Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
عَنِ ابنِ عباسٍ – رضي اللهُ عنهما – قال: قال رسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم: « نِعمَتانِ مغبونٌ فيهما كثيرٌ من الناسِ: الصَّحَّةُ والفَّراغُ» رواه البخاري.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар ундан бебаҳра қоладилар. Улар соғлик ва бўш вақтдир”, дедилар”. (Бухорий ривояти, Риқоқ китоби, 6412 ҳадис).
Муҳаддислар ўз асарларида “Риқоқ китоби”и учун жой ажратишни одат қилганлар. Унда қалбни юмшатиб, мулойим қилувчи ҳамда унинг дунёда зоҳид бўлиб, охиратга рағбат қилишига ундайдиган ҳадисларни келтирганлар. Бундай ҳадислар инсон руҳини тарбиялаб, ахлоқини юксалтиришда катта аҳамиятга эга бўлгани учун баъзи машойихлар уларни алоҳида китоб шаклида ҳам тасниф қилганлар. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Муборак раҳматуллоҳи алайҳнинг “Зуҳд ва риқоқ”, Аҳмад ибн Ҳанбал ва Вакиъ Ибн Жарроҳ раҳматуллоҳи алайҳларнинг “Зуҳд” номли китоблари исломий кутубхоналар фахри бўлиб туради.
Бу мавзудаги баъзи ҳадисларнинг лафзи қисқа бўлишига қарамасдан кенг маъноли. Агар инсон уларни эътибор билан ўрганса, қалби покланиб, нафси тузалишига етарли бўлади. Юқорида келтирганимиз Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ “Саҳиҳ”ида “Риқоқ китоби”нинг аввалига қўйган ҳадисдир. У зот дақиқ фикрлайдиган ҳамда иқтидор ва маҳорати инсонни ҳайрон қолдирадиган даражада. “Саҳиҳ”ида келган ҳар бир ҳадиснинг ажиб нукталари бор бўлиб, улар Китоб режали манҳаж асосида ёзилганини англатади. Шу манҳаж сизга ҳадис матнларини ўқиб, фикр юритмасданоқ, уларнинг мавқеини кўрсатиб беради. Бунга мисоллардан бири шуки, Имом Бухорий “Риқоқ” китобини мазкур ҳадис билан бошлаши унинг шу мавзудаги ҳадисларнинг асоси эканига ишора қилган.
Отам раҳматли мавъизаларида, давраларда шу ҳадисни кўп айтардилар. Бир гал Покистонга кўчиб ўтганларидан кейин биринчи марта қайтиб Ҳиндистонга борганларида Девбанддаги “Дорул улум” таълим даргоҳини зиёрат қилдилар. У ердаги устозу талабалар у кишидан ваъз-насиҳат қилиб беришларини сўрашди. Отам ваъзларини: “Ҳозир сиз мени илмий баҳс юритиб илмий нукталарни очишимни ёки чигал масалалар ечими ҳақида гапиришимни кутаётгандирсиз. Аммо мен “Дорул улум” доирасида қилиб юрган бу каби илмий мавзулар ўрнига илмий бўлмаган ва баҳссиз, лекин ўта муҳим бир мавзу ҳақида гапиришни афзал билдим”, деб бошлаб, кейин мана шу ҳадисни кенг шарҳладилар.
Соғлик ва бўш вақт неъмати
Аллоҳ таоло ҳар бандага беҳисоб неъматлар берган. Берилган неъмат инсондан уч нарсани талаб қилади:
1) Уни етарлича қадрлашни;
2) Унинг шукрини адо этишни;
3) Ундан муносиб тарзда гўзал фойдаланишни.
Демак, бу икки неъмат ҳам кишидан уларни Алллоҳнинг тоат-ибодати йўлида ҳамда У рози бўладиган ва яхши кўрадиган тарзда гўзал сарфлашни талаб қилади. Аммо, инсон ҳар доим соғ юриши ва бўш вақт доим топилавериши каби хаёлларга берилиб қолади. Шунинг учун у бу неъматларни ғафлатда бекор кетказади ёки нолойиқ ишларга сарфлайди. Тоат-ибодатга эътибор қаратмайди. Охир оқибатда бир кун унга касаллик етиб, тоат-ибодатга кучи қолмайди ёки бандлик ёпирилиб, бўш вақти қолмай ибодат учун бир сонияни ҳам тополмайди. Бу ҳолат баъзан вафот этгунича давом этади. У эса надомат билан яшайди. Аммо энди кеч бўлган бўлади.
Ортга сурманг
Кейинга қолдириш шайтон қўллаган йўл ҳисобланиб, у бу билан мусулмонни йўлдан оздиришни мақсад қилади. Чунки, шайтон мўминни диндан воз кечтиролмаслигини, унга намоз ва рўза каби амалларни тарк эттиролмаслигини яхши билиб, ўзининг кейинга қолдиришдек енгил, лекин хатарли услубини ишлатади. Энди мўминнинг қалбига бирор амални бажариш келганда шайтон ўша услуби бўйича ўйнаб, уни амалдан тўхтатади. Айтадики, бугун фалон ва фалон амалларни қилиб улгуришинг керак, бунисини эртага қилақол. Эртасига эса яна бошқа баҳоналар ўйлаб топади. Шу йўсинда ўша амални ҳали келмас эртагача қолдираверади.
Инсон ҳисоб-китоб куни тарозусининг яхши амаллар палласи оғир келишини хоҳлайди. Бунинг учун у нафл намоз ёки садақаларни кўпайтириб, Аллоҳга маҳбуб бўлиш кераклигини ўйлайди. Чунки, киши фарзлар мукаммал бўлиши учун нафлларни ҳам бажариш кераклини жуда яхши билади. У шу ҳақида фикр юритиб, нафл ибодатлар ва зикр каби амаллар қилишга ўзида туртки топади. Айни пайтда шайтон келади-да, ҳар хил ҳийла найранглар ишлатиб, унга ўша амалларни кейинга қўйишга кўндиради. Ҳатто, унинг шу ишини оқлайди. Натижада вақтлари беҳуда нарсалар билан ўтиб, бора-бора соғлиги ҳам кетади. Энди эса хоҳласа ҳам, минг уринса ҳам, ўша амалларни бажаришга кучи етмайди.
Ҳадис эса бирор амал хаёлимизга келса, уни бажаришга фурсат топишимиз биланоқ кечиктирмасдан дарров амалга ошириш кераклигини уқтиради. Чунки Аллоҳ таоло яхши амалга шошилишга буюради:
وَسَارِعُوا إِلَىٰ مَغْفِرَةٍ مِّن رَّبِّكُمْ وَجَنَّةٍ عَرْضُهَا السَّمَاوَاتُ وَالْأَرْضُ أُعِدَّتْ لِلْمُتَّقِينَ
Ва Парвардигорингиз томонидан бўлғуси мағфиратга ҳамда эни осмонлар ва Ер баробарида бўлган жаннатга шошилингиз! У (жаннат) тақводор зотлар учун тайёрлаб қўйилгандир. (Оли Имрон сураси 133-оят).
Демак, яхши амалларга шошилиш керак, уларни кейинга қўймаслик лозим. Балки бундай ишлар учун дунё ишларида бўлгани каби мусобақалашиш яхшидир.
Воридни икром қилсанг, у яна келади
Шайхим раҳматли айтардилар: “Хаёлга келган бирор яхши амалга ворид (келувчи) дейилади. Агар қалбингиз эшигини бирор ворид қоқса ва сиз уни яхши кутиб олиб, ҳурмат изҳор қилсангиз, хоҳишига мос амал билан илтифот кўрсатнгиз, у яна қайта келаверади. Келиб, сизни бошқа яхши амалларга ҳам даъват этади. Аммо акси бўлса-чи? У жуда ориятли меҳмон. Ортига қайтиб кетади-да, ҳаргиз келмайди. Кейин эса қалбингизга яхши ва солиҳ амаллар хаёли ҳозир бўлмайдиган бўлиб қолади.
Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг
асар ва мақолалари асосида
“Ҳадис ва ислом тарихи фанлари”
кафедраси катта ўқитувчиси А.Ғиёсов