islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Марказий Осиёга Исломнинг кириб келиши

Ислом дини Туркистонга етиб келган давр Умавийлар халифалиги ҳукм сурган даврга тўғри келади. Халифа Муовия даврида мусулмонлар Хуросон ўлкаларига, Мовароуннаҳрнинг жанубий дарвозаси бўлган Балхга кириб келади. Ана шу даврда Хуросон қароргоҳга айланиб, бу ерда эллик мингдан зиёд ҳарбийлар мавжуд эди. Мовароуннаҳрга келган мусулмонларнинг асосий қисмини Бани Хузайма, Бани Тамийм, Бани Бакр ва бошқа қабила вакиллари ташкил қиларди.

Туркистонга Исломнинг етиб келиши асосан Умавийлар халифаси Абдулмалик ибн Марвон даврида бўлган. Бу даврда Хуросонга Ҳажжож ибн Юсуф волий этиб тайинланганди. Мовароуннаҳрга юриш учун халифа Қутайба ибн Муслим Албоҳилийни ўзининг вакили этиб, лашкарбоши сифатида Туркистонга юборган.

Қутайба ибн Муслим Жайҳун дарёсидан ўтиб, 87 ҳижрий (705 мелодий) санада Бухорога етиб борди.

88-89 ҳижрий (706-707 милодий) йилларда Қутайба ибн Муслим Термиз, Марв шаҳарларига кириб борди. Бу даврда ислом дини кундан-кунга ривож топиб, табиийки, уларнинг сони янада кўпайиб борарди.

Қутайба ибн Муслим Албоҳилий 90 ҳижрий (708 милодий) санада Туркистоннинг маркази – пойтахти Бухорони, 92-94 ҳижрий (710-712 милодий) йиллари суғдлар яшайдиган бир нечта ҳудудларни, шу жумладан, Самарқанд, Хоразмга кириб, суғдий ва хоразмлик туркларни исломга чорлайди.

95-96 ҳижрий санада Қутайба ибн Муслим Албоҳилий Сайхун дарёси иқлими, хусусан, Фарғона водийсига ислом нури сочилишига сабаб бўлади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мусулмонлар мол-мулкни талон-тарож қилишмас, исломни қабул қилган кишиларни ўз жамоаларига бош қилиб, уларнинг мол-мулкларини ўзларида қолдириларди. Лашкарбошилар ва шаҳар ҳокимларини ҳам аксарияти туркийлардан тайинлар эди. Бу эса ислом динини халқ ичида яна ҳам мустаҳкам ўрин эгаллашига омил бўларди.

106 ҳижрий (724 милодий) санада Ҳишом ибн Абдулмалик халифаликка ўтиргач, Мовароуннаҳрга Наср ибн Сайёрни волий қилиб тайинлайди. У тез фурсатда катта минтақаларни қайта бўйсундириб, ислом дини таълимотларини тушинтириш ишларини жадаллаштиради.

 Натижада, бу янги самовий дин (Ислом)га нисбатан қизиқишлари ортиб, тез фурсатда кенг миқёсда ёйилиб боради. Чунончи, Самарқанд шаҳрининг шимоли-шарқида жойлашган Шош (ҳозирги Тошкент) шаҳрида ана шундай хайрли ишлар амалга оширилади.

Шундай қилиб, бу даврда Ўрта Осиёнинг тўртдан бирига ислом дини тўлалигича кириб борди ва бу ерларда халқ ёппасига ислом арконларини сидқидилдан бажаришга ўтдилар.

Ислом дини тез ёйилишининг яна бир сабаби — эски маъжусийлик билан ислом ўртасида осмон билан ерча фарқ борлиги эди.

Аббосийлар халифалиги даврга келиб Туркистон ўзига хос исломий диёрга айланиб улгирди. Ҳатто халифалар ва волийларнинг аксарияти туркийлардан эди. Агар, бу масалага кенгроқ, чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, Умавийлар даврининг охири, Аббосийлар даврининг аввалида Туркистонда янгича оилалар пайдо бўлди: турклар билан араблар қудалашиб, араблашган оилалар кўпайди. Чунки ислом дини барча миллат бир бўлиб яшашни тарғиб этарди. Масалан, Аббосий халифалардан бири Алмуҳташим туркий миллатга мансуб бўлиб, унинг онаси суғдий, отаси эса Аббосий араблардан эди. Шу каби Алмутаваккил, Алмуктофий, Алмуқтадир Биллоҳлар машҳур арабларни ҳам туркий қабилаларга мансуб деган асослар бор.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ана шу янги оилалар икки тарафлама таниқли оилаларнинг зурриёти эдиларки, уларнинг фарзандлари ҳам ҳар томонлама етук ва жисмоний бақувват бўлган. Шу сабаб улар тез орада машҳурликка эришиб, юқори лавозимларни эгаллаб, саркардалар қаторига ўтар эдилар. Бу ҳол Ўрта Осиёда исломни жуда тез ўсишида ва ривожланишида яхши натижа берарди. Натижада, бу даврда туркийларнинг эътибори, нуфузи, қуввати кундан-кунга шу даражада ортиб бордики, ҳатто Туркистон мустақил давлат деб тан олинишига олиб келди.

ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари   кафедраси катта ўқитувчиси

Пўлатхон Каттаев   

333545cookie-checkМарказий Осиёга Исломнинг кириб келиши

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: