islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Имом Абу Жаъфар Таҳовий ҳаёти

Ҳадис, фиқҳ ва ақида илмларини ўрганиш, тадвин қилиш милодий саккизинчи аср охири, тўққизинчи аср бошларига келиб кенг кўламда тарқала бошлади. Буларни ўрганиб, ўзидан кейинги авлодларга ўргатишда Имом Таҳовий ҳам бемисл из қолдирган уламолар сингари салмоқли ўрин эгаллайди.

Имом Таҳовий илм ва салоҳияти билан машҳур, зиёли оилада туғилган. Бу оила юқори Мисрда катта обрў-эътиборга эга бўлган. Оила раҳбари Муҳаммад ибн Салама ўз замонасида етук адабиётчи, шеъриятда моҳир, билимдон ва фозил киши бўлган. Онаси эса Имом Шофеъийнинг шогирди Музанийнинг синглиси бўлиб, олима, фақиҳа ва солиҳа аёл сифатида машҳур бўлган. Имом Суютий Мисрдаги шофеъий фақиҳлари қаторида Таҳовийнинг тоғасини ҳам зикр қилиб ўтган. Кўриниб турибдики, Имом Таҳовий тақводор оила ва салоҳиятли хонадонда вояга етган.

Имом Таҳовий Яман қабилаларидан ҳисобланмиш Ҳажрул Азд[1]қабиласидан ҳисобланади. У кишининг аждодлари Мисрда (фатҳ қилингандан сўнг) яшаганлар. Азд бир неча қабилаларни ўз ичига олган бўлиб, Ҳажр ҳам ана шундай қабилалардан бири ҳисобланади. Маслама ибн ал-Қосим ал-Қуртубий ўзларининг “Сила” номи билан машҳур бўлган китобида Абу Жаъфар Таҳовийнинг насабларини қуйидагича келтиради: “Имом, муҳаддис, фақиҳ, ҳанафий, ҳофиз Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Салома ибн Салама ибн Абдулмалик ибн Салама ибн Сулайм ибн Сулаймон ибн Жавоб ал-Аздий ал-Ҳажрий ал-Мисрий Абу Жаъфар Таҳовий”.

Ҳофиз ибн Асокир алломанинг насабларини Сулаймгача, Ибн Халликон эса Абдулмаликкача зикр қилганлар[2].

У киши Нил дарёси ғарбий соҳилида Мисрнинг “Таҳо” шаҳарчасида туғилганлар[3].Бадриддин Айнийнинг (ваф. 855/1451 й.)   айтишича, Имом Таҳовий нисбаси Мисрнинг юқори қисмидаги Ашмуний[4] ишчиларига нисбатан айтилади. Доктор Абдулмажид Маҳмуд Таҳо шаҳри борасида чуқур тадқиқот олиб бориб, Айнийнинг фикри тўғри, деган хулоса келади ва “Таҳовийнинг нисбаси бериладиган Таҳо қадимий қишлоқбўлиб, ҳозирда у Минё шаҳри чеккасидаги Самалут ҳудуди марказига яқин жой бўлиб, Таҳо ал-аъмида номи билан аталади”, дейди[5].

У кишига Жийзада истиқомат қилганлиги учун Жийзий нисбаси ҳам берилади[6].

Уламолар алломанинг туғилган йили борасида ихтилоф қилганлар ва бир неча тоифаларга бўлинганлар.

Бир тоифа: Ибн Халликон ва Тамимий 228 йил туғилган дейишган. Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари238 йилтуғилган деган сўзни олганлар[7].

Ёқут Ҳамавий ва Аммодлар: “239 йил туғилган”, дейишган. Абу Саид ибн Юнус “Менга Таҳовий 239 санада туғилдим деб айтди”, дейди. Ибн Асокир дақиқ иборалар билан у кишининг туғилишларини белгилаб айтади: “Баъзи аҳли илмлар Абу Жаъфар Таҳовийнинг туғилишларини 239 сана робиъул аввал ойининг 10 куни дейишади ва шунга кўра мутақаддим тарихчилар Ёқут Ҳамавий ва бошқалар туғилишларини белгилашади”. Ибн Касир ҳам “Ал-Бидоя ван-ниҳоя”да ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари[8] мана шу санани айтадилар.Шунингдек, Имом Заҳабий ва Абул Маҳосинлар ушбу фикрни келтирганлар.

Бир тоифа: Ибн Касир[9] ва баъзи уламолар “Аманил ахбар фий Шарҳу маъонил-осор”нинг муқаддимасида 229 йил туғилган дейишган[10].Мисрлик Бадриддин Айний (ваф. 855/1451 й.)“Нухабул афкор”да шундай дейди: “Самъоний айтади: “Таҳовий229/844 йилда туғилган. Мана шу саҳиҳдир”. Ушбу ривоят Ибн Асокир  Ибн Юнусдан қилган ривоятига хилофдир. Бу ривоятлардан қайсидир бири асоссиз эканли аниқдир. Лекин иккинчи ривоят мусаннифнинг ўзларининг хатлари билан ёзилган. Абу Саид Самъоний “229/844 йил туғилган”, дейди. Ушбу ривоят саҳиҳдир. Укиши ўнинчи робиъул аввал душанба куни таваллуд топганлар”, дейди.

ТИИ 4-курс талабаси

Сайдуллаев Нурилло

 

[1] “Азд” Қаҳтония (Жанубий) арабларининг катта қабилаларидан бири бўлган.

[2] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ал-ҳовий фи сийрати ал-имам Абу Жаъфар ат-Таҳовий. – Қоҳира. 1368 ҳ. – С. 2.

[3]Ибн ал-Ҳанаий Алауддин Али ибн Амруллоҳ ал-Ҳумайдий.Табақоту-л-ҳанафия. Доктор Муҳи Ҳилол ас-Сарҳан таҳқиқ қилган.Девону-л-вақфБағдод 1426/2005. Иккинчи китоб. – С. 25-27.

[4] Миср республикаси, Малави вилояти. Нил дарёси ғарбидаги жой номи.

[5] Шуайб Арнаут. Мушкилул-осор. – Байрут: Муассасат  ар-Рисала, 1994. – С.35.

[6] Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ал-ҳовий фи сийрати ал-имам Абу Жаъфар ат-Таҳовий. – Қоҳира. 1368 ҳ. – С. 28.

[7]Шайх Абдулазиз Мансур. Ақоид матнлари. –Тошкент: Тошкент ислом университетинашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006. – Б. 15.

[8]Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Талхиси шарҳи ал-Ақидатут Таҳовия таржимаси. –Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2006.– Б. 3.

[9]230 – ҳижрий санада вафот етган.

[10]Таҳовий. Ахкам ал-Қуран ал-Карим. – Истанбул:1990. – С.13

313670cookie-checkИмом Абу Жаъфар Таҳовий ҳаёти

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: