Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадина шаҳрига келганларида, ўзлари бошчилигида дастлаб қурилган масжиднинг эни қирқ газ, узунлиги юз газ бўлган. Унинг устунлари хурмо дарахтидан ясалган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жума хутбасини доим шу устунлардан бирига суяниб ўқир эдилар, дейилади. Чунки у пайтда масжидларда минбар бўлмаган. Тамидуд Доримий розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, сиз учун минбар ясатсак, унинг устига чиқиб хутба қилсангиз, қандай бўлади, деб сўрайди? У Зот алайҳиссалом рухсат берадилар. Шундан сўнг минбар ясаб, уни имом меҳробининг ўнг томонига қўйишади. Манбаларда, ислом тарихида илк ясалган минбар шу бўлган, дейилади. Жума куни одатдагидек, Пайғамбаримиз алайҳиссалом хутба ўқиш учун суяниб, хутба ўқийдиган устун ёнидан ўтиб кетиб, минбарга чиқишга чоғланадилар. Шу пайт ўша устундан йиғи овози эшитилади. У бўталоғидан ажраган туя каби бўзлаб, гоҳо инграб овоз чиқарар эди. Бу товушни шу ерга йиғилган барча саҳобалар эшитишади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чиқсалар устундан чиқаётган овоз кучайиб, ҳатто устун силкиниб, гўё қўйиб берса, ёрилиб кетадиганга ўхшарди. Шу онда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбардан тушиб, тезлик билан келиб устунни қучоқлаганлар. Устун у зотнинг қучоғларида ўксиб-ўксиб ёш бола сингари юпанган. Бу ҳолнинг гувоҳи бўлган саҳобаларнинг барчалари ўзларини тутиб тура олишмасди. Йиғи овозидан масжиднинг ичи ларзага келарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоага юзланиб: “Ушбу устун олдида ҳар жума Аллоҳ таолонинг зикри айтилар эди. Бу сафар ушбу фазилатдан бебаҳра қолганига йиғламоқда. Аллоҳга қасам, агар бунинг йиғисини ўзим келиб тўхтатмаганимда, у қиёмат кунигагача шу тарзда йиғларди”, дейдилар. Устун йиғидан тўхтагач, унга: “Эй Ҳаннона (йиғлагувчи), хоҳласанг, сени кесиб келган чорбоғга элтайлик. Яна қайтадан илдиз чиқариб кўкарасан. Хоҳласанг, жаннатга кўчат қилиб ўтқазаман, жаннат аҳиллари мевангдан ейишади” дейдилар. Шунда устун бундай жавоб қилади: “Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга кўчат қилиб ўтқазинг, мевамни Аллоҳнинг дўстлари есин. Ўткинчи дунёдан кўра абадий жаннатни хоҳлайман”, деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни жаннатга ўтқазишни унга ваъда қиладилар. Устунга яқин турган саҳобалар унинг гапини очиқ ва тиниқ ҳолда эшитишган. Ҳар гал устун мўъжизаси ҳақида гапириладиган бўлса, Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ йиғидан ўзини тўхтата олмасди ва дерди: “Бир жонсиз ёғоч Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлашганига шунча ғам чекди. Биз умматлар у зотнинг дийдорини истаб яхши амал қилиб, йиғлай оляпмизми?”. Ўтган пайғамбарларнинг биронтасига бундай мўъжиза берилган эмас. Ҳазрат Исо алайҳиссалом ўликларни Аллоҳнинг изни ила тирилтириб мўъжиза кўрсатган бўлса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуруқ устун билан сўзлашдилар.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам йиғладилар. Буни кўрган саҳобалар: “Сизни нима йиғлатди, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрашди. У зот: “Бирордарларимни соғиндим” дедилар. Бу гапни эшитган саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули, биз сизнинг биродарларингиз эмасмизми?” дея ҳайрон бўлишди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ. Сизлар саҳобаларимсизлар. Биродарларим эса, мендан кейин келиб, мени кўрмай, менга иймон келтирган кишилардир” деб жавоб бердилар. Эй Аллоҳ, бизларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам соғинган кишилар қаторида қил! Имом Шофеий раҳматуллоҳи алайҳидан сўрашди: “Банданинг Аллоҳга яқинлашишига сабаб бўладиган амалларнинг энг улуғи қайси?” Шунда у зот йиғладилар ва: “Аллоҳ қалбингга назар солганда, сени, дунё ва охиратдан фақат Унигина хоҳлашингни кўришидир” деб жавоб бердилар. Аллоҳим, бизларга ҳам Ўзингга яқинлаштирадиган мана шундай қалб ато эт!
Тошкент ислом инсититути талабаси Жўрабоева Мафтуна