Тошкент ислом институтида “Март – Эътиқод мусаффолиги ойлиги” деб эълон қилинган. Шу муносабати билан Олий маъҳад устозлари учун Ўзбекистон халқаро ислом академияси ўқитувчиси, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази бош илмий ходими, доктор Аҳмад Саъд Даманҳурий иштирокида “Аллоҳ таолонинг калом сифати бандаларнинг каломига ўхшамаслиги” мавзусида илмий суҳбат бўлиб ўтди. Доктор Даманҳурий Аллоҳ таолонинг калом сифати ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди, мавзуга доир саволларга илмий ва асосли тарзда жавоблар қайтарди.
Мисрлик машҳур олим Даманҳурий Тошкент ислом институти устоз ва талабаларининг илмий савиясини ошириш учун олиб борилаётган ишлардан хурсанд эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга Доктор институтда ташкил этиладиган семинарларда мунтазам равишда иштирок этаётгани боис бугунги кунда институт талабаларининг илмга бўлган қизиқишлари ва уларнинг илмий салоҳияти юқори эканлигини эслаб ўтди.
Олий маъҳад талабаларига Ақоид фанидан Имом Тафтазонийнинг “Шарҳул Ақоидин Насафия”, Мулла Али Қорининг “Шарҳул Фиқҳил Акбар”, Фиқҳ фанидан Имом Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя” асарининг тўртта жузи, Ҳадис фанидан Имом Таҳовийнинг “Шарҳу маонил осор”, Имом Термизийнинг “Сунани Термизий”, Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий”, Тафсир фанидан Имом Насафийнинг “Тафсири Насафий” каби машҳур уламоларнинг мўътабар китоблари ўқитилаётганини юқори баҳолади.
Доктор Даманҳурий бошқа таълимда бўлгани каби диний таълим тизимида ҳам тадрижий кетма-кетлик бўлиши лозимлигини қайд этди.
Суҳбат сўнгида Доктор Даманҳурий Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти Ўрта Осиё мамлакатларида, қолаверса дунёдаги бошқа ислом олий таълим муассасалари орасида ҳам ўзининг муносиб мавқега эга эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, Тошкент ислом институтида магистратура ва докторантура боқичларини очиш борасидаги саъйи ҳаракатларга Аллоҳ таолодан барака сўради.