Маъмун 212-827 йили “Қуръон махлуқ, Ҳазрати Али Абу Бакр ва Умар разияллоҳ анҳудан афзал” деган сўзни айтди ва 218-833 йилда инсонларни “Қуръон махлуқми ёки махлуқ эмасми” деган сўз билан имтиҳон қилди. Бу имтиҳон натижасида кўплаб аҳли сунна ва жамоа уламолари азият чекди. Ҳатто имом Аҳмад сингари улуғ олимлар зиндонга ташланиб, азоб уқубатга мубтало қилинди[1].
Аббосийлар ҳукмронлик қилган мусулмон юртларда ҳали тинчлик қарор топмаган эди. Қайсийлар ва қалбийлар ёки мударийлар ва ҳимярийлар орасидаги азалий рақобат энди бутун Нил дарёси бўйлаб қаттиқ жанжалга айланганди. Асосан, суннийлардан ташкил топган мударийлар Аминга ён босишарди. Ҳамиша шиа тарафдорлари бўлиб келган ҳимярийлар эса Маъмунга ён босар эди. Бу икки мазҳаб ўртасидаги қарама-қаршилик ҳеч қачон суст ва осойишта бўлмаган, мухолифликдан жанжаллар учун баҳона ва сабаблар топиш уларга ҳеч гап эмасди. Натижада ҳар доим бўлганидек, бу ошкора урушга олиб келди. Вазият қалтис эканлигини эшитган Маъмун уларни тартибга чақириш учун у ерга Тоҳирнинг ўғли Абдуллоҳни юборди. Бироқ, Абдуллоҳ ўз бурчини бажариб улгурмасиданоқ аббосийларнинг азал-абад рақиблари бўлган византияликлар Форснинг шимоли-ғарбий вилоятларида, Озарбайжонда исён кўтарган бидъатчи Бобакка ёрдам бериб, уни қўллаб-қувватлай бошладилар. Шу сабабдан ҳам Бобакка қарши тўрт йил (213/829-218/833 йиллар) давом этган курашга Маъмуннинг шахсан ўзи бошчилик қилди. У исёнчилар ҳаракатини бостирди. Бобакни мағлубиятга учратди. Сўнгра византияликларга қарши курашиб, Тарсус яқинидаги Зубру қалъасини эгаллади. Маъмун ана шу уруш тадбирлари давомида ҳалок бўлди[2].
Маъмундан кейин халифа бўлган Мўътасим Абу Исҳоқ Муҳаммад ибн Ҳорун ар-Рашид ҳам унинг йўлидан бориб, мусулмонлар қалбига “Қуръон махлуқ” деган эътиқодни сингдиришни ўзига вазифа қилиб олди ва қўл остидаги барча шаҳарларга ўша иш борасида мактублар юборди. Шунингдек, бу ишни униб келаётган ёшларга таълим беришни муаллимларга ҳам амр қилди. Ўша ишни деб кўплаб уламолар қатл қилинди, Имом Аҳмад ибн Ҳанбал сингари уламолар зиндонга ташланиб, калтакланди. 220/835 йил халифа Мўътасим Боғдоддан чиқиб ўзи бино қилган Сомурро (Сурра ман роа) шаҳрига кўчиб ўтади. Бунга сабаб халифа ўз атрофига туркийларни йиға бошлайди. Самарқанд, Фарғона ва уларнинг атрофига хизматчиларни ишга олиш учун элчилар юборади ва уларга беҳисоб бойлигини сарфлайди. Боғдод шаҳрида туркийлар кўпайиб кетади. Баъзиларининг уловлари бўш қўйиб юборилганлиги сабабли маҳаллий аҳолининг экинларини пайҳон қилади. Боғдод аҳли Халифага шикоят қилиб: “Шаҳардан чиқиб кетасан, агар чиқмайдиган бўлсанг сен билан уришамиз”, дейди. Халифа: “Менинг саксон минг аскарим бўлса! Қандай қилиб мен билан уришасизлар”, дейди. Боғдод аҳли: “Сен билан кечанинг ўқлари (кечалари сенинг зараринга дуо қилиш) билан уришамиз”, дейди. Халифа: “Аллоҳга қасамки, бу нарсага менинг тоқатим йўқ”, деб шаҳарни тарк қилади ва Дажла дарёси яқинига бориб Сомурро (Сурра ман роа-кўрган киши ҳурсанд бўлади) шаҳрини бино қилади.
Иброҳим ибн Аббос Совлий: (176/792-243/857) “Бизга Абдувоҳид ибн Аббос Райёший қуйидагиларни айтди”, деб ёзади. “Рум подшоҳи халифа Мўътасимни қўрқитмоқчи бўлиб мактуб юборибди. Мактуб Халифага ўқиб берилгач, Халифа котибига қуйидаги сўзларни имло қилибди: “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм, амма баъд: Мактубингни ўқиб хитобингни эшитдим. Сен шу чоққача менинг жавобимни кўрмагансан ва эшитмагансан. Яқинда кофирлар оқибат (охират) диёри кимники эканини биладилар!”.
Ҳижрий 223 (милодий 838) йил халифа Мўътасим Румликларга қарши уруш қилиб, уларни тор-мор қилади. Улардан ўттиз минг кишини қатл қилиб, яна шунча кишини аср олади[3].
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари
кафедраси катта ўқитувчиси Пўлатхон Каттаев
[1]Шамсиддин Абу Абдуллоҳ аз-Заҳабий. Сияру аълам ан-Нубала. Муассасатур рисала, 1405/1985.-Б.273.
[2]Жалолиддин Суютий. Тарихул хулафо. Аҳмад Иброҳим ва Саъид ибн Аҳмадлар таҳқиқ қилган. -Байрут, 1431/2010.-Б.242.
[3]Ибн Тағрий Бардий. Ан- Нужум аз- заҳир фий мулуки Миср ва Қоҳиро. “Ал-Мактабат аш-шомила” (эл. кутубхона).Б.223.
Жалолиддин ас-Суютий. Аҳмад Иброҳим ва Саъид ибн Аҳмадлар таҳқиқ қилган. Байрут 1431/2010 Тарихул-хулафо. Б.259-261.