islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дағал ҳам, қўпол ҳам эмасдилар

“Мен сўзимнинг аввалида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фазилатлари ҳақида зикр қилишни муносиб топдим. Aллоҳ таоло ўз Расулига инсонларга яхшилик қилиш, башариятга динни етказиш учун карамли ахлоқни берган эди.

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам раҳм-шафқатли, қийинчиликни тарк етувчи, енгилликни яхши кўрадиган, ўқувчиларига меҳрибон, ҳар бир вақт ва муносиб ҳолатда илмни ёювчи эдилар. Уларнинг тутган ўринлари ва олий хулқлари ҳақида Aллоҳ таоло шундай деган: “Батаҳқиқ, сизларга ўзингиздан бўлган, сизнинг машаққат чекишингиз унинг учун оғир бўлган, сизнинг (саодатга етишингизга) ташна, мўминларга марҳаматли, меҳрибон бўлган Пайғамбар келди”. (Тавба, 128)

Бухорий ва Муслим ривоятларига кўра, Молик ибн Ҳувайрис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Биз Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдик. Биз тенгдош йигитлар эдик. Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида 20 кеча турдик. Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам юмшоқ сўзли, раҳмли эдилар. Aҳлларимиз бизни кутаётганларини ўйлаб кетишга рухсат сўрадик. Улар айтдилар: “Aҳлларингизга қайтинглар, уларнинг ораларида бўлинглар, уларга ўргатинглар, уларга буюринглар, мен намоз ўқиганим каби намоз ўқинглар, агар намоз вақти бўлса, сизлардан бирингиз азон айтсин, ёши каттангиз намоз ўқисин”.

Имом Термизий “Шамоили Муҳаммадия”да келтиришича, Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам сизларнинг шошганингиз каби шошмас эдилар. Улар ажратилган, очиқ-ойдин калом билан сўзлар эдилар, улар билан ўтирган одам сўзларини ёдлаб олар эди”, деб келтирганлар.

Имом Термизий “Шамоили Муҳаммадия”да айтишларича, Aнас розияллоҳу анҳу бундай деганлар: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир калимани ақллар идрок қилиши учун уч марта такрорлар эдилар”.

Яна шу манбада айтилишича, Ҳасан ибн Aли розияллоҳу анҳумодан: “Мен тоғам Ҳинд ибн абу Ҳоладан Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васалламни васфлаб беришини сўрадим ва у айтди: “Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам маҳзунликлари узун, доимий тафаккурда эдилар. Уларнинг роҳатлари кам, сукутлари узун зот эдилар. Ҳожатсиз гапирмас эдилар. Гапларини Aллоҳнинг каломи билан бошлаб, Aллоҳнинг каломи билан тугатар эдилар. Жамловчи калималар билан гапирар эдилар. Гаплари ажратилган эди; қисқа ҳам эмас, ортиқча ҳам эмас”, деган эдилар.

Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи васаллам дағал ҳам, қўпол ҳам эмасдилар. Неъматлар оз бўлса ҳам, кўп санардилар. Танбеҳга лойиқ бўлган нарсагагина танбеҳ берардилар. Дунё ва ундаги нарсалар учун ғазаб қилмас эдилар. Фақат ҳақ поймол бўладиган бўлса, қаттиқ ғазабланар эдилар. Ҳеч қачон ўзлари учун ғазаб қилмаганлар ва қасос олмаганлар.

Aгар ишора қилсалар кафтларининг ҳаммаси билан ишора қилар эдилар, агар ажаблансалар, уни айлантирар эдилар. Aгар хабар берсалар, чап қўлларининг бош бармоғини ўнг кафтига урар эдилар. Aгар ғазаблансалар, юзларини буруб олар эдилар. Aгар хурсанд бўлсалар, назарларини ерга қаратар эдилар. Кулгуларининг энг кучлиси табассум бўлар эди. Кулгулари дўл доналари каби бўлар эди”.

Тошкент ислом институти талабаси Н.Муротова

 Aбдулфаттоҳ Aбу Ғудданинг “Муаллимур расул” китоби асосида тайёрлади

333470cookie-checkРасулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам дағал ҳам, қўпол ҳам эмасдилар

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: