islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара.

Мустақиллик йилларида кўп асрлик тарихий-ҳуқуқий меъросимизнинг бугунги кунда чуқур ўрганилиши ва ҳуқуқий давлат қуриш тажрибаларида фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ислом ҳуқуқшунослиги ўзида мукаммал ҳукмларни мужассам этган тизим сифатида шарқдаги бир қатор мамлакатларда давлат ва ҳуқуқ айниқса, ушбу мамлакатлардаги инсон ҳуқуқлари, ташкилийҳуқуқий муносабатларни таъминлашга чуқур таъсир кўрсатган. Уларнинг юридик ва мафкуравий омил сифатида амал қилиш соҳаси бизнинг замонда ҳам жуда кенг бўлиб қолмоқда.

Исломнинг иқтисодий тизими агар бирон киши бойлик яратадиган бўлса, у ҳолда ушбу бойлик учун барча ҳуқуқий нормалар унинг манфаати учун ҳозирланган бўлиши керак, унинг мулкчилик ҳуқуқи шундан келиб чиқади. Ислом кишиларнинг ўз меҳнати учун ҳақни тўлиқ ва кечиктирмай олиш ҳуқуқини белгилайди.

Абу Ҳурайра, Ибн Умар, Жобир ва Анас (розияллоҳу анҳум)лардан ривоят қилинган ҳадисда Аллоҳнинг элчиси шундай марҳамат қиладилар: “Хизматчининг иш ҳақини (пешонасидаги) тери қотмасидан беринг”. Шу маънодаги ҳадисларда мулкчилик ҳуқуқи тан олиниб, инсоннинг нимагадир эгалик қилишга табиий интилиши инобатга олинади. Аллоҳ инсонга ушбу ҳиссиётни унинг фойдаси учун берган, зеро у инсонга ўз ғайратини кўпайтиришга рағбат беради, ишга масъулият билан қарашга ундайди, янги табиий ресурсларни фаол тадқиқ этиш ва ишлаб чиқаришни кенгайтиришга рағбатлантиради. Ислом қонуни, бир томондан, инсонинг хусусий мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини худди унинг ҳаёти ва қадр-қимматини ҳимоя қилгандек ҳимоя қилади. Бошқа томондан, жамиятга ҳам уни ҳимоя қилганлиги эвазига ана шу мулкнинг бир қисмини олиш ва уни муҳтожлар ўртасида тақсимлаш ҳуқуқини беради.

Ислом фиқҳида ижара бу – бир шахснинг иккинчи бир шахсга муайян муддатга, келишилган пул эвазига бирон ашёни ёки ўз иш кучини фойдаланиш учун беришидир. Қуръони каримнинг “Қасас” сураси 27-ояти, “Бақара” сурасининг 275-ояти, “Нисо” сурасининг 29-ояти, “Нақл” сурасининг 64- ояти, “Моида” сураининг 3-оятида келтирилган ижара лафзлари ва Пайғамбар (с.а.в.)нинг «Ижарага ёллаган ишчингизнинг тери қотмасдан ҳақини беринг», деган ҳадислари ҳамда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги қудсий ҳадис ижаранинг ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилади: “Аллоҳ таъоло деди: Уч хил инсон борки, Мен қиёмат кунида улар билан хусуматлашаман; Мени номимни ўртага қуйиб (қарз ва ҳоказо) олган, сўнгра хиёнат қилган киши, озод кишини қул қилиб, сотиб юбориб, пулини еган киши ва хизматчини ёллаб (ижарага олиб), ундан ишни тўлиқ ундирган, лекин ажрини (ҳақини) бермаган киши”. Ижарага тааллуқли қолган барча қоидалар мужтахид уламолар томонидан Китоб ва Суннатдаги далиллардан ижтиҳод йўли билан ишлаб чиқилган. Ҳанафий ва бошқа мазҳаблар олимларининг фикрига кўра, ижара лозим акд бўлиб (мажбурий, яъни уни хохлаган вақтда бекор қилиб бўлмайди), у қонуний бўлиши учун томонларнинг розиликлари, шартлари, муддатлари аниқ белгиланган бўлиши керак.Замонлар ўтиши ва ижтимоий-иқтисодий муносабатлар такомиллашиб бориши билан ижара бобидаги масалаларда ҳам турли янгилик ва ўзгаришлар

кўрилмоқда. Масалан, XVIII асрнинг охирларида Европада пайдо бўлиб, кейинчалик мусулмон мамлакатлари ҳаётига кириб келган айрим ижара турлари бунга мисол бўлиши мумкин. “Эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара”, “Сотиб олиш ҳуқуқи билан якунланувчи ижара”, “ижара-харид (hire- purchase), “лизинг” ва ҳоказо номлар билан аталувчи ижара турларининг фиқҳий ечимлари ҳалигача мусулмон ҳуқуқшунослари орасида турлича талқин қилиниб келинмокда. Ижаранинг бу тури ислом ҳуқуқшунослиги билан шуғулланувчи зиёлилар наздида ( الإجارة المنتهية بالتمليك ) “ал-ижара ал-мунтаҳия бит-тамлик” яъни эгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара” деб юритилади. Юридик истилоҳларда бундай ижара турларини лизинг, кредит билан боғлиқ ижара, сотиб олиш ҳуқуқи билан якунланувчи

ижара ва бошқа номлар билан аталади. Айнан шу каби ижара турлари бугунги кунда дунёнинг барча ерларида кенг оммалашмоқда.

Юқорида келтирилган ижара битимларининг фиқҳий ечимлари, Қуръон ва Ҳадисда келтирилган, бу борадаги кўрсатмаларни қиёсий таҳлил қилиш ислом фиқҳида мулкий-молиявий муомалотларни ўрганувчи мутахассислар олдида турган муҳим масалалар қаторига киради. Мамлакатимизда ҳам мана шундай тадқиқотлар олиб бориш, миллий ҳуқуқий меъросимиздаги бунга оид ҳукмларни солиштириб ўрганишга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда.

Тии 4-курс талабаси

Матякубов Исмоил

313890cookie-checkЭгалик ҳуқуқи билан тугайдиган ижара.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: