Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Масжиди Набавийнинг биринчи имоми бўлганлар. У зот фоний дунёни тарк этганидан кейин халифалар ва кейинги авлод вакиллари орасидан имомлар тайинланди.
Ҳозирги кунларда масжидларда имом-хатибдан ташқари ноиб имомлар ҳам фаолият юритади. Табиийки, саодат асрида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ноиби бўлмаган. Аммо баъзан етакчи саҳоба Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жамоатга имомлик қилишига тўғри келган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бемор бўлиб қолганларида ўринларига Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу намозга ўтишлари ҳақида амр қилганлар. Аммо у зот соғ пайтларида ҳам саҳобаи киромлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ерда бўлсалар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуни имомликка лойиқ кўришар эди.
Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насаийлар Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Бани Амр ибн Авф (қабиласи)га уларнинг ораларини ислоҳ қилиш учун бордилар. Намоз вақти бўлиб қолди. Муаззин Абу Бакрнинг ҳузурига келиб:
«Иқомат айтсам одамларга намозга ўтиб берасанми?»-деди.
«Ҳа»-деди у. Бас, Абу Бакр намоз бошлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келиб намоз ўқиётганлар ичидан ўтиб сафга турдилар. Одамлар қарсак чалдилар. Абу Бакр намозда ҳеч нарсага назар солмас эди. Одамлар қарсакни кўпайтириб юборганларидан кейин назар солиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламни кўриб қолди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга, маконингда туравер, деб ишора қилдилар. Абу Бакр икки қўлини кўтариб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унга амр қилган нарса учун Аллоҳга ҳамд айтди. Сўнгра орқасига тисарилиб сафга турди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтиб намозини ўқиб битирдилар ва намоздан чиққанларидан сўнг:
«Эй, Абу Бакр, мен амр қилганимда сени собит туришдан нима манъ қилди?»-дедилар.
Абу Бакр: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Абу Қуҳофанинг ўғлига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларида туриб намоз ўқишга йўл бўлсин»-деди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Не бўлдиким, қарсакни кўпайтириб юбордингиз? Кимнинг намозида бир нарса ташвишга солса тасбиҳ айтсин. Чунки, қачон у тасбиҳ айтса унга эътибор берилади. Қарсак чалиш аёллар учундир»-дедилар».
Пайғамбар алайҳиссалом бу дунёни тарк этганидан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу биринчи халифа ва ўша вақтдаги мусулмонларнинг, жумладан Мадинанинг имоми бўлди. Шундан сўнг орадан йиллар, асрлар ўтиб, Масжидун Набавий имомларининг сони кўпайиб борди.
Ҳозирги кунда Шайх Абдурраҳмон Ҳузайфий Набавий масжиднинг бош имоми ҳисобланади.
2020 йил 11 октябрида Саудия Арабистони ҳукумати имомлар рўйхатига яна иккита доимий имом қўшилиши ҳақида эълон қилди. Бири Шайх Аҳмад Ҳузайфий – бош имомнинг ўғли ва Шайх Холид Муҳанна. Шундай қилиб, бугунги кунда 9та имом Масжиди Набавийнинг кунлик, таҳажжуд, жума ва ҳайит намозларида имомлик қиладилар.
Масжиди Набавийнинг имомлари исм-шарифлари:
1. Шайх Али Абдурраҳмон Ҳузайфий:
2. Шайх Абдулборий Субайтий:
3. Шайх Салоҳ Будайр:
4. Шайх Абдуллоҳ Буайжан:
5. Шайх Аҳмад Ҳузайфий:
6. Шайх Аҳмад Толиб Ҳамид:
7. Шайх Ҳусcайн Али Шайх:
8. Шайх Холид Муҳанна:
9. Шайх Муҳсин Қосим:
Кунлик намозларда имомлик қилиш (имомлар ўзгариб туради):
Бомдод: Шайх Холид Муҳанна;
Пешин: Шайх Али Абдурраҳмон Ҳузайфий;
Аср: Шайх Аҳмад Ҳузайфий;
Шом: Шайх Салоҳ Будайр;
Хуфтон: Шайх Ҳусайн Али Шайх.
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси
катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев