Ислом тинчлик, фаровонлик, бағрикенглик дини. Бағрикенглик деганда, тоқатлилик, ўзгача қарашлар ва ҳаракатларга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, ўзга динларга сабр-тоқат билан муносабатда бўлиш, инсонийликни таҳқирламаслик, миллатлараро аҳиллик, тотувлик ва бошқа шу каби инсоний фазилатлар тушунилади.[1]
Тарихдан маълумки, юртимизда қадимдан турли ирқу миллатга мансуб, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи халқлар аҳилликда яшаб келишган. Бизда ҳеч қачон кам сонли миллатлар ҳақ-ҳуқуқлари, жумладан, эътиқод эркинликлари чекланмаган, камситилмаган. Бунга халқимизнинг бағрикенг табиати ҳамда тинчлик, тотувлик каби юксак инсоний ғояларни ўзида мужассам этган динимиз йўл бермаган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севар”, – деган.[2] Диний бағрикенглик ҳақида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мен ҳаққа мойил, бағрикенг бўлган дин билан юборилдим,”– деб марҳамат қилганлар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам 35 ёшга кирганларида қурайшликлар Каъбани қайта қуришга киришишди. Замон ўтиши, хусусан, Каъбада ёнғин чиқиши ва сел келиши оқибатида қайта қуриш зарурати туғилиб қолган эди.
Қурилишни бошлаб, ҳамжиҳатлик ила иш олиб боришди. Аммо Ҳажарул асвадни жойига қўйиш вақти келганда ихтилоф чиқди. Ҳар бир қабила бу шарафли иш ўзига бўлишини хоҳлар эди. Хилоф кучайиб, уруш чиқиш хавфи туғилди.
Баъзилар жангга ҳозирлана бошлашди. Бану Абдуддорликлар бир тоғорада қон олиб келишди. Улар Бану Адийликлар билан келишиб, қўлларини тоғорадаги қонга солиб туриб, ўлимга тайёр эканликларини эълон қилишди. Бу ҳол урушдан дарак берарди.
Шу ҳолатда бир неча кун туриб қолишди. Узоқ баҳслашувлардан кейин ишни уларнинг олдига дарвозадан биринчи бўлиб кириб келган кишига ҳавола қилишга келишишди.
Уларнинг олдига Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биринчи бўлиб кириб келдилар. У зотни кўришлари билан ҳаммалари хурсанд бўлиб: “Ана, Муҳаммад келди! Ана, Амийн келди! Рози бўлдик! Ишни унга ҳавола қилишга розимиз!”-дейишди.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам улардан бир ридо келтиришларини сўрадилар. Уни олиб келиб, ерга ёздилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳажарул асвадни олиб, ридонинг ўртасига қўйдилар ва ҳар қабиладан биттадан вакил келиб, ридонинг турли жойларидан тутиб, кўтаришини таклиф қилдилар. Вакиллар кўтариб олиб келганларидан сўнг ўзлари Ҳажарул асвадни олиб, жойига қўйдилар.
Шундай қилиб, у зот ўзларининг беқиёс ҳикматлари ила урушнинг олдини олиб қолдилар. Бу у зот алайҳиссаломнинг бутун дунё халқларини сулҳга ва тинчликка бошлашларининг муқаддимаси эди.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради. Одамларнинг ўзаро бир-бирларига бўлган ишонч ва садоқатлари, меҳр ва мурувватларининг самимий бўлиши ҳам асосан хотиржамликка боғлиқдир. Демак, дунёда ҳаётнинг бир маромда давом этиши, халқнинг Ҳақ таоло буюрган ишларини мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун тинчлик ва осойишталик лозим. Яратган Парвардигор Қуръони каримда ана шу тинчликни сақлаш ва қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, Ислом дини тинчликка тарғиб қилишини, шайтоний йўлларга эргашмаслик лозимлигини таъкидлаб, шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз! Ушбу ояти каримадаги “коффатан” (яъни ёппасига) сўзи араб тили қоидасига биноан ҳол вазифасини бажармоқда. Тафсир китобларида келтирилишича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради. Араб тилидаги “салм”, “силм”, “салом”, ва “ислом” сўзлари бир ўзакдан чиққан, турли маънодаги сўзлар бўлсада, айнан бир мақсадга йўналтирилгандир.[3]
Ҳадиси шарифлар ҳам инсонларни яхши амаллар қилишга, ёмонликлардан қочишга чақиради: «Мусулмон ким? Унинг қўли ва тилидан ҳеч ким зиён кўрмаган киши. Мўмин ким? Бошқаларнинг моли ва жонига тажовуз этмайдиган киши. Муҳожир ким? Гуноҳ ва маъсиятлардан ҳижрат қилган киши», «Имоннинг афзали сабрли ва бағрикенг бўлишдир». Айни кунда диний таълим муассасаларида таълим олаётган ёшлар айнан шундай ғоялар асосида тарбияланмоқдалар.
Дунёда содир этилаётган турли низо, қонли тўқнашув, уруш ва террористик амалиётлар ҳар қандай кишини ўйлантиради ва янада ҳушёр ва огоҳ бўлишни тақозо қилади. Чунки, бу каби инсон ҳаётига раҳна соладиган ҳаракатлар кўпинча, маълум бир дин ниқоби остида содир этилган ва содир этилмоқда.[4]
Навоий вилояти “Мирхалил Майдон ота”
жоме масжиди имом-хатиби Мансуржон Бобоев
[1] Усмонхон Алимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Тошкент ислом университети фахрий доктори. Ислом – тинчлик ва бағрикенглик дини. фикр.уз
[2] Ўша манба. Мумтаҳана, 8 оят.
[3] Усмонхон Алимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Тошкент ислом университети фахрий доктори. Тафсири ирфон. 1 Ж. – Б. 325.
[4] Усмонхон Алимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Тошкент ислом университети фахрий доктори. Ислом – тинчлик ва бағрикенглик дини. фикр.уз