Пайғамбар с.а.в. даври жамиятида зарурат сифатида бугунги армия сингари хавф-хатар ва душманлардан ҳимояланиш чоралари кўрилган. “Уларга қарши имкон борича куч тўплаб отлиқ аскар тайёрлаб қўйинг. Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнинг душманингизни, шунингдек ўзингиз билмай Алллоҳ биладиган бошқа душманларни ҳам қўрқитиб қўясиз. Аллоҳ йўлида нима хайр-эҳсон қилсангиз ўзингизга тўлиқ қайтарилади. Сизларга асло ноҳақлик қилинмайди” (Анфол, 60). Чунки, Мадинанинг дахлсизлиги, ундаги аҳолининг ҳаётига Макка доим хавф солиб турган. Муқаррар душманга қарши куч тўплаш, армия яратиш зарурати пайдо бўлган. Мудофаа яратишга ҳисса қўшганларнинг ҳаракати ҳам жиҳод дея баҳоланган.
Муҳаммад с.а.в.нинг пайғамбарлиги бутун инсоният учун бўлгани сабабли ўз навбатида унинг дини дастури барчани адолатсизлик, зулмдан қутқаришга қаратилган эди. Шу сабабли жиҳод жоҳилият давридаги адолатсизлик, тенгсизлик, зулму ситамга барҳам бериш каби кенг қамровли мазмунга эга атама сифатида ишлатилган.
Ислом номини эшитиб нафратланган ва исломни йўқ қилишга уриниш баробарида нафақат мусулмонларнинг балки, мусулмон юртида яшаётган ўзга дин ва миллат вакилларининг моли, жони, ҳудудий дахлсизлигига тажовуз қилганларга қарши уруш, жанг қилишга Қуръони Каримда “қитол” яъни “уруш” сўзи билан буюрилган. Шу маънода уруш жиҳод ҳаракатининг бир тармоғи бўлиб, урушларда душман томонни ислом динига киритиш аҳамят касб этмаган. Мақсад адолатни ва тинчликни таъминлаш бўлган. “Эй имон келтирганлар! Ён-атрофингиздаги кофирлар билан жанг қилинг. Улар шиддатингизни кўрсин. Билиб қўйинг, Аллоҳ тақводорлар билан биргадир” (Тавба, 123).
Ислом дини кўрсатмасига биноан динни ёйиш зўрлик ва уруш билан эмас, балки илму ҳикмат ва гўзал ваъз билан амалга оширилади.
Жанг маънан жиҳоднинг бир тармоғи сифатида Пайғамбар с.а.в. томонидан кичик жиҳод дея таърифланган. Кичик жиҳод шартлари Қуръон оятларида бундай ифодаланади: “Сизларга қарши жанг қилувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилинг, лекин ҳаддингиздан ошманг (яъни, жанг қонун-қоидаларини бузманг). Аллоҳ ҳаддидан ошувчиларни севмайди” (Бақара, 190).
Жанг қоидалари қуйидагича тушунтирилади: “Таъқиқланган ойда сизларга қарши уришилса қараб турманг. Ҳурматга арзимаганнинг жазоси қасосдир. Ким қанча тажовуз қилса сиз ҳам шунча тажовуз қилинг. Аллоҳдан қўрқинг. Аллоҳ тақводорлар билан биргалигини билиб қўйинг” (Бақара, 194). Урушдан олдин икки томон ёш болаларни, аёлларни, қарияларни, ўзга дин вакили бўлсада олимларни ўлдирмаслик, жасадларни хўрламаслик, биноларни бузмаслик, экинзорларни пайҳон қилмаслик бўйича шартлашган.
Мусулмонларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини чеклаган, уларнинг тинчлиги ва хотиржамлигига раҳна солганларга қарши бирданига уруш очилмаган. Турли музокара, муҳокамалар орқали имкон борича тинч йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилинган. Чунки, урушдаги ғалабадан ҳар икки томондаги жангчилар зарар кўради – яраланади, ногирон бўлиб қолади, вафот этади, оиласига мусибат етади, бутун жамият, мамлакат азият чекади.
Бугунги “жиҳод” номи билан аталаётган фақатгина урушга марказлаштирилган нотўғри талқинлар ортидан содир бўлаётган хунрезликлар мисолида маҳаллий тинч аҳоли, ҳукумат ҳарбийлари, адашганлар томонида бўлганлар, ҳар иккала томондагиларнинг оила аъзолари, жамиятлари, ҳатто мамлакатларига озор етмоқда. Ақидапарастлик ғояларига алданганларнинг ўзи маънисиз жангларда жисман йўқ бўлиб кетганда ҳам, яқинлари, аждод-авлоди, маҳалладошлари, юртдошларини иснодга қолдирмоқда. “Жинс жиҳоди” ғояси остида аёллар билан қилинаётган инсон табиатига тўғри келмайдиган жирканч муомала мусулмонларнинг бошини эгмоқда. Бу билан диндошлар онгсиз, душманлар эса онгли равишда соф динни обрўсизлантирмоқда, йўқ қилишга уринмоқда. Азалдан мусулмон саналган, ўз даврининг исломий маркази бўлган кўҳна Шом юртларида мусулмонларни, уларнинг уламоларини, бегуноҳларни, ожизларни – ёш болалар, қариялар, ҳатто хомиладор аёлларни ваҳшиёна ўлдириш, масжидларни бузиш, маданий меросни йўқ қилиш, талончилик, ўзига тегишли бўлмаган моддий неъматларга ҳаром йўл билан эришиш орқали “Исломий давлат” қуришга ҳаракат қилинди ва бугунги кунда давом этмоқда.
“Исломий давлат” ғояси исломий-диний манбалардан ғаразли фойдаланган ҳолда қайсидир гуруҳ манфаатини кўзлаб ишлаб чиқилган. Унинг бош мақсади нафсига қул бўлганларнинг дунёни қайта бўлиб олиш, қурол-яроқ сотиш ва кўпроқ моддий неъматларга эга бўлиш каби хоҳишларини қондиришга қаратилган эканлиги кечаётган воқеаларни кузатаётган барчага аён.
Қаерда-ки мусулмон учун ўз диний расм-русмларини бажаришга имкон берилган бўлса ўша жойнинг тинчлигини сақлаш унинг бурчига айланади. Бошқача бўлиши мумкин эмас: “Аллоҳ сизлар билан дин йўлида жанг қилмаган ва юртингиздан чиқариб юбормаганларга яхшилик ва адолат қилишингизни ман этмайди. Албатта, Аллоҳ адолатли кишиларни севади” (Мумтаҳана, 8). Мусулмон ўзга дин, миллат, мамлакат вакиллари билан дўстлашиши, уларга ижтимоий моддий ёрдам кўрсатиши, улар билан хушмуомалада бўлиши шарт.
“Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири,
ТИИ “Ижтимоий фанлар” кафедраси
катта ўқитувчиси М.Насриев