XXI асрни “Компьютер технологиялари асри”, “Тезлик асри”, “Техника асри”, “Интернет асри” ва шунга ўхшаш турлича номланмоқда. Аммо афсуски, бу аср маънавий хуружлар асри ҳам экани, бугун ҳеч кимга сир эмас. Дунёда яккаҳокимлик ўрнатмоқчи бўлаётган давлатлар томонидан турли йўллар билан ўзга халқларнинг турмуш даражасига кириб бориш, уларнинг ижтимоий ва маърифий ҳаётига аралашиш, кишилар онгини аёвсиз заҳарлаш авж олди. Бу хуружлар эса инсонга руҳан таъсир этувчи воситалар орқали олиб борилмоқда.
Шайтон одам боласини алдаш учун, уни гуноҳ қилишга мажбурламайди, балки ўша гуноҳни унинг кўзига чиройли қилиб кўрсатади. Ғоявий урушлар ҳам иблиснинг шу тамойилига асосланган. Сиз ўз фарзандингизнинг ҳар куни одам ўлдиришини тасаввур қила оласизми? Буни ҳатто ақлингизга ҳам сиғдира олмайсиз-а? Лекин бу ҳақиқат бўлса-чи? Ҳа, сизнинг болангиз пичоқлаяпти, автоматдан отяпти, заҳарлаяпти. Фақат бошқача йўл билан, “ўйин”да. Лекин, компьютер ўйинлари бугунга келиб, болаларнинг ажралмас машғулотига айланди.
Энди улар варрак учиришни, боболарига қўшилиб ниҳол экишни хаёлига ҳам келтиришмайди. Дарсдан кейин ёки дарслардан қочиб бўлса ҳам борадиган жойи – компьютер ўйинхоналари, кундалик турмушларидаги энг муҳим мавзу – компьютер ўйинлари бўлиб қолган. Бу ўйинларнинг тўқсон фоизида персонажлар ўта шафқатсиз. Бу, ўз-ўзидан бола онгига виртуал салбий таъсир кўрсатади. Виртуал ўйиннинг қаҳрамони унинг яқин кишисига айланади. Турли хил жанглардан ва қийинчиликлардан, ана ўша “яқин киши”сини тирик олиб ўтиш учун, ўша бола қанчадан-қанча “қон тўкади”, “шафқатсизликлар” қилади. Тўғри, буларнинг бари виртуал оламда содир бўлмоқда, лекин кейинчалик мана шу боланинг ҳеч нарсадан тап тортмайдиган, совуққон, бешафқат инсонга айланиб қолиши айни ҳақиқат. Компьютер ўйинлари, айниқса 10-16 ёшли болалар онгига осон таъсир кўрсатади.
Тан оламизми-йўқми, ана шу компьютер ўйинлари ғоявий урушларнинг энг муҳим қуролларидан биридир. Америкалик киноусталар томонидан суратга олинган “Повороть не туда” кинокартинасининг умумий бюджети 48 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Олти ойда ушбу фильм йиғиб олган жами маблағ эса 901 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Тасаввур қилинг, 901 миллион доллар! Бу биргина филмнинг даромади. Хўш, ниманинг ҳисобига? Сизу бизнинг болаларимиз қизиқиши ҳисобига.
Айтайлик, сиздан 70 километр узоқликда жойлашган тўйхонада яқинингиз тўй қилса, борасизми? Албатта борасиз. Эринмасдан, базм учун алоҳида тайёргарлик кўрасиз. Лекин болангиз ҳар куни қатнаётган интернет кафега бир марта бўлсин, кирмайсиз. У ерда болалар нималар қилишади, қандай мавзуларда суҳбатлашишади, бехабарсиз. Мана, эшитинг, интернет кафеларнинг аксариятида болалар шундай сўзлашишади: “…От! Отсанг-чи!.. Мени ўлдиришди. Нега имиллайсан? Ҳе онангни… Ўв, пичоқ билан сўйишамиз. Автомат ишлатганнинг онасини писмадон қиламиз!.. Орқасидан граната от!.. Маладес! Ким снайпер олган? Мен снайперман… Пойлаб туриб пешонасидан отсанг, дарров ўлади… Имиллама, ўлдир!..”.
Этингиз жунжикиб кетди-а? Бу сўзларни мактабдан чиқибоқ компьютер ўйинхоналарига шошиладиган, ота-онасидан бир соатлик компьютер ўйини учун “арзимас” пул олган, кўринишидан беозоргина болалар айтишади.
Интернет кафе ёки компьютер клублардаги шовқин-суронлар, сўкинишлар, у ердаги ҳавонинг ифлослиги ва гигиеник нотозалик у ерда ўтирган боланинг асаб системасига жуда катта шикаст етказади. Компьютер ўйинларига муккасидан кетган бола улғайган сари одамови, асабий, қўпол, қаҳри қаттиқ бўлади. Жисмоний касалланади: қўли титрайдиган, боши тез-тез оғрийдиган, овқат ҳазм қилиш системасининг бузилиши оқибатида сал нарсага қайт қиладиган бўлиб қолади. Лекин шафқатсизликни тарғиб қилувчи ўйинларнинг болага етказадиган маънавий зарари бундан бир неча баробар кўпроқ. Бир сўз билан айтганда бу каби фаолият билан шуғулланадиганларни маънавий экстремизм тарғиботчилари, дейиш мумкин.
Хўш, болалар ўйнайдиган ўйинлар қандай номланади? Агар сиз ҳам ушбу ўйинларнинг номини билиб ва ҳатто ёдлаб олсангиз, табиийки, уларга компютер олдида соатлаб ўтиришга рухсат бермайсиз.
COUNTER-STRIKE: Бу ўйин қуйидаги қоидаларга асосланган: унда ҳарбийлар бир гуруҳ асирларни ушлаб турган террористларга қарши жанг олиб боришади. Ўйновчи хоҳласа ҳарбий бўлади, хоҳласа террорист. Отишмаларга, портлаш ва чавақлашларга бой бу ўйин болага жангари руҳ беради.
GTA: Бир неча йилдан буён катта қизиқиш билан ўйнаб келинаётган ва турли хил кўринишларга эга бу ўйинни “безорилик китоби” деса бўлади. Қамоқдан чиққан каллакесарнинг фаҳш ва қабоҳатга тўла ҳаёти кўрсатиб берилган бу ўйинни, ҳатто 7-8 яшар бола ҳам қийналмасдан, бемалол ўйнайди ва беҳаё, безори “қаҳрамон”нинг жиноий ишларига кўмаклашади.
NEED for SPEED: “Форсаж” филмига асосланиб яратилган бу видеоўйин спорт ўйинлари сарасига киради. Бу ўйин бир қарашда оддий пойгадан иборатдек туюлса-да, аслида ана шу пойгаларда бўлаётган авариялар, тезлик, қонун посбонларига бўйсунмаслик ва қоидабузарликларни “қаҳрамонлик” тарзида кўрсатилиши бу ўйинни ўйнаётган болани реал ҳаётда шундай ишларни такрорлаб кўришга ундайди.
CALL of DUTE: Бу ўйин беш қисмдан иборат. Биринчи, иккинчи ва учинчи қисмлари 2-жаҳон уруши саҳналари билан тўлдирилган бу ўйиннинг қолган тўртинчи ва бешинчи қисмларида АҚШнинг Афғонистон ва Ироқда олиб борган урушлари акс эттирилган. Ўйиннинг қолган охирги қисмлари замонавий технологиялар асосида шу қадар мукаммал ишланганки, ўйинчи “жанг” да Америка учун жон олиб, жон беради.
BIOHAZARD: “Ёмонлик тарқатувчи” номли фильм трилогияси асосида ишланган бу даҳшатли ўйинни асаби бўшроқ одам ўйнай олмайди. Чунки филмнинг ўзи ниҳоятда даҳшатли бўлиб, томошабинга салбий психологик таъсир ўтказади. Ўйин ҳам шу манбааларни ўз ичига олади. Ундаги қўрқинчли манзаралар, пессимистик мусиқалар ва бизнинг шарқона эътиқодга қарши хатти-ҳаракатлар боланинг онгига бузғунчи таъсир ўтказади ва уни “вампир”га айлантиради.
DOOM: Худди шу номдаги фильм асосида ишланган ва бошқа ўйинлардан ажралиб турадиган ўйин. Унинг персонажи кимни заҳарланган суюқлик билан ўлдирса, қувватига қувват қўшилади. Қандай заҳарлаш ва очко тўплаш ўйнаётган боланинг “маҳорати”га боғлиқ. Энг даҳшатлиси, ўйиндаги қаҳрамон дам олиши учун бирорта фоҳиша билан ётиши керак ва албатта бу ҳам ўйинчи томонидан амалга оширилади.
Бу каби салбий иллатларнинг олдини олиш мақсадида миллий қонунчилигимизда ёшларни носоғлом ахборотлардан ҳимоя қилиш механизми ишлаб чиқилган. “Ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги Қонунда, ёшлар орасида шафқатсизлик, ҳаёсизлик ва зўравонликни ташвиқот қилишга қаратилган ҳар қандай хатти-ҳаракатлар маън этилиши, “Бола хуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда эса зўравонликни, шафқатсизликни ва порнография маҳсулотларини намойиш этувчи, инсон қадр-қимматини таҳқирловчи, болаларга салбий таъсир кўрсатувчи ва қонунни бузиш каби хунук ишларга олиб келувчи воситалардан фойдаланиш, шу каби адабиётларни тарқатиш ҳамда филмларни намойиш этиш қатъиян тақиқланиши белгилаб қўйилган.
Давлатимиз томонидан бу салбий ҳолатларга қарши етарлича чора-тадбирлар кўриб келинмоқда. Аммо… бу қонунларни менсимайдиганлар ҳам топилади. Айрим интернет кафеларининг тадбиркорлик ниқобида иш олиб бораётган эгалари, киберспорт номи остида мусобақа ташкиллаштираётганлар шулар жумласидандир. Уларнинг “ўйин” номи остидаги, бола маънавиятини, онгини бузадиган ёвузликларни тарғиб этиши инсоний қадриятларга ҳам, умумбашарий одоб-ахлоқ қоидаларига ҳам зиддир. Таълим муассасаларидаги назоратнинг кучсизлиги, ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги сусткашлиги, маҳаллаларнинг ўз ҳудудларида фаолият юритаётган бундай “урушхона”ларга бефарқлиги, айрим ички ишлар ходимларининг ёшлар билан олиб бораётган тарбиявий ишларининг шунчаки қоғозда қолиб кетаётгани ёшларни маънавий ва маърифий қолоқлик ботқоғига ботишларига катта замин ҳозирлашини унутишга хеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Қолаверса, бу каби ўйинларни таълим муассасаларида “киберспорт” номи остида мусобақа ташкилланиши одамни янада хавотирга солади. Тўғри, XXI асрнинг шиддати тез, шўхлик қони мавж уриб турган ёш авлод эса янгилик ва ғаройиботларга ўч. Табиийки, бу ҳолат уларни компютер ўйинлари томон етаклайди. Демак, ўз-ўзидан миллий руҳда тайёрланган, халқ оғзаки ижоди образлари ёки эртак қаҳрамонлари қатнашган ўйинларни кўпроқ яратишга эҳтиёж сезилади. Ватанимиз тарихидан сўзловчи ўйинлар эса болалар билимини ошириш билан бир қаторда, уларда Ватанга муҳаббат туйғусини ҳам тарбиялайди. Турли хил топишмоқ ва ақлий ўйинлар ҳам улар учун кони фойда. Фақатгина тақлидчиликдан чекиниб, зўравонлик ва тажовузкорликдан иборат ўйинларни тарғиб қилмасдан мутахассислар томонидан миллий маънавиятимизга, миллий қадриятларимизга, урф-одатларимизга мос ўйинларни мукаммал, қизиқарли қилиб ишлаш лозим. Бунинг учун эса барча шароитлар ва технологиялар етарли. Биз замонамиз АКТ мутахассислари томонидан қисқа муддат ичида ана шундай ақлни чархлайдиган, ёшларни зўравонликка эмас, илм-маърифатга йўллайдиган ўйинларни кутиб қоламиз.
Муҳаммаджон Абдуҳамидов,
ТИИ Ижтимоий фанлар кафедраси доценти, PhD