islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

САЛОҲИДДИН АЙЮБИЙ ВА ҚУДДУС ФАТҲИ

Салоҳиддин Айюбий ҳижрий 532 йил, милодий 1137 йилда Месопотамиянинг Тикрит шаҳрида туғилган. Европада у “Саладин” номи билан машҳур. Унинг ҳақиқий исми ал-Малик ан-Носир Салоҳ Абул-Музаффар Юсуф ибн Айюб бўлган. Салоҳиддин унга берилган лақаб бўлиб, “диннинг саодоатли иқболи” деган маънони англатади. Салоҳиддин ал-Айюбий асли курд бўлган. Лекин, бир гуруҳ тарихчилар уни араб бўлганлигини таъкидлашади.

Салоҳиддин ёшлигидан диний ва дунёвий илмларга жуда қизиққан. У ҳофиз бўлган, яъни Қуръони Каримни йод олган. Салоҳиддин ёшлигида фалсафага ўзгача қизиққан. Бундан ташқари, у риёзиёт (математика) илмига ошно бўлган. Салоҳиддиннинг болалиги ҳақида маълумот кам.

ХII асрга келиб, Аббосийлар халифалиги уч қисимга бўлиниб кетди. Мисрда шиа оқимидаги Фотимийлар сулоласи ҳукмронлик қилиб, улар Бағдоддаги халифа ҳокимиятини тан олмас эди. Кичик Осиё салибчиларнинг, Месопотамия ва Сурия эса салжуқий султон Нуриддин Зангийнинг қўл остида бўлган. Салоҳиддин ал-Айюбий ҳарбий фаолиятини амакиси Асад ад-Дин Ширкух қўл остида кичик зобит унвони билан бошлаган. У 1171 йилда амакиси билан Мисрга юриш қилади. Ширкух Мисрдаги Фотимийлар сулоласининг ҳукмронлигига барҳам берди. 1174 йилда Асад ад-Дин Ширкух вафот этгач, Салоҳиддин Миср мустақиллигини эълон қилиб, Айюбийлар давлатини қуради.

Салоҳиддин Мисрда мустақил давлат тузгач, 1170 йилда салибчилар устига юриш қилади. Ремле яқинида Қуддус қироли Балдуин IX билан бўлиб ўтган жангда султон кутилмаганда мағлубиятга учрайди. Шундан сўнг, Айюбийлар султони Қоҳирага қайтишга мажбур бўлади. Салоҳиддин Қуддусни қайтариб олишга қасам ичган эди. Шу сабабли навбатдаги юришга ҳар томонлама тайёргарлик кўради. У 1182 йилда Мосул амирлигига ҳужум қилиб, уларни ўзига бўйсундиради. Кейинчалик, Салоҳиддин салибчилар билан иттифоқда бўлган Алеппо (хозирги Ҳалаб) қалъасини эгаллайди. Султон салибчиларнинг барча иттифоқчиларни бирма-бир йўқ қилгач, насронийлар устига юриш қилиш учун қулай фурсат кутди.

1185 йилнинг апрел ойида Қуддус қироли Балдуин IX мохов касаллигидан вафот этди. Қиролнинг олти ёшли ўғли Балдуин X тахтга ўтирди. Аммо, қиролнинг ёшлигидан фойдаланган Ги де Лузинян ва Рено де Шатилон ҳокимиятни ўз қўлларига олишди. Лузинян Қуддус қироли этиб сайланди. Шунда сўнг, янги қирол Салоҳиддинга қарши уруш очиш учун Ҳажга кетаётган карвонни талатиб, карвондаги барча мусулмонларни қиличдан ўтказади. Бундан хабар топган Салоҳиддин салибчиларга қарши юриш бошлади.

1187 йилда Салоҳиддин Айюбий Қуддус томон қўшин тортди. 20 сентябрь куни султон қўшини шаҳарга етиб келиб, қамални бошлади. Қалъада 60 минглик салибчилар қўшини бор эди. 27 сентябрь куни қалъа девори манжаниқлар орқали тешилди. Қуддус учун аёвсиз жанг бошланди. Икки томон ҳам жуда катта йўқотишларга учради. Салибчилар бир кун таслим бўлиш учун султонга элчи жўнатишди. Бироқ Салоҳиддин элчини қабул қилмай шундай деди: “Юз йил олдин салибчилар Қуддусга қандай кирган бўлсалар мен ҳам шундай кираман”. Салибчилар Қуддусни эгаллашганда барча мусулмонларни қиличдан ўтказишган эди. Шаҳар қамали бир муддат давом этди. Иложсиз қолган қалъа қўмондони султоннинг хузурига ўзи элчи бўлиб келди. Тарихий манбаларда ёзилишича, Салоҳиддин билан рицар ўртасида шундай суҳбат бўлиб ўтган.

Салоҳиддин Айюбий: — Қуддус менинг қўлимда. Агар хоҳласам, у қулайди.

Қуддус қўмондони: — Меҳрибонлик буюк ҳукмдорларга хос хусусиятдир.

Салоҳиддин Айюбий: — Масиҳийлар Муқаддас ерни эгаллаб олишганда, ҳамма мусулмонларни йўқ қилишди. Менинг халқим ҳам шуни хоҳлайди.

Қуддус қўмондони: — Агар сиз қасос олсангиз, насронийлар бундан ҳам катта қўшин билан қайтадилар. Ва уруш ҳеч қачон тугамайди.

Салоҳиддин Айюбий: — Сиз оқилона гапиряпсиз, рицар. Агар барча рақибларим сизга ўхшаганида эди, биз ҳеч қачон бу урушда гўлиб чиқмаган бўлардик.

Султон Салоҳиддин Қуддусдаги барча насронийларни тўлов эвазига шаҳарни тарк этишлари учун рухсат беради. Қалъа қўмондони бу таклифга рози бўлди.

Салоҳиддин Айюбий Қуддусга жума куни кириб келди. Ўша куни шаҳарда азон айтилиб жума намози ўқилди. Салоҳиддин Қуддусни  эгаллагач Аскалон, Акра, Тивериада ва Траблус графлигининг бир қисмини эгаллашга муваффақ бўлади.

ТИИ 3-курс талабаси Абдуллаев Абдулазиз

341160cookie-checkСАЛОҲИДДИН АЙЮБИЙ ВА ҚУДДУС ФАТҲИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: