islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қаршида Имом Насафий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади

Қарши давлат университети ҳузурида Имом Насафий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади. Бу ҳақда Ҳукуматнинг тегишли қарори лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Ҳужжат лойиҳасига кўра, қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • Абу Муин Насафий, Абу Ҳафс Насафий, Абул Баракот Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси, хусусан, уларнинг асарларида келган миллий ҳамда диний қадриятларни халқчил, илмий-оммабоп ва содда тилда жамоатчиликка етказиш;
  • Насаф ва Кеш алломаларининг илмий, маънавий-маърифий меросини тадқиқ этиш орқали уларнинг жаҳон сивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини кўрсатиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли матнлари ва таржималарини нашр этиш, ушбу мавзуларга доир тадқиқотларни тизимли ташкил қилиш;
  • тафсир, ҳадис, фиқҳ, калом, тасаввуф каби ислом илмлари, шунингдек, мотуридийлик таълимоти ва ҳанафийлик мазҳаби равнақида ўзига хос аҳамият касб этган Насаф илмий мактаблари фаолиятини ўрганиш ҳамда уларнинг жамият барқарорлигини таъминлашдаги ўрнини очиб бериш;
  • Ўзбекистон ва жаҳон қўлёзма фондларида сақланаётган насафлик олимларнинг қўлёзма ҳамда тошбосма асарларини аниқлаш, каталогини тузиш, уларнинг асл ва электрон нусхаларини жамлаш;
  • Абу Муин Насафийнинг ақида ва калом илми ривожида тутган ўрни, унинг ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларига қарши курашда қўллаган услубларини ўрганиш ҳамда шу асосда ислом динининг маърифий моҳиятини очиб бериш;
  • Насаф воҳаси илмий-маънавий муҳити, унинг ислом цивилизацияси равнақида тутган ўрни ҳамда бугунги кундаги амалий аҳамияти юзасидан анжуман, симпозиум, конференция, кўргазма, ҳамда бошқа маданий-маърифий тадбирларни ташкил этиш.

Шунингдек, 2023-2024 йилларда насафлик олимлар ҳаёти ва илмий меросига оид энциклопедия тайёрлаш ва нашр этиш ҳамда улар ҳақида бадиий ва ҳужжатли филмлар тайёрлаш режалаштирилмоқда.

ТИИ матбуот хизмати

347300cookie-checkҚаршида Имом Насафий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: