islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Эрта уйғонсангиз вақтингиз узаяди

Доно халқимиз азал азалдан эрта турган одам барака топишини уқтириб келган. Сир эмаски, халқимизнинг аксар ҳикматлари муқаддас динимиз буйруқлари устига  қурилган. Қуръони каримнинг Зарият сураси 18-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَبِٱلۡأَسۡحَارِ هُمۡ يَسۡتَغۡفِرُونَ

Ва саҳарларда улар (қилган саҳву-хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар.

Қолаверса Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳим, умматимнинг саҳарларига барака бергин, деб дуо қилганлар.

Мавлоно Жалолиддин Румий хазратларидан сўрашди:

– Нимага қўйлар доимий истеъмол ва қурбонлик мақсадида сўйилишига қарамай насли қирилиб кетмайди? Аксинча кўпайгани кўпайган. Вахоланки, қўйлар йилига бир ёки икки марта биттадан, баъзан иккитадан туғади. Лекин итлар сўйилмаса ҳам, бирдан ўнта болаласа ҳам кўпаймайди. Қўйлар каби сурув бўлиб кетмайди?

Мавлоно жавоб бердилар:

– Тонгга яқин вақт энг баракотли вақтдир. Бу вақтда қўйлар ҳеч ухламайди. Доим уйғоқ бўлади. Итлар эса кечаси билан санғиб, айни шу вақтда ухлаб қолиб, ғафлатда бўлади. Қўйлар тонг баракотидан баҳраманд бўлишади. Итлар эса бу баракотдан бебаҳра қолишади. Шунинг учун қўйлар кўпайгани кўпайган. Бас, ризқингиз кенг бўлишини хоҳласангиз, саҳарлари бедор бўлинг

Бугунги кунда аксар олимлар барвақт туришнинг инсонларга бир қанча фойдаси борлигини аниқлашди ва саҳар туриш учун 6 сабабни маълум қилишди.

1.Эрталаб мураккаб қарорларни қабул қилиш осон бўлади:

Психологларнинг таъкидлашларича, ирода кучи ҳам мускул кучлари каби тугайдиган миқдорда бўлади. У кун давомида озайиб боради ва кун охирига келиб эрталабки қатъиятдан асар қолмайди. Шунинг учун бирор оғир, ёқимсиз ва чарчатувчи ишни бажариш лозим бўлса, бунга эрталабда киришинг, чунки кечга бориб бу ишни бажармаслик учун минглаб баҳоналар топасиз.

2.Эрта турсангиз вақтингиз бемалол бўлади:

Агар кунингизни  саҳар ҳали уйғонмасдан бошласангиз, ўзингизни уйқудаги қиролликка тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Ҳеч қандай тирбандлик бўлмаган бўм-бўш кўчалар ва хиёбонлар, ҳеч ким қўнғироқ қилиб сизни безовта қилмайди.

Бутун олам уйқуда ва бу сизга ўзингиз истаган иш билан шуғулланиш учун қимматли соатларни тақдим этади.

3.Эрталаб камроқ чалғийсиз:

Эрталаб туриб фейсбук саҳифангизни текширасиз ва бор-йўғи учта янгиликни кўрасиз. Электрон почтангизга бирорта ҳам хат келмаган. Янгиликлар сайтларида ҳам ҳали ҳеч нарса чиқиб улгурмаган. Саҳар турсангиз мана шундай чалғитувчи нарсалардан холи бўласиз.

4.Эрталабки кўтаринкилик бутун кунга татийди:

Агарда бажаришингиз лозим бўлган ишларнинг ҳеч бўлмаса биттасини эрта тонгда уддалай олсангиз, қолганларини ҳам бажаришга улгурасиз ва кечга бориб сизда бўш вақт пайдо бўлади. Аммо ишга киришишни тушга яқин бошласангиз, у ҳолда бутун кунингиз тартибсиз ва оғир ўтади. Мўлжаллаган ишларингизни бажаришга вақт етмай қолиши ҳам ҳеч гапмас.

5.Эрталаб зўриқиш кам бўлади:

Аниқроғи, зўриқиш умуман бўлмайди. Бу вақтдаги руҳий ҳолатингизни қуёшнинг илк нурлари акс этаётган сув юзасига ўхшатиш мумкин. Бундай кайфият билан истаган ишингизга киришишингиз мумкин.

6.Кундузи дам олишга имконият пайдо бўлади:

Агар эрта турсангиз ва ишларни куннинг биринчи ярмида бажариб олсангиз, кундуз куни бир соат маза қилиб дам олишингиз учун имконият пайдо бўлади. Барча асосий ишларни бажариб бўлган инсон тушликдан сўнг озгина пинакка кетса бунинг ёмон жойи йўқ.

Эрта туриш инсонга шунча фойда келтирар экан, бунга бефарқ бўлмай, унумли фойдаланиш лозим бўлади. Эрта туриш учун бунинг чораларини кўриш зарур. Барвақт уйғониш учун кечқурун вақтида уйқуга кетиш, тўқ қоринга ухламаслик, мобил алоқа воситаларининг чалғитишига йўл қўймаслик каби чораларни кўриш керак бўлади.

 Аллоҳ таоло барчамизга набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг дуоларидаги баракани топишни насиб қилсин!

ТИИ талабаси Убайдуллаева Нилуфар

331970cookie-checkЭрта уйғонсангиз вақтингиз узаяди

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: