islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Зулҳижжа ойи фазилатлари

Аллоҳ таоло малоикаларга айтади: “Эй фаришталарим, ҳар бир амал қилувчи ажрини талаб этади. Бандаларим рўза тутди ва байрамларига чиқди, ажрларини Мендан сўради. Гувоҳ бўлинглар, Мен уларни кечирдим”. Кейин нидо қилувчи нидо қилади: “Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уммати, қайтинглар, ёмонликларингизни яхшиликка айлантирдим”. Мана шундай неъмат бериб биз мусулмонларни нажотга етиш йўлини берган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ учун ибодат қилинишга Зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, — деганлар. (Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоятлари.) шундай кунлар ҳабарини бериб бизни яхшиликка етишни осон йўлларини таълимини берган Пайғамбаримизга саловат ва дурудлар бўлсин.

Зулҳижжа ойи Аллоҳ таоло Қуръони каримда “ҳаром” яъни муқаддас ва уруш-юришлар ҳаром қилинган ойлар дея васфлаган тўрт ойнинг биридир. Мазкур ойлар ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: “Албатта Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи Аллоҳ осмонлару Ерни вужудга келтирган куни Ўз ҳузуридаги китобда (ёзиб қўйганидек) ўн икки ойдир. Улардан тўрти (уруш) ҳаром қилинган (ойлар)дир. Мана шу тўғри Диндир. Бас, у ойларда (маъсиятлар қилиш ва уларнинг ҳурматини бузиш билан) ўз жонларингизга зулм қилмангиз!” (Тавба сураси, 36-оят) “Ҳаром” сўзи араб тилида “таъқиқланган”, “муқаддас қилинган” деган маъноларни англатади. Ҳаром қилинган ойлар – зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари бўлиб, уларнинг аввалги учтаси кетма-кет, ражаб ойи эса орадан беш ой ўтгандан кейин келади.

Муфассирлар “Бас, у ойларда ўз жонларингизга зулм қилмангиз!” ояти каримасини: “Бу ойларда гуноҳ ишларни қилмангиз, уларнинг ҳурматини бузмангиз, уларда ҳаром қилинган ишларни ҳалол қилиб олмангиз, акс ҳолда ўзларингизга зулм қилган бўласизлар”, – дея изоҳлайдилар.

Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда баъзи нарсалар билан қасам ичган, муфассирларнинг айтишича, бу қасам ичилган нарсалар Аллоҳ таоло наздида қадри баландлигидан далолатдир. Хусусан, Қуръони Каримнинг Фажр сураси 1-2 оятларида “Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, «ўн кеча» билан”, – дея эълон қилади.

Машҳур муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ суранинг иккинчи оятидаги “ўн кеча”ни тафсир қилар эканлар, улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, бу “ўн кун”дан мурод Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир, деганлар. Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг ва бу кунлардаги амалларнинг фазилатлари борасида Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиздан кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифлар ривоят қилинган.

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил, такбир ва Аллоҳга ҳамдларни кўпайтиринглар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Таҳлил — Лаа илааҳа иллаллоҳ;

Такбир — Аллоҳу акбар;

Ҳамд — Алҳамдулиллаҳ, дейишликдир.

Тобеинлардан Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Зулҳижжанинг ўн куни кирганда солиҳ амаллар ва ибодатга шу даражада киришиб, амал қилганларки, ҳатто охирига бориб қодир бўлмай қолганлар. Азизлар, саҳобийлар ва уларга эргашганларнинг амали солиҳ ва ибодатлар масаласидаги ғам-ташвишлари, ҳар бир кунни ғанимат билишлари шундай бўлган.

Уламолар бу кундаги афзал амаллар ва фазилатли ибодатларни зикр қилишиб, уларнинг ичида қуйидагиларни алоҳида ажратиб кўрсатишган:

• Намоз ўқишни кўпайтириш, хусусан фарз намозларни вақтида ўқишнинг янада фазилатли бўлиши;

• Рўза тутиш, зеро рўза афзал солиҳ амаллардан биридир. Аммо, Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача, яъни тўрт кун рўза тутиш ҳаромдир. Шу боис дастлабки тўққиз кунда рўза тутиш фазилатли ҳисобланади;

• Ҳадисда келганидек бу кунда Аллоҳ таолога таҳлил, такбир ва ҳамду-санони кўпайтириш. Имом Бухорийдан ривоят қилинадики, Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолар Зулҳижжанинг ўн кунлигида бозорга чиқиб, такбир айтишарди ва мусулмонлар ҳам уларга эргашиб такбирни такрорлашарди.
• «Маълум кунларда Аллоҳнинг номини зикр қилинглар», деб айтган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу «Маълум кунлар»ни зулҳижжанинг аввалги ўн куни, деганлар.

• Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мана бунда (яъни, зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида) қилинганидан-да афзалроқ амал йўқ», дедилар. Шунда саҳобалар: «Аллоҳ йўлидаги жиҳоддан ҳамми?» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳа, деб, «лекин бир киши моли ва нафсини хатарга қўйиб кўчага чиқсаю, ҳеч бир нарса билан қайтмаса, ана ўша афзалдир», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

• Имом Термизийнинг ривоятларида: «Солиҳ амаллар қилинган кунлар ичида зулҳижжа ойини ўн кунидан кўра Аллоҳга маҳбуброқ кун йўқдир», дедилар, деб келади.

• Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади: «Аллоҳ таолога ибодат қилинадиган кунлар ичида Зулҳижжа ойининг (аввалги) ўн кунидан севимли кун йўқ. У кунларда тутилган рўза йил давомида тутилган рўзага тенг. У кечаларда қилинган ибодат Қадр кечасида қилинган ибодатга тенгдир»

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу дейдилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ таоло учун кунларнинг яхшироғи ва афзалроғи Ашр (зулҳижжа ойининг ўн) кунидир”. “Аллоҳ йўлидаги иш у кунларга тенг эмасми?” дейишди. Айтдилар: “Аллоҳ йўлидаги (иш ҳам) уларга тенг эмас. Магарам оти ярадор бўлса, юзларини чанг-ғубор қопласа”. Бошқа бир ривоятда: “Оти ярадор бўлса ва қони оқса, дейилган”.

Абу Лайс Самарқандий Фақиҳ айтади: Ойиша онамиздан розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди. Бир йигит қўшиқ ва лағв гапларни эшитиб юрарди. Зулҳижжа ойи киргач, рўза тутар эди. Бу гап Пайғамбаримизга етди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга одам юбориб чақиртирдилар. У келгач: “Бу кунларда рўза тутмоққа сени нима мажбур қилди?” деб сўрадилар. Йигит: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг элчиси, бу кунлар ҳажнинг муайян кунлари ва ҳам ибодатлари бажариладиган кундир. Шоядки Аллоҳ мени ҳожиларнинг дуоларига шерик қилса”, деди. Айтдилар: “Ҳар бир рўза тутган кунинг юзта қулни озод қилишга тенг, юзта туя, юзта отни Аллоҳ йўлидаги жиҳодга берганингга баробар. Агар зулҳижжанинг саккизинчи куни бўлса, у кунда сен учун мингта қул озод қилганнинг, минг туя ва минг отни Аллоҳ йўлидаги жиҳодга юборганнинг савоби берилади. Арафа кунида эса, сен учун икки минг қул озод қилганнинг, икки мингта туя ва икки мингта отни Аллоҳ йўлидаги жиҳодга берганнинг савоби бор. Бу рўзалар икки йиллик рўзага тенгдир. Бир йили олдингисига, иккинчи йили кейингисига“. Бошқа бир ривоятда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Арафа кунидаги рўза икки йил рўза тутганнинг савоб билан тенгдир. Ашуро кунида тутилган рўза бир йил тутилган рўза савоби билан баробар”. Тафсирчилар Аллоҳнинг: “Мусо билан ўттиз кечага ваъдалашган эдик. Сўнгра уни яна ўн (кеча) билан тўлдирдик. Бас, Парвардигорининг (унинг учун белгиланган) вақти комил қирқ кеча бўлди” (Аъроф, 142), деган сўзи ҳақида айтдиларки: “У ўн кеча зулҳижжанинг аввалги ўн кунидир. Аллоҳ Мусога ҳақиқатда гапирган, унга нажот бериб, ўзига яқин қилган ва саҳифалар ёзган кунлари ҳам мана шу ашр кунларидир”.

Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинди: “Сизлар зул-ҳижжанинг ўн кунида рўза тутинглар, дуоларни кўпайтиринглар, истиғфор сўранглар ва садақа қилинглар. Чунки мен пайғамбарларингиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитганман: “Ашр кунлари яхшиликдан маҳрум бўлган кишига вайл бўлсин, хусусан, зул-ҳижжанинг тўққизинчисида рўза тутмоғларингиз лозим. Чунки унда санаб адоғига етиб бўлмайдиган яхшиликлар бор”.

Язид ибн Абу Зайёд ривоят қиладилар: “Саид ибн Жубайр ва Абдураҳмон ибн Абу Лайло, яна кўплаб мусулмон фақиҳлари ийд кунлари ва ташриқ кунлари: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла-а илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”, деб такбир айтар эдилар”.

Жаъфар ибн Сулаймон айтадилар: Собит Баноний ашр кунлари мажлисда барча сўзларни тўхтатиб: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, ла-а илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд”, деб зикр айтар ва: “Бу кунлар зикр кунларидир”, дер эдилар. Уламолар ҳам шундай қилишарди. Жаъфарнинг айтишича, Молик ибн Динор шундай қилганлар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Аллоҳ таоло кунлардан тўрттасини, ойлардан тўрттасини, аёллардан тўрттасини, жаннатга олдин кирувчилардан тўрттасини ва жаннат муштоқ бўлганлардан тўрттасини танлади. Танланган кунлар:

1. Жумъа куни. У кунда бир соат борки, банда Аллоҳ таолодан дунё ва охират ишларидан нимани сўраса, беради.

2. Арафа куни. У кунда Аллоҳ таоло малоикаларга фахрланиб айтади: “Эй малоикаларим, бандаларимга қаранглар, улар сочлари тўзғиган, чанг ҳолатда келяпти. Улар молларини инфоқ қилдилар, баданлари чарчади, шоҳид бўлинглар, Мен уларнинг гуноҳларини кечирдим”.

3. Қурбонлик куни. Бу кун келиб, банда сўймоқчи бўлган қурбонлиғига яқинлашса, биринчи оққан қатра қон банданинг ўтган гуноҳларига каффорат бўлади.

4. Ийд куни. Рамазон ойида рўза тутганларидан кейин улар байрамларга чиқишади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Аллоҳ наздида кунларнинг улуғроғи ва амалларнинг афзалроғи ашр кунларида қилинган амаллардир. Бу кунларда такбирни, ҳамдни ва “ла-а илаҳа иллаллоҳ” калимасини кўпайтиринглар”. Нофеъ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ҳақида ривоят қилиб: “У киши ашр кунларида ётоқларида ҳам, ўтирган жойларида ҳам такбир айтар эдилар”, дейди. Ато ибн Абу Рабоҳ ҳам ашр кунларида кўча ва бозорларда такбир айтганлар. Демак биз ҳам юқоридаги кўрсатмаларга амал қилган ҳолда бу келаётган кунларни ғанимат билиб зикрларда ўтказганимиз афзал экан. Аллоҳ таоло барчамизга буларни муваффақ қилсин.

 

ТИИ Таҳфизул Қуръон кафедраси

ўқитувчиси Зафар Маҳмудов

313850cookie-checkЗулҳижжа ойи фазилатлари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: