Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломга(1) ўша замон аҳлига мос қонун-қоидалардан иборат Тавротни нозил этган ва унда келажакда Ўзи юборишини билдирган кўп пайғамбарларни мақтаб зикр қилган.(2)
«Таврот»да (тўғриси, ҳозирги Библияларда) ҳазрати Мусо алайҳиссаломга хитобан, жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида хушхабар ўлароқ келган маълумотлардан бири ушбудир:
«Мен келажакда уларга (яъни Бану Исроилга) акалари (яъни амакиваччалари бўлмиш Бану Исмоил) орасидан сенга ўхшаган(3) бир пайғамбар юбораман ва оғзига (яъни қалбига) Каломимни жо қиламан. У Мен буюрадиган барча нарсани умматига гапиради. Менинг номим билан (яъни «Бисмиллаҳ» деб) гапирадиган гапига ким итоат қилмаса, ундан ўч оладиган Зот, мана, Менман. Аммо такаббурлик билан Менинг номимдан ёлғон тўқишга журъат қиладиган ва Мен унга буюрмаган нарсаларни Менинг номим ёки бошқа (ботил) илоҳлар номи билан гапирадиган (сохта) «пайғамбар» эса, қатл қилинсин! Агар ҳақ пайғамбар билан сохтасини ажратмоқчи бўлсанг, ушбу мезон сен учун белгидир: «Албатта, ўша пайғамбар бирон нарсани Парвардигор номи билан айтсаю, лекин ўша нарса рўй бермаса, демак, у ўзини улуғламоқчи бўлаётган бир ёлғончидир. Шунинг учун ундан қўрқма!»(4)
Яҳудийлар: «Бу башорат Мусо алайҳиссаломнинг ўринбосари Юшаъ ибн Нун(5) ҳақида айтилган», дейишади.
Лекин, қизиғи, улар (Библияда айтилишича,) Ийсо Масиҳ алайҳиссалом даврида ҳам(6) бошқа бир пайғамбарнинг келишини кутишар эди:
«Яҳудийлар Юҳанно Маъмадон(7) (яъни Яҳё алайҳиссалом) олдига руҳонийларни юбориб, ундан ўзи ҳақида сўрашади. Улар:
– Сен Илёсмисан? – деб сўрашди. У:
– Йўқ, – деди. Улар кейин:
– Сен Масиҳмисан? – деб сўрашди. У:
– Йўқ, – деди. Улар:
– Сен ўша (охирзамон) Пайғамбаримисан? – деб сўрашди. У яна:
– Йўқ, – деди. Шунда улар:
– Сен Илёс ҳам, Масиҳ ҳам, ўша Пайғамбар ҳам бўлмасанг, унда нима учун халқни «Маъмудийя» сувида ғусл қилдириб, тавба этдиряпсан? – дейишди».(8)
Демак, бу ривоят «Таврот» (яъни Библия)нинг Илёс, Ийсо Масиҳ ва ҳали Масиҳ даврига қадар дунёга келмаган бир пайғамбар ҳақида хушхабар бераётганига далолат қилади.
ТИИ “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси
катта ўқитувчиси Абдул Азим домла Зиёуддин
____
1) Мусо алайҳиссалом милоддан аввалги 16-15-асрларда яшаб ўтган.
2) Маълумки, Мусо алайҳиссаломга нозил қилинган Таврот сақланиб қолмаган. Балки, ўзгариб, бошқа тилларга таржима бўлиб кетган. Шундай бўлса-да, ўша ўзгартириб юборилган нусхаларида ҳам айрим ҳақиқатларга ишоралар қолган.
3) Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломга ота-онадан табиий равишда туғилиш, уйланиш, фарзандли бўлиш, пайғамбар деб тан олиниш, зинокорларни ражмга буюриш, ҳокимиятга эга бўлиш, вафот этиш, ерга кўмилиш, уммати тарафидан илоҳийлаштирилмаслик каби сифатларда ўхшашдирлар.
4) Библия, Эски аҳд, «Иккинчи қонун» китоби («Второзаконие»), 18-боб, 18–22-жумлалар.
5) Юшаъ ибн Нун ибн Афроим ибн Юсуф алайҳиссалом аҳли китобларнинг иттифоқига кўра, набий бўлган. Милоддан аввалги тахминан 15–14-асрларда яшаб ўтган.
6) Милодий 1-аср бошларида.
7) Маъмадон – «Маъмудия» сувида ғусл қилдириб, тавба этдирувчи. Насронийлар «Иоанн Креститель», дейишади.
(8) Библия, Янги аҳд, Юҳанно инжили, 1-боб, 19–27-жумлалар.