islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

НАМОЗНИ ХУШУЪ БИЛАН ЎҚИШ ФАЗИЛАТИ.

.عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَفْضَلُ الصَّلاَةِ طُولُ الْقُنُوتِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ

Жобир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Намознинг энг афзали қунутнинг узунлигидир” (Муслим, Термизий, Ибн Можа ривоят қилган).

Кўпчилик уламолар ривоятдаги “қунут” сўзини “қиём” деб тушунтиришган. Яъни, намоздаги энг афзал амал қиёмда узоқроқ туришдир.

Аслида “қунут” сўзи “хушуъ”, “намоз”, “дуо”, “ибодат”, “тоатда бардавомлик”, “қиём”, “сукут”, “хузуъ” маъноларини англатади.

بِسْمِ اللَّهِ الرَّحْمَٰنِ الرَّحِيمِ قَدْ أَفْلَحَ الْمُؤْمِنُونَ

1. Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар..

الَّذِينَ هُمْ فِي صَلَاتِهِمْ خَاشِعُونَ

2. Улар намозларида хушуъ қилувчилардир..

وَالَّذِينَ هُمْ عَنِ اللَّغْوِ مُعْرِضُونَ

3. Улар беҳуда нарсалардан юз ўгиргувчилардир..

Шундан келиб чиқиб, ҳадис икки хил изоҳланади:

1. Намоздаги энг афзал амал қиёмда узоқроқ туриш, кўпроқ қироат қилиш.

2. Намозлар ичида энг афзали хушуъ билан адо этилгани, хаёлни бир ерга жамлаб, Аллоҳ буюклигини ҳис этиб ўқилганидир.

Намозни хушуъ билан ўқиш банданинг қиёмат куни Аллоҳ олдида туришини осонлаштиради. Ибн Қаййим айтади: “Банда икки ҳолатда Аллоҳ олдида туради: намозда ҳамда Аллоҳ билан учрашиладиган (қиёмат) кунида. Агар кимда-ким биринчи туришни тўла-тўкис уддаласа, иккинчиси осон бўлади. Агар ким (намозда) туришни енгил санаса, ҳақини тўлиқ адо этмаса, охиратда Аллоҳ олдида туриши қийин кечади”.

وَعَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: مَا مِنْ مُسْلِمٍ يَتَوَضَّأُ فَيُحْسِنُ وُضُوءَهُ ثُمَّ يَقُومُ فَيُصَلِّي رَكْعَتَيْنِ مُقْبِلٌ عَلَيْهِمَا بِقَلْبِهِ وَوَجْهِهِ إِلاَّ وَجَبَتْ لَهُ الْجَنَّةُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَابْنُ خُزَيْمَةَ.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон (киши) таҳоратни чиройли қилиб, қалби ва юзи билан иқбол қилган ҳолда икки ракат намоз ўқиса, унга жаннат вожиб бўлади” (Муслим, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа, Ибн Хузайма ривоят қилган).

Мусулмон киши доим таҳорат билан юриш, хушуъ билан намоз ўқиш орқали жаннатга кириш бахтига эришиши мумкин. Бу бандага – жаннатга кириш учун – берилган катта имкониятдир. Қийин эмас, фақат хоҳиш-истак, бироз ҳафсала бўлса бас.

“Қалби ва юзи билан иқбол қилган ҳолда…” деганда, бутун вужуди билан берилиб, хушуъ-хузуъ билан намоз ўқиш назарда тутилади. Демак, биринчи галда таҳоратни мукаммал қилинади, фикрни бир ерга жамланади, хотиржам намоз ўқилади. Ким шу ишнинг уддасидан чиқа олса, жаннатга киради.

وَعَنْ عُثْمَانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: مَا مِنْ امْرِئٍ مُسْلِمٍ تَحْضُرُهُ صَلاَةٌ مَكْتُوبَةٌ فَيُحْسِنُ وُضُوءَهَا وَخُشُوعَهَا وَرُكُوعَهَا إِلاَّ كَانَتْ كَفَّارَةً لِمَا قَبْلَهَا مِنْ الذُّنُوبِ مَا لَمْ يُؤْتِ كَبِيرَةً وَذَلِكَ الدَّهْرَ كُلَّهُ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالْبَيْهَقِيُّ وَعَبْدُ بْنُ حُمَيْدٍ.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир мусулмон киши фарз намози вақти кирганида таҳоратини, хушуъсини, рукуъсини чиройли адо этса, (ўқиган намози) аввалги гуноҳларга каффорат бўлади. Илло катта гуноҳлар килмаган бўлса. Бу ҳамма давр учундир”, деганларини эшитганман” (Муслим, Байҳақий, Абд ибн Ҳумайд ривоят қилган).

Намозхон гуноҳлари кечирилиши учун қуйидаги шартлар қўйилган:

1. Таҳоратни яхшилаб қилиш.
2. Намозни хушуъ билан ўқиш.
3. Намоз арконларини – қиём, рукуъ, сажда, қаъда кабиларни тўкис адо этиш.
4. Катта гуноҳлардан сақланиш.

Тии модул талабаси, Тўрақўрғон туман “Исҳоқхон тўра”

жоме масжиди имом хатиби Суфиев Жаъфархон

341210cookie-checkНАМОЗНИ ХУШУЪ БИЛАН ЎҚИШ ФАЗИЛАТИ.

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: