islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Қуръони каримни ўрганиш ва ўргатишнинг аҳамияти

Қуръонни таълим бериш, уммати Муҳаммадийяга фарзи кифоя, уни йод олиш эса вожиби кифоядир, токи унинг мутавотирлигига футур етиб, унга тағйир ва табдил йўл топмасин. Бу вазифани бир қисм мўминлар бажарсалар қолганлардан соқит бўлади ва илло барча баробар гуноҳкор бўлади. Жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оят ва сураларни нозил бўлган вақтдаёқ етказиб таълим беришдан сустлик қилмас эдилар. Аллоҳ таоло: “Эй Пайғамбар, сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган нарсани етказинг! Агар (бу фармонга амал) қилмасангиз, унинг элчилигини (бандаларга) етказмаган бўлурсиз”,деган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ўрганиш ва ўргатиш билан шуғулланган кимсалар, одамларнинг энг афзали эканлигини қуйидаги Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисларида шундай баён қилганлар: “Сизларнинг энг яхшингиз Қуръонни ўрганган ва ўргатганингиздир
Ва яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Ичида андак бўлса ҳам Қуръон бўлмаган киши харобага айланган уйга ўхшайди”.
Ким Қуръони каримни ёшлигида ёдласа, у қорининг эти ва қонига сингийди. Кимда-ким Қуръонни ёши ўтганидан кейин йод олса, ёдидан кўтарилиб кетмаслиги учун уни қайта-қайта ўқиб туради ва эвазига у кишига икки баробар ажр берилади. Яъни, катта ёшдаги киши Қуръонни ёдлашга ўзини ўзи мажбур қилса ва бу иш унга оғир келса, Аллоҳ таоло унга икки баробар ажр ёзади. Ёши кичик бола Қуръонни йод олса, Аллоҳ таоло Қуръонни унинг эти ва қонига сингдиради ва ўша болани малоикаларга дўст деб ёзиб қўяди.

عن أبي هريرة عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: “من تعلم القرآن و هو فتي السن أخلطه الله بلحمه ودمه

«Ким Қуръонни ёши кичиклигида йод олса, Аллоҳ таоло Қуръонни унинг эти ва қонига сингдиради»
Ҳадиснинг маъноси: Ким Қуръон таълимини балоғат ёшига етмасидан, кичик ёшида ёдласа, Қуръон унинг эти ва қонига таъсир қилади. Чунки жасади ва ақли ўсаётган пайтда Қуръон боланинг қалбида, яъни у билан бирга бўлади. Шундай пайтда Қуръон унинг қони ва этига сингиб кетади.
Ҳасан Басрий: «Бизнинг олдимизга ёшларингизни олиб келинг! Чунки уларнинг қалблари бўш, эшитган нарсани йод оладиган бўлади. Аллоҳ таоло кимга бирор нарсани мукаммал қилиб бермоқчи бўлса, уни ёшларга беради», деган.
Қуръонни йод олиш қорининг нажот топиши ва жаннатда даражаси кўтарилишига сабаб бўлади. Олим киши ҳам ёдлаш орқали олимлик мақомига эришади. Қуръонни йод олиш заковат, фасоҳат, баён ва чиройли хулқларга эга бўлишга олиб келади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг Қуръонни йод олганларини танлаб олар ва уларни бирор жойга юбораётганларида: «У ерда сизларнинг кўпроқ Қуръон ёдлаганингиз имомликка ўтсин!»деб тайинлар эдилар. Саҳобалардан бўлган шаҳидлар бир жойга йиғилса, қабрга қўйишда ҳам Қуръондан кўпроқ ёдлаганларини олдинга қўяр ва уларни кўмишда ўзлари ҳам қатнашар эдилар.
Жобир розияллоҳу анҳудан: «Уҳуд куни Расулуллоҳга икки майит баробар келтирилди. У зот: «Уларнинг қай бири кўпроқ Қуръон ёдлаган?» деб сўрадилар. Ўша киши кўрсатилганида уни лаҳадда ҳам олдинга қўйдилар ва: «Мен қиёмат куни уларга гувоҳ бўламан», дедилар. Уларни ювмасдан, қонлари билан кўмишга буюрдилар»
Юқорида ўтган ҳолатдан Қуръон ҳофизлари азиз ва мукаррам кишилар экани ва ушбу шарафлари сабабли бошқалардан олдинга қўйилишлари маълум бўлади. Бунга сабаб, улар қалбларида Аллоҳ таолонинг Китоби бўлмиш Қуръони каримни кўтариб юришларидир.
Яна у зот эрнинг ёдлаган Қуръонини аёл кишининг маҳри сифатида белгилаган ҳолатлар ҳам бўлган.
Маълумки ҳар биримиз болалар катта бўлиши ва улар Аллоҳ таоло қудрати ила илм олишларини биламиз. Албаттаки, илмнинг боши Қуръон. Қуръон-бу уммат учун неъмат ва раҳматдир. У Аллоҳ таоло васф қилганидек, мўминларнинг қалбларига ҳаёт бахш этувчи руҳдир. Қуръон бир руҳ бўлиб, Аллоҳ таоло у ила ҳоҳлаган бандасини тирултирур. У мусулмонлар қалбини порлатиб турувчи нурдир. У мўминлар учун мавъиза, шифо, ҳидоят ва раҳматдир.
Қуръони каримни қанча гапирсак ҳам шунча оздир. Кўриниб турибтики болаларимизга ва қолганларга ҳам биринчи бўлиб бу илмни ўргатишга шошиламиз. Уламоларимиз ҳам илмнинг аввали Қуръон ҳақида эканига кўплаб мулоҳазалар айтиб ўтишган. Қуръони каримда ҳам далиллар келтириб ўтилган.
Анкабут сурасининг 49-оятида Аллоҳ таоло:
«Йўқ! У (Қуръон) илм берилган зотларнинг дилларидаги аниқ оятлардир», дея марҳамат қилади. Бундан Қуръон ҳофизлари аҳли илмлардан экани маълум бўлади. Чунки илмнинг аввали Аллоҳ таолонинг Китобини йод олиш ва тушунишдир. Валид ибн Муслим: «Биз Авзоий билан бирга ўтириб қолганимизда, у орамизда бирор ёш болани кўриб қолса, унга: «Ҳой бола! Қуръонни ўқидингми?» дер эди. Агар ўша бола «Ҳа», деса, Авзоий: Нисо сурасининг 11-ояти: «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир»ни ўқи», дер еди. Агар  ўша бола; «Йўқ», деса, унга; «Илм талаб қилишдан олдин Қуръонни ўрган»”, дер эди. Авзоий ўша болани мерос оятларини ўқишга буюришининг сабаби, бу оятлар бир-бирига ўхшаш ва қийин бўлиб, уни ақлли, зеҳнли кишигина пухта йод ола билар эди».
Бундан кўриниб турибдики, болаларга аввало Қуръондан таълим берилиши керак экан. Агар болаларимиз ёшлигидан Қуръонни йод олишса, катта бўлганларида бошқа илмларни ҳам пухта эгаллайдилар. Уларнинг заковати, ҳотираси, фасоҳати ошган бўлади. Диний таълим олгандан сўнг уни ўзи қизиққан соҳага бериш ва қўллаб қувватлаш бола келажакда етук мутахасис бўлиб улғаяди. Аллоҳ таоло юртимиздан кўплаб қориларни чиқаришни барчамизга насиб этсин.

ТИИ талабаси Саидакбархўжаева Ҳалима

351510cookie-checkҚуръони каримни ўрганиш ва ўргатишнинг аҳамияти
1 та фикр мавжуд

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: