Музокараларнинг асосий кўриниши оғзаки мулоқот бўлиб, элчи бош масалани бевосита хон ёки унинг номидан иш олиб борган меҳтар билан кўришиб муҳокама қилган. Баҳс-мунозаралар чўзилиб кетган ёки қарор қабул қилишда бир тўхтамга келиш қийин булган ҳолларда музокаралар хатлар орқали ҳам олиб борилган. Айниқса, Хивадаги эрони қулларни озод қилиш борасида хоннинг ён босишига эришмоқчи бўлган Муҳаммад Алихон Ғaфyp аксарият ҳолларда мактуб ёзиб, ўз эътирозларини баён қилар ва уларга тегишли жавоб берилишини талаб қилар эди. Айтиш жоизки, мактублар орқали мурожаат этишда ҳам субординация қоидаларига қатъий риоя қилинган. Хусусан, Эрон элчиси ҳам, инглиз вакили Томсон ҳам хонга тўғридан-тўғри эмас, меҳтарга мактуб йўллаш орқали ўз арзларини билдиришган[1].
Масала мактублар орқали муҳокама қилинишининг ўзига хос сабаблари эди. Музокараларнинг сони чегаралаб қўйилмаган бўлса-да, хонликда икки-уч ойгача қолган элчи хон билан бевосита бир ёки бир неча мартагина кўришган. Баъзи ҳолларда бу музокаралар ярим тунгача давом этган. Қолган вақтда хон номидан меҳтар элчилар билан музокара олиб борган.
Музокара бевосита асосий масалани мухокама этиш ёки керакли вазиятни ҳосил қилиш учун уюштирилган суҳбат билан бошланар эди. Зеро, дипломатиянинг ўзига хос тартиб-қоидасига кўра баъзи холларда мактубларда умумий расмиятчилик сўзлари келтирилган булиб, муҳим масалалар элчиларнинг oғзаки хабарлари орқали етказилган.
Манбаларда элчининг ҳукмдор қабулида бўлган вақтда «маъруз этти» деган ибора қўлланадики, бундан юборган томон ўз муддаосини мактубда баён этиш билан бирга элчи орқали оғзаки тарзда етказилиши лозим бўлган масалалар ҳам бўлганлигини англаш мумкин.
«Гулшани давлат»да Бухоро амири Насруллонинг элчиси Турсунхўжа садр Хива хонининг «кўринуши олий»сида келтирган нома ва туҳфаларини «таъзими тамом била маъруз этти» деб баён этилади[2].
Кўриниб турибдики, музокараларда элчининг шахсияти, унинг феъл-атвори ҳамда ўзини тутиши катта аҳамиятга эга булган. Шу жиҳатдан, юқорида келтирилганидеқ Хива амалдорларига такаббурлик билан «сизлар қоидани билмайсизлар. [Дипломатия] қоидаларини назардан соқит қилиб, кўнглингизга келганини гапираверасизлар» дея қўполлик қилган Муҳаммад Алихон Хива хони саройида анчагина ёмон таассурот қолдирган[3]. Ундан фарқли ўлароқ, мулоқот жараёнида ўзининг билимдонлиги ва зукколигини намойиш эта олган Ризоқулихон Хива хони ва унинг амалдорлари орасида жуда катта ҳурматга сазовор булган.
Ўзининг маданияти ҳамда тарихий ва адабий билимларию шеърият борасидаги истеъдоди билан ҳаммани лол қила олган элчига Хива хони шундай баҳо берган: «бу одам ажаб бир билимли одам ва кўп доно киши экан. Агар бизнинг вилоятда қолса, бизга куп фойдаси тегарди. Бизнинг дин ва давлат бобидаги билимларимизга билим кўшиб, илмларимизни оширарди. Шу пайтгача Эрондан Хоразмга бундай элчи келмаган эди»[4].
Ҳар хил вазиятларда ҳам хушмуомалалик ва босиқлигини намойиш қилган элчи, ўзининг таъбири билан айтганда, элчи сифатида сабр ва мулойимлик билан кўп нарсаларни кўриб турса-да, ўзини билмасликка солар эди[5]. Ўзига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ёзаркан, Ризоқулихон: «Хивада хондан бошқани хон деб аташ адабга хилоф булса ҳам, мени баъзилар «элчихон» ва айримлар «элчибек» деб аташар эди», – деб қайд этади[6].
Музокараларда ҳам ўзининг зукколигини намойиш қилган Ризоқулихон ўртадаги суҳбатни Эронда тиббиёт ишларининг ривожланганлиги, айниқса, шоҳ қўшинида махсус табиблар гуруҳи иш олиб бориши ҳамда Эроннинг Европа мамлакатлари билан дўстона муносабатлари масаласига бурган, шу орқали ўз давлатининг ҳарбий қудратини кўрсатишга ҳаракат қилган. Эрон давлати ҳақидаги батафсил маълумотлардан таъсирланиб кетган хон ҳайратдан ёқа ушлаганлигини элчи алоҳида таъкидлаб ўтади.
Ўз ўрнида, Хива хони Эроннинг заиф томонига ypғy беришга ҳаракат қилиб, шоҳнинг ёшини сурар экан, 22 ёшли ҳукмдор ҳақида «бундан чиқди, Эрон подшоҳи ҳали ёш ва тажрибасиз хукмдор экан-да» деган фикрни билдиради. Элчи эса шоҳ ёш бўлишига қарамай, ҳар томонлама етук шахс, билимдон, айниқса, жyғpoфий билимларда кучли эканлигини айтиб хонни яна ҳайратга солган[7].
Хақиқатан, элчининг дипломатик маҳорати музокараларнинг боришига, унда юзага келадиган турли ҳолатларга катта таъсир курсатган. Бу борада рус элчиси П. Никифоровнинг Хива хони Оллоқулихон билан олиб борган музокарасини мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Элчининг Хива амалдорларига қилган қўпол муомаласи элчиликнинг натижасига салбий таъсир кўрсатган. Шунга қарамай, тан олиш керакки, Хива ва Россия уртасида тузилиши режалаштирилган тинчлик шартномасининг муҳокамаси жараёнида юзага келган вазиятни ўз фойдасига ҳал қилишга эришганлиги бевосита элчининг устомонлиги билан боғиқ эди. Хусусан, шартноманинг учинчи банди Хива хонининг даштдаги, яъни қозоқ уруғари орасидаги таъсир доирасининг чегараларини аниқлаб олиш масаласига қаратилган.
Хива хони қозоқларнинг Россия империясига тобелигини инкор этиш ва унинг Қозоқ даштига бўлган даъвосини йўққа чиқариш мақсадида ўзига ён босадиган эътиборли қозоқ сардорларини саройга таклиф этган. Улар рус элчисига ўзларини рус фуқароси деб ҳисобламасликларини шахсан тасдиқлашлари лозим эди. Қозоқ вакиллари Россия деярли ҳар йили қўшин юбориб талон-торож қилиш орқали уларнинг ерларини олиб қўйишлигини билдириб, «агар қозоқлар уларнинг тобелигида бўлса, рус ҳукумати бундай йўл тутмас эди» деб жавоб беришган. Шунингдеқ улар қозоқлар «мусулмон бўлганликлари учун ҳам ҳеч қачон насроний давлатнинг тобелигига кириши мумкин эмаслиги»ни уқтиришган. Айнан мана шу «нозик вазият»да П. Никифоров ўзининг дипломатик маҳоратини ишга солиб, қозоқ султонлари билан Хива хони ўртасидаги муносабатга рахна солишга муваффақ бўлган. Қозоқ сардорларига мурожаат этар экан, рус элчиси уларнинг иззат нафсига тегиш мақсадида «эй султонлар, бугун сизларни қулдай хўрлаб, ўзининг ноқонуний талаблари фойдасига шармандали қасамхўрлик учун чақиртирган хон ўтирган Хива тахтида сизларнинг аждодларингиз ўтирганини ёдга олинг» деб уларни хонга қарши қайрайди[8]. Тадқиқотчи Н. Залесов қайд этганидеқ бу мажлис хоннинг қозоқ сардорлари билан муносабатларига жиддий зарар етказган эдики, уларнинг аксарияти П. Никифоров билан яқинлашиш ва рус хукуматининг марҳаматига эришишга интилган эдилар[9].
Элчининг шахси музокара жараёнида муҳим аҳамиятга эга булиши билан бирга яна бир қанча омиллар бор эдики, элчилик натижаларига ҳамда умумий вазиятга бевосита таъсир курсатган. Жумладан, Муҳаммад Алихон бошчилигидаги элчилик муваффақиятсизлигининг бош сабаби, унинг ўзи таъкидлаб ўтганидеқ Англия ва Россия давлатлари вакилларининг у билан бирга келганликларида эди. Элчининг ахборотномасида қайд этилишича, хон охирги учрашувда Эрон элчисига танбеҳ бераркан, хафа бўлиб «Жамшид мартабали подшоҳ ҳамиша ўз одамини юборардилар, бу гал нима сабаб булиб рус ва инглиздан одам қўшиб юборибдилар? Сен узинг келаверганингда мақсадга мувофиқ буларди. Мана энди асир берсам, дўсту душман «хон ҳазрат рус ва инглиздан қўрққанидан асир берди» деб устимдан куладилар» деган фикрни билдирган[10].
Ризоқулихон элчилиги даврида эса сиёсий устунлик Хива хонлиги томонида булиб, хон кушинининг Хуросон юришидан катта улжа ва асирлар билан зафар кучиб қайтиши вазиятни Хоразм фойдасига ҳал қилган.
Хонни юришдан қайтишини кутиб турган Эрон элчиси юзага келган вазият ва унинг элчилик ҳолатига курсатадиган таъсирига баҳо бераркан, «Сарахс ва Тажан тарафидан олиб келинган асирларни куча ва бозорларда айлантириб, қизилбош лашкарларининг мағубияти хабарини бутун мамлакатга жар солиб етказдилар. Шу сабабли элчилигимиз иши ланж булди ва шон-шавкатимизга путур етди. Шунингучун вақт нимани талаб қилса, сўз ва ишда шунга қараб амал қиладиган булдим», – деб қайд этади»[11].
Зафар Маҳмудов,
ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси ўқитувчиси,
Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат
ўзбек тили ва адабиёти университети магистри
[1] Муҳаммад Алихон Ғафур. Хоразм сафари кундалиги … – Б.ЗЗ – 37.
[2]0гаҳий Муҳаммад Ризо Эрниёзбек ўғи. Гулшани давлат … – Б.180.
[3]Ўша жойда. – Б.38.
[4]Элчи «жаноб Нажмиддин Кубро ва Паҳлавон Маҳмуд Хоразмий шеърларидан бир нечтасини ёддан айтдим. Улардан нусха кучиртириб, атрофга олиб кетдилар» дея қайд этади. Қаранг: Ризоқулихон Ҳидоят. Сафоратномайи Хоразм … – Б.142.
[5] Ризоқулихон Ҳидоят. Сафоратномайи Хоразм … – Б.147.
[6]Ўша жойда. – Б.150.
[7]Ўша жойда. – Б.128 – 129.
[8]3алесов Н. Посольство в Хиву капитана Никифорова в 1841 г…. – С.76 – 77.
[9]Ўша жойда. – С.77.
[10] Муҳаммад Алихон Faфyp. Хоразм сафари кундалиги … – Б.Зб.
[11] Ризокулихон Ҳидоят. Сафоратномайи Хоразм … – Б.123.