islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Профессор Аҳмад Лутфий Қозончи ҳазратлари хонадонида

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, Тошкент ислом институти ректори, профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Туркия сафари давомида Бурса шаҳрида ҳам бўлди.

Маълумки, Бурсада “Саодат асри қиссалари”, “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу”, “Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу”, “Ўгай она”, “Қайнона” каби асарлари билан ўзбек китобхонларининг севимли адибига айланган тарихчи олим Аҳмад Лутфий Қозончи ҳазратлари истиқомат қилади. Туркияга келган ҳар бир зиёли ватандошимиз ҳурматли олимни зиёрат қилмай кетмайди.

Профессор Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов ҳам Бурсага ташрифи чоғида Улудағ университетининг Илоҳиёт факултети Ислом тарихи бўлими профессори Аҳмад Лутфий Қозончи хонадонида бўлиб, олим билан учрашди.

Машҳур олим Аҳмад Лутфий Қозончи 1936 йил 1 августда Туркиянинг Чорум туманида туғилган. 1948 йили Инқилоб бошланғич мактабини, 1960 йили Чорум имом-хатиб ўрта мактабини ва 1964 йили Истанбул олий ислом институтини тугатган. 1960 йилда Чорум Қуббали жоме масжидида қисқа муддат имом-хатиблик қилган. 1964-67 йиллари Чорум, 1969-70 йиллари Испарта ва яна 1970-77 йиллари Чорумдаги имом-хатиб лицейларида дарс берган. 1977 йилда Бурса Олий Ислом Институти, яъни Улудағ университети илоҳиёт факультетига араб тили ва адабиёти бўйича ассистент сифатида ишга кирди. Магистрлик даражасини «Ҳитабети Небевий» номли диссертацияси билан якунлади. “Абдулмалик ибн Марвон” мавзусида докторлик диссертациясини 1983 йилда ёқлаган. 1991 йилда ислом тарихи кафедраси доценти, 1999 йилда эса профессор бўлди. Сўнг Улудағ университети илоҳиёт факультетида Ислом тарихи ўқитувчиси сифатида ишини давом эттирди. Мақолаларини 1986 йилдан бери Улудағ университети илоҳиёт факультети журналида ва бошқа кўплаб илмий нашрларда чоп эттирмоқда.

Дин тарихига, диний масалаларга, ҳазрати Пайғамбар алайҳиссалом ва саҳобаларининг ҳаётларига бағшланган йигирмадан ортиқ номдаги 30 жилдга яқин китобларнинг муаллифидир. Булардан ташқари яна тўртта роман ҳам ёзган.

“Исломда ирода ва қисмат” (1966), “Исломий эътиқод” (1968), “Пайғамбарлик ва пайғамбарлар Қуръон нурида” (1974), “Пайғамбарлик баҳоридан” (1978), “Пайғамбаримиз хитоблари” (1980), “Пайғамбаримиз ўргатган дуолар ва зикрлар” (1982), “Диний маълумотлар”, “Тарихи дини ислом” (1983), “Нега Пайғамбаримизга иймон келтирмадилар” (1983), “Ҳазрати Одам Атодан Хотамул Анбиёгача” (1990), “Марвон ибн Ҳакам” (1996), “Пайғамбарликнинг исботи ва аҳамияти” (1996), “Суннатнинг ёзилиши ва унинг ислом тарихи нуқтаи назаридан аҳамияти” (1996), “Малика Билқис ва бошқалар” (1996), Ҳазрати Али (2003), Ҳазрати Абу Бакр (2004), Ҳазрати Усмон (2004), Ҳазрати Умар (2004) каби китоблар ҳамда “Қайнона” (1969), “Ўгай она” (1970), “Виждон уйғонур” (1974), “Сўнгги бўрон” (1976) каби роман муаллифи

Шулардан “Саодат асри қиссалари”, “Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу”, “Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу”, “Ўгай она”, “Қайнона” асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, нашр этилган.

ТИИ Матбуот хизмати

415670cookie-checkПрофессор Аҳмад Лутфий Қозончи ҳазратлари хонадонида

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: