islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Хушхабар: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг нурли ҳаёт йўллари энди мактаб дарсликларида

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёт йўлларига, Ислом умматининг манфаати йўлида қилган хайрли ишларига холис назар ташлайдиган бўлсак, битта олимнинг мусулмонлар учун қилган хизмати ниҳоятда салмоқли бўлганини сезиш унча қийин эмас. Бугун у кишидан кейин ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, шайх ҳазратлари қисқагина фаолиятлари давомида унча-мунча жамоалар қилишга улгурмайдиган катта илмий ишларни, тарғиб ва таълим, насиҳат, ваъз-иршодларни амалга ошириб кетдилар. Бутун ҳаётларини мусулмонларга Аллоҳни танитиш, Унинг дини асосларини ўргатиш, миллатни эътиқодий жаҳолатдан қутқариб, илму ирфон бўстонларида сайр қилдириш ишига бағишладилар. У кишининг китоблари кирмаган, ваъз-насиҳатлари янграмаган бирорта ўзбек хонадони қолмади, ҳисоб. Ҳазратнинг ўзбек халқига омонат қилиб қолдириб кетган китоблари, асарлари Аллоҳнинг фазли билан ёш авлодга ҳам етиб борди.

Бугун шайх ҳазратларининг қаламига мансуб «Ибратли ҳаёт йўллари», «Умрини илмга бағишлаган зот» «Китобга ошноликнинг мукофоти» каби мавзуларда жамланган маълумотлар, алҳамдулиллаҳ, мактаб дарслигига ҳам киритилганини кўриб,  бағоят хурсанд бўласан киши. 

Имом Суфён ибн Уяйна раҳматуллоҳи алайҳ: «Солиҳлар зикр қилинган жойга раҳмат ёғилади», деганлар. Чунки солиҳларнинг ҳаёти, фазилати, қилган солиҳ амаллари зикр қилинса, уларга ўхшашга рағбат ортади ва хайрли ишларга тарғиб бўлади. Инсонда яхшиликка интилишга муҳаббат пайдо бўлади.

Фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ҳаёт йўллари, шоядки, юртимиз мусулмонлари, ёш авлод учун ибрат, ўрнак манбаи бўлиб хизмат қилса!

Аллоҳ таоло бу ишга сабабчи бўлганларга икки дунё саодатини берсин, мансаб-мартабаларини кўтарсин, азиз қилсин!

ТИИ Матбуот хизмати

323350cookie-checkХушхабар: Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг нурли ҳаёт йўллари энди мактаб дарсликларида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: