриб оладилар. Шунда Имом Бухорийнинг кемада танишган шериги одамларга қараб: “Ичида минг динори бўлган ҳамёним бор эди. У йўқолиб қолди”, деди.
Кеманинг назоратчилари кемадаги йўловчиларни бирма-бир текшира бошлайди. Шу пайт Имом Бухорий ичида минг динори бўлган ҳамёнини секингина денгизга ташлаб юборади. Навбат Имом Бухорийга келганда, текширувчилар уни ҳам текширади. Ҳатто, кемадаги йўловчиларнинг ҳаммасини текшириб чиқади ва бирор нарса тополмайди. Шунда кеманинг текширувчилари Имом Бухорийнинг шеригини олдига келиб, уни маломат қилиб, қаттиқ танбеҳ беради.
Одамлар кемадан тушганда, ҳалиги одам Имом Бухорийнинг олдига келиб: “Ичида динори бўлган ҳамённи нима қилдингиз?” деб сўрайди. Имом Бухорий: “Уни денгизга ташлаб юбордим”, деди. Ҳалиги одам: “Шунча кўп маблағни қандай қилиб денгизга ташлаб юбордингиз?” деди. Имом Бухорий унга: “Эй, жоҳил! Сен билмайсанми? Мен ҳаётимни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини тўплашга сарфладим. Бутун дунё мени ишончли одам деб билади. Қандай қилиб, улар менга ўғрилик билан туҳмат қилишлари учун йўл қўйиб бераман. Ҳаётим давомида ҳосил бўлган ишонч ва адолатни арзимаган бир нечта динорларни деб зое қилмайман”, деди.
Юқорида зикр этилган ҳикояда, Имом Бухорий ҳаёти давомида ҳосил бўлган ишонч ва адолатни арзимаган бир нечта динорларга алмаштирмаганини кўришимиз мумкин. Бу ҳикояни Аллома Ажлунийнинг “Ал-Фавоид ад-дурарий” номли китобидан бошқа бирорта манбада учратмадик.
Имом Бухорийнинг отаси Исмоил тижорати ва касбида ниҳоятда эҳтиёткор бўлган. Шу билан бирга ҳар қандай шубҳали ўринлардан ўзини сақлаган. Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: Мен Муҳаммад ибн Хидошдан, у Аҳмад ибн Ҳафсдан эшитган. Аҳмад ибн Ҳафс бундай дейди: “Абу Абдуллоҳнинг отаси Абу Ҳасаннинг олдига вафот этаётган пайтида кирдим. Шунда Абу Ҳасан: “Мен молларим орасида бир дирҳам ҳаром ва бир дирҳам шубҳали нарса борлигини билмайман”, деди”. Абу Ҳафс Кабир Бухорий бу гапни эшитганда: “Ўша пайт нафсим ўзимга арзимас бўлиб кўринди”, деди. Сўнг Имом Бухорий: “Сўзларнинг энг тўғриси кишининг вафот этаётган пайтдагисидир”, деди.
Абу Ҳафс Кабир Бухорийнинг бу гапдан ажабланиши Исмоилнинг ниҳоятда эҳтиёткор ва ҳар қандай шубҳали ўринлардан ўзини сақлашига далолатдир. Имом Бухорий отасидан жуда кўп мол-мулкни мерос қилиб олган ва уларни музорабага қўйган. (Музораба – савдонинг бир тури бўлиб, унда бир киши сармоя қўяди ва иккинчиси ишлайди. Иккаласи ҳам фойдада шерик бўлади.)
Муҳаммад ибн Абу Ҳотим Варроқ Бухорий айтади: “Абу Абдуллоҳнинг кўп мол-мулкини ишлатиб қўйган бир қарздор киши бор эди. Биз Фирабрда Абу Абдуллоҳнинг олдида эканимизда, ўша қарздор кишининг Омул деган жойга келгани ҳақида хабар келди. Шунда бизлар Имом Бухорийга: “Сиз бориб, ундан мол-мулкингизни талаб қилиб олинг”, дедик. У киши: “Биз уни қўрқитишимиз керак эмас”, деди. Қарздор киши ҳам Абу Абдуллоҳнинг Фирабрдалиги ҳақидаги хабарни эшитганида, Хоразм томонга қочиб кетди. Биз: “Сиз Омулнинг бошқарувчиси Абу Салама Кошонийга қарздорни ушлаб, ундан ҳаққингизни ундириб бериш учун Хоразмга мактуб ёзсангиз”, дедик. Имом Бухорий: “Агар мен уларга мактуб ёзадиган бўлсам, улар ушбу мактубим эвазига мендан бирор нарсани таъма қилади. Мен дунё учун динимни сотмайман”, деди.
Биз ҳарчанд уринсак ҳам Имом Бухорий гапимизга кирмади. Сўнгра унинг рухсатисиз Султонга билдирдик. У Хоразм ҳукмдорига мактуб ёзди. Имом Бухорий буни эшитганида қаттиқ ғазабланиб: “Сизлар менга ўзимдан кўра меҳрибонроқ бўлолмайсизлар-ку!”, деди.
Сўнгра бир мактуб ёзиб, унда Хоразмдаги дўстларига мендан қарздор бўлган кишига яхши муомалада бўлинглар деб ёзиб юборди.
Шунда қарздор Омулга қайтди ва Марвга кетишни қасд қилди. Савдогарлар тўпланди ва Абу Абдуллоҳ қарздорни излаётгани Султонга етказилди. Султон қарздорга босим ўтказишга буйруқ берди. Абу Абдуллоҳ бу ишни ёмон санаб, қарздор билан ҳар йили арзимас 10 дирҳам бериши тўғрисида сулҳ тузди. Қарз миқдори йигирма беш минг дирҳам бўлиб, ўша пайтда Имом Бухорий ундан бир дирҳамини ҳам олмаган эди”.
Хатиб Бағдодий ўзининг “Бағдод тарихи” асарида бундай келтиради: Бухоролик Муҳаммад ибн Абу Бакр Ҳофиз Ғунжор бизга хабар берди: У Абу Амр Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Умар Муқрийдан, у Абу Саид Бакр ибн Мунирдан эшитган: “Бир кишининг Муҳаммад ибн Исмоилга юборган товари етиб келганда, баъзи савдогарлар кечки пайт тўпланиб, Имом Бухорийдан ўз товарини беш минг дирҳам фойдаси билан сотишини сўради. Шунда у киши: “Тунда келингизлар”, дея жавоб қилди. Эртасига бошқа савдогарлар келиб, ўша товарларни ўн минг дирҳам фойдаси билан сотишини сўради. У киши рад қилиб: “Мен кеча сўраб келган кишиларга илк сўраган нархига беришни ният қилганман”, деди. Товарни биринчи савдолашган одамларга келишган нархига, яъни беш минг дирҳам фойдаси билан сотди ва: “Мен ниятимдан қайтишни истамайман”, деди”.
* * *
Юқорида зикр этилган маълумотлардан қўйидагиларни хулоса қилишимиз мумкин:
* Имом Бухорий ниҳоятда парҳезкор ва тақводор бўлган. Ҳар қандай тўҳмат ўринларидан ва шубҳали нарсалардан ўзини эҳтиёт қилган.
* Имом Бухорий илм талаб қилиб кўплаб мамлакатларга сафар қилган. Сафари давомида турли хил ажойиб воқеа ва ҳодисалар содир бўлган.
* Имом Бухорийнинг отаси Исмоил тижорати ва касбида ниҳоятда эҳтиёткор бўлган ва ҳар қандай шубҳали ўринлардан ўзини сақлаган.
* Имом Бухорий отасидан жуда кўп мол-мулкни мерос қилиб олган ва уларни музорабага қўйган. У киши илмга қаттиқ меҳр қўйган, асосий вақтини илмга сарфлаган ва мол-дунё учун деярли вақтини сарфламаган.
* Имом Бухорий ўзининг бойлигини фақат яхшилик йўлида сарфлаган. У киши толиби илмларга, фақирларга, мискинларга ва бошқаларга жуда кўп эҳсон қилган. Бугунги кунда Имом Бухорийнинг ҳаёти ва илмий фаолиятини ўрганиш ғоят муҳим аҳамиятга эга. Чунки, бу ёшларимизни илм-маърифатли, хусусан, ҳадис илмига муҳаббатли ва ҳарис бўлишига хизмат қилади.
Абдувоси Шоназаров,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот
маркази илмий ходими