Аслини олганда, инсон уларнинг аксарияти чет тилидан кириб келганини билмайди ҳам.
Ҳар қандай бошқа тилга ўхшаган ҳолда, инглиз тилида ҳам бошқа тиллардан келган “трансфер(“ўтказмоқ”,“кўчирмоқ”,”топширмоқ”маъноларини билдиради) сўзи кўп учрайди. Уларнинг баъзилари инглиз тили мақомига мослашган, аммо баъзилари эса асл кўринишида қолган. XVII асрдан бошлаб XIX асрнинг охиригача Англия дунёнинг имкони борича кўпроқ ҳудудларини босиб олиш фикри билан банд эди. Ҳақиқатан ҳам, шундай давр бўлдики, одамлар “Британия империяси ҳудудида Қуёш ҳеч ҳам ботмайди”, дейишарди – бу жажжи орол-мамлакат сайёрамизнинг шунчалик катта қисмини эгаллаган эдики, Британия ҳудудлари ёки мустамлакаларининг қайсидир биридан доимо Қуёш чиқиб турган бўларди. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, асрлар давомида ўзи босиб олган мамлакатлардан Британия кўплаб нарсаларни ўзлаштириб олди, бироқ ушбу нарсаларнинг бири тил эканлиги кишининг хаёлига ҳам келмайди.
Қадимдаги даврлардан бошлаб, бир тил бошқа тилни бойитиб келган. Бунинг сабабларидан бири фан, техника, савдо-сотиқ ривожланиб боришидир. Ва албатта бошқа сабаблар ҳамда омиллар бўлган.
Инглиз тили Ўрта Ер денгизи ҳудуди мамлакатларининг бирлашган дастурхонига ўхшайди. Унда тонналаб “колбаса” ва “круассан”лар, “нисуаз салатлари” ва “шоколадли суфле”лар мавжуд. Яъни, инглиз тили асосан лотин, немис ва француз сўзлари ўзакларидан тузилган. Шу туфайли ранг-баранг маъноли бой тил пайдо бўлган. Бироқ ушбу зиёфатга ўзгача таъм берувчи, одатда сезиб, аниқлашнинг имкони бўлмаган бошқа тиллар ҳам мавжуд. Инглиз тилини бойитган, араб тилидан кириб келган сўзлар ҳам бор.
Араб тили дунёнинг қадимий, турли вариантларга бой ва гўзал ёзуви бор тилларидан биридир. Араб тилида қарийб 400 млн одам сўзлашади ва шу туфайли у дунёнинг сўзлашадиган аҳолиси сонига кўра, тузиладиган рўйхатнинг энг юқорисида турувчи 5 та тил қаторига киради. Маврлар (Moors) босқини давридан бери араб тилининг испан тилига ўтказган кучли таъсири яхши маълум, аммо инглиз тилида одатда қўлланиладиган сўзларнинг сони ҳақиқатда араб тилидан кириб келгани оммага маълум эмас. “Маврлар” атамаси, асосан, Ўрта асрларда Мағриб, Пиреней ярим ороли, Сицилия, Сардиния, Корсика ва Мальтада яшаган мусулмон аҳолига бориб тақалади. Дастлаб маврлар Мағрибнинг туб аҳолиси – берберлардан келиб чиқишган. 711 йилда шимолий Африкадан аскарлари асосан маврлардан ташкил топган қўшин Испанияни босиб олди. Тарихда бу воқеа Уммавийлар фатҳи деб аталади. Шундан сўнг Пиреней ярим ороли мумтоз араб тилида ал-Андалус деб атала бошланди. Мамлакат гуллаб-яшнаган даврда Септиманиянинг катта қисми ва ҳозирги кун Испания ва Португалияни ўз ичига олган. Барча сўзлар инглиз тилига тўғридан-тўғри кириб келмаган; одатда лотин, турк, француз, испан, немис ёки итальян тилларидан фильтрланиб ўтган, араб тилидан чиқиб кетгани учун бу сўзларнинг шакли, баъзан эса маъноси ўзгарган.
Қуйида уларни рўйхат шаклида келтирамиз:
1. Zero (ноль)
Сиз ушбу матнни ўқиб турган электрон ускунаси рақамли дастурлашсиз мавжуд бўлмаган бўларди. Рақамли дастурлаш эса 0 (zero) рақамисиз мавжуд бўлмас эди. Европаликлар XIII асрнинг дастлабки йилларида итальян математиги Фибоначчи(ҳақиқий исми-шарифи Леонардо Пизанский бўлган) муомалага киритмагунча ноль рақами мавжуд эмас, деган фикрда эдилар. Фибоначчи ноль рақами билан Шимолий Африкада араб маданиятини ўрганган даврида танишган. У араб тилидаги “бўш” ёки “ҳеч нима” деган маънони англатувчи “сифр” сўзини олган ва бироз лотинлаштириб зефирум (zephyrum) сўзини қўллаган. Вақт ўтган сайин бу сўз ҳам ўзгаришларга учраб, итальян тилидаги zero (ноль) шаклини олди. Албатта, тушунчанинг ўзи билан бирга, Фибоначчи уни ёзувда кўрсатиши ҳам керак эди. Рим рақамлари орасида ноль мавжуд эмас эди (қаердан ҳам бўлсин), нима бўлса-да, рим рақамлари билан ўнлик сонларни ифода қилишнинг имкони йўқ: ХХ ни LXVII кўпайтиришдан кўра 20 ни 67 га кўпайтириш анча осонроқ кечади. Шунинг учун Фибоначчи араб рақамларини муомалага киритди ва шу сабаб типографлар ушбу рақамларни “араб рақамлари” деб аташади. Бу рақамларнинг араб ёзувидаги шакллари биз одатланиб қолган рақамлардан бироз фарқ қилади.
2. Alcohol (спирт)
Спирт (alcohol) сўзи ҳам араб тилидан келганини биласизми? Сўз кириб келган, аммо уни англатувчи ашё эмас. Ушбу суюқлик ва сўз бирлиги Европага араб дунёсидан XII асрда кириб келган. Араб тилидаги манба сўз – “ал-куҳл” кўзлар учун ишлатиладиган косметик кукун маъносида ишлатилади. Ушбу сўз маҳсулотни тегишли минералдан ажратиб олиш жараёнидан келиб чиққани ва Европалик кимёгарлар alcohol (алкогол) сўзини ажратиб олиш ёки дистилляция йўли билан ишлаб чиқариладиган ҳар қандай маҳсулотга нисбатан ишлата бошлаганлар. Бироқ кейинчалик бу атама бутунлай “узумдан олинган спирт” (яъни, узум шарбатини дистилляция қилиш йўли билан олинадиган спирт) маъносида ишлатила бошланди.
Бу сўзнинг келиб чиқиши борасида икки хил эҳтимол мавжуд: биринчи назарияга кўра alcohol сўзи антисептик (этанолга ўхшаш) ва кўз бўяш мақсадида (мушук-кўзни кашф қилган Клеопатра) ишлатилган нафис кимёвий кукун ал-куҳл (al-kuhl) сўзидан келиб чиққан. Бошқа бир назарияга кўра, бу сўз “руҳ” ёки “шайтон” маъносини англатувчи ал ғовл (al-ghawl) сўзидан келиб чиққан (инглиз тилидаги ghoul (вампир, қабристон ўғриси) сўзининг келиб чиқиши ҳам шундандир). Иккинчи назариянинг асоси бу эҳтимолга анча яқин бўлса керак: инглизлар спиртли ичимликларни руҳлар маъносини ҳам берувчи spirits сўзи билан ифода этишади. Бунинг устига, ичкиликдан кейин тонгда бош оғриши ҳам шайтон ишига хос.
3. Шакар (Sugar)
Ғарб дунёси аҳолиси кўплаб тотли ҳис ва туйғуларни олиб келганлари учун араб савдогарларидан миннатдор бўлишлари керак. Савдогарлар Ғарбий европаликларга биринчи бўлиб шакар олиб келишган (дастлаб италияликлар ва французларга, улардан инглизларга), унга қўшиб санскрит тилидан ўтган шаркара сўзидан келиб чиққан суккар сўзини киритишган.
4. Кофе (Coffee)
Инглиз тилига ушбу сўз итальян тилидаги туркча қаҳва (kahve) сўзидан келиб чиққан caffè сўзидан кириб келган. Турклар эса бу сўзни арабларнинг қаҳва сўзидан олишган. Ушбу ичимлик маҳсулотини европаликлар Арабистондан (Туркия орқали Италияга ва кейин Европанинг қолган қисмларига); арабистонликлар эса Шарқий Африкадан келтиришган.
Агар қуюқ фильтрланмаган кофеинли ичимлик бўлмиш турк қаҳвасининг тайёрланишини бир тасаввур қилиб кўрсангиз, кофе сўзининг келиб чиқиш тарихига яқинлашасиз. Қаҳва Туркияга кириб келган, аммо у ерда пайдо бўлмаган. Дастлаб Ҳабашистон(Эфиопия)да пайдо бўлиб, XVасрда қаҳва Яқин Шарқ мамлакатларига кириб келган (дастлаб Яманга келтирилган) ва бу мамлакатларда қаҳва номини олган. Араб тилидаги ушбу сўз “бош оғриғини келтириб чиқармайдиган” маъносини бериб, қаҳва дастлаб иштаҳа очувчи (қуюқ) тўқ рангли мусалласга нисбатан ишлатилган.
5. Апельсин (Orange)
Дастлаб Жанубий ва Шарқий Осиёда маданийлаштирилган апельсин санскрит тилида наранга (naranga) номи билан маълум бўлган. Форс тилига наранг шаклида, ундан араб тилига наранж шаклида ўтган. Араб савдогарлари апельсинни Испанияга олиб келишган, испан тилида наранжа сўзи билан танилган. Апельсинлар Францияга un norenge, кейинроқ замонавий француз тилига une orange бўлиб ўтган. Сўнгра инглизлар бу сўзни француз тилидан оранж (orange) шаклида қабул қилишган.
6. Қанд/ширинликлар (Candy)
Инглиз тилидаги candy (қанд/ширинлик) сўзи ҳам араб тилидаги кристалланган шакарқамиш шарбатини англатувчи qand сўзидан олинган. Араблар бу сўзни форслардан олишган, форслар эса санскрит тилидаги (санскрит тилига ўз навбатида дравид тилларидан ўтган) “қамиш шакари” ва “қотирмоқ ёки конденсациялаштирмоқ” сўзларидан олишган; XIII асрга келиб бир семантик доирадаги ушбу икки маъно қўшилиб, уйғунлашиб кетган. XIII асрнинг охирида қанд (candy) “кристаллашган шакар” маъносида ишлатила бошланган.
7. Сироп (Syrup)
Араб тилидан инглиз тилига шакар ва қанд сўзлари кириб келгандан кейин бу тилдан “сироп” сўзи ҳам кириб келган. Бу ҳолатда маъно келиб чиққан сўз ичимлик маъносини берувчи шарабдир (шароб, қиём): мусаллас, мева шарбати ёки ундан ширинроқ бирор нарсани англатади.
8. Пахта (Cotton)
Пахта аслида Арабистондан етиштирилмаган – у Ҳиндистон, Марказий ва Жанубий Америкадан ҳамда бошқа ҳудудлардан келиб чиққан, бироқ Ғарбий европаликлар араб савдогарлари билан тижорат юритганликлари сабабли америкаликлар ҳам, европаликлар ҳам араб тилидаги қутн (qutn) сўзини қабул қилишган.
Пахта (cotton) сўзи араб тилининг Мисрда тарқалган вариациясидаги қутн сўзига бориб тақалади, қутн эса ундан қадимийроқ linen (сурп) ёки flax (зиғир поясидан қилинадиган мато) сўзларидан келиб чиққан. Бугунги кунда Пахта сўзи инглиз тилида Cotton деб аталади.
9. Лимон (Lemon)
Сариқ рангли ушбу цитрус мева ситрус сўзининг араб тилидаги муқобили – лимўн (līmūn) сўзидан келиб чиққан бўлиши мумкин. Замонавий араб адабий тилида лимон сўзи лаймуун (laymuun) деб талаффуз этилади.
10. Ойнома/журнал (Magazine)
Журнал яхшилаб сайқал берилган наср сақланадиган воситанинг ўзи, шу сабабдан инглиз тилида magazine дейилади – сўзнинг келиб чиқиши “омбор” маъносини англатади. Ҳарбийлар ушбу сўзни шу маънода ҳали ҳам портловчи моддалар омборига нисбатан қўллашади. Бу сўз инглиз тилига француз тилидан ўтган (француз тилида ҳали-ҳануз омборни англатувчи сўз magasin сифатида қўлланилади), бу тилга эса италян тилидан magazzino, итальянчага эса, ўз навбатида, араб тилидаги makzin сўзидан кириб келган.
11. Шах ва шахмат (Check ва checkmate, chess)
Check сўзининг дастлабки маъноси шоҳмот ўйини билан боғлиқ бўлган; шах (check) рақибнинг подшосини хавф (таҳдид) остига олиш учун қилинадиган юриш бўлган (ва ҳали ҳам шундай). Шоҳмот ўйини эрамиздан аввалги 500-йилларда Ҳиндистонда пайдо бўлган, Эронда тарқалган, араблар фатҳидан кейин улар ҳам бу ўйинни ўзлаштирганлар. Форс тилида ҳукмдор “шоҳ” дейилади. Бу сўз араб тилига ҳам ўтган. Шоҳмотда рақиб шоҳини хавф остига қўйиб, уни юриш имкониятидан махрум қилган ўйинчи ютган ҳисобланади. Яъни шоҳ ва мот, “шоҳ ўлди” (ёки сал фожиавийликдан узоқлашиб айтилса, “шоҳ ҳеч нарса қила олмайдиган ҳолатда қолди”). Вақт ўтган сайин шоҳ ва мот бугунги кунда ишлатиладиган “шоҳмот” – “checkmate” шаклига келди.
12. Сода (Soda)
Бугунги кунда ҳайратга солса-да, бир замонлар бош оғриғи ва ошқозонда таом ҳазм бўлмаслигига сода ичимлиги тиббий даво деб ҳисобланар эди. Албатта, бундай боғлиқлик ҳақида баҳслар борлигига қарамай, бу сўз араб тилида “чидаб бўлмас бош оғриғи” маъносини англатувчи “суда” (suda) сўзидан келиб чиққан бўлса керак. Ўрта асрларда лотин тилидаги sodamum сўзи билан араб тилидаги оғриқли от “бош оғриғидан қутқарувчи давога” айлантирилди.
13. Матрац/кўрпа (Mattress)
Уй жиҳозлари ҳақида сўз кетганда, шуни айтиш керакки, европаликлар ҳамма вақт ҳам катта, юмшоқ, ёстиқли ётоқларда ухламаганлар. Европалик салибчилар араб маданиятидан бир нечта яхши одатларни ўрганганлар ва булардан бири ёстиқларга бош қўйиб ётишдир. Ёстиқлар ташланадиган тўшакнинг арабча номи тараҳа (taraha) – “ташламоқ” сўзидан келиб чиққан матраҳ (matrah) бўлган. Бу сўз лотин тилига “материциум” – materacium ёки materatium шаклида кириб келган ва ундан итальян ҳамда бошқа Европа тилларига ўтган.
14. Диван (Sofa)
Замонавий жиҳоз компанияларидан кўп асрлар олдиноқ араблар диван устида ҳордиқ чиқаришни билишган. Соя ўсимлиги асосида ишлаб чиқариладиган полиуретан пўкаги ва флексолатор пружина асоси бўлмаса-да, арабларнинг “суффа”си (“тош ёки ёғочдан ясалган супа”) бугунги кунда ўта шинам беқиёс фил суяги ишлатилган, ёстиқчали диванлар даражасигача етиб келган жиҳозларнинг прототипи бўлган. 1620-йилларда турк усталари бу супани хонанинг баланд кўтарилган юмшоқ ёстиқлар солинган ва қимматбаҳо гиламлар солинган бир бутун бўлимига айлантиришган. Бир аср ўтмасдан “узун супа” ғояси яна қайтиб келди. Аммо бу сафар унинг ичига шинам ёстиқлар тиқилган кўринишда пайдо бўлди (ҳозирги замон диван-софасига кўпроқ ўхшайдиган жиҳоз).
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инглиз тилига бошқа тиллардан кириб келган гўзал сўзлар кўп. Кўриб чиққанимиз араб тилидан тўғридан-тўғри олинган сўз ва иборалар эди. Инглиз тилига алоҳида бир йўл билан кириб келган муомалада одатий бўлиб қолган баъзи хорижий сўзларни таний олишимиз мумкин, бироқ кундалик нутқимизда турли-туман хорижий сўзларни кўплаб ишлатишимизни англамаймиз ҳам.
Демак, ҳар бир тилдаги сўзларнинг ўз тарихи бор. Ҳар бир керакли ва манфаатли сўзларнинг маънолари ва келиб чиқишини ўрганиш илм ҳисобланади. Азиз ва қадрли ўқувчилар,толиби илмлар ўрганишдан ҳеч қачон тўхтамайлик. Билим олишга интилинг! Доимо билим ўрганинг!
ТИИ “Тиллар “ кафедраси катта
ўқитувчиси Ерназаров Фахриддин