islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Устоз ва мураббийларга Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг байрам табриги!

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга муқаддас салавоту саломлар бўлсин.

Ассалому алайкум, ҳурматли диний таълим муассасалари раҳбарлари, фидоий мударрислар ҳамда жонкуяр мураббийлар!

Аллоҳ таолога беҳисоб шукрки, сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда, диний таълим муассасаларининг моддий-техник базасини янгилаш, педагог-ўқитувчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, таълим-тарбия самарадорлигини ошириш ва битирувчиларни иш билан таъминлаш юзасидан яхши натижаларга эришилди.

Келгусида устоз ва талабаларимиз учун муносиб шароитларни янада яхшилаш, замонавий ўқув бинолари ва дарсликлар билан таъминлаш ҳамда илғор педагогик технологияларни амалиётга татбиқ этиш, мухтасар айтганда, етук кадрлар етиштириш борасида истиқболли режаларимиз бор, албатта.

Манбалардан маълумки, инсоннинг дунё ва охирати обод бўлиши илм олиши ва унга амал қилиши билан боғлиқ. Қуръон каримнинг кўп оятлари ва Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг қатор ҳадисларида ушбу маънолар баён этилган. Башарият илм билангина Аллоҳни танийди, ҳақиқий саодатни қўлга киритади, унинг шарофати билан юксалади. Илм эса устознинг саъй-харакати, тинимсиз меҳнати, ғайрати ва матонати билан эгалланади.  Фидойи, заҳматкаш устозлар ўз шогирдларига билим бериш баробарида уларга энг гўзал эзгу хислатларни, меҳр-оқибат ва одамийлик туйғуларини сингдириб боради.

Келажак пойдевори бўлган ёшларимизга таълим-тарбия бериб келаётган улуғ инсонларни ҳар доим эъзозлашимиз лозим. Зеро, келажак авлоднинг баркамол ва маърифатли бўлиб вояга етишишида уларнинг хизмати жуда каттадир.

Ўзбекистоннинг бугунги дунё ҳамжамиятида муносиб ўрнини эгаллаб, таълим, маданият, спорт ва бошқа соҳаларда халқаро майдонда ўз мавқега эга бўлишида устоз ва мураббийларнинг ўрни беқиёс.

Илм ва талаб қилишнинг фазилати нақадар улуғ бўлса, илм ўргатиш, яъни, устозлик қилишнинг фазилати ундан-да улуғдир. Аллоҳ таоло илм қадрини баланд қилди ва унинг орқасидан илм ато этилган инсонларнинг ҳам қадрини юксак қилиб қўйганини Қуръони каримда баён этганидан барчангизнинг хабарингиз бор.

Сўзимни ниҳоясида, диний таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган барча ўқитувчи ва мураббийларни умумхалқ байрами  сифатида нишонланаётган шодиёналари чин юракдан табриклайман, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ-умр, шарафли ва машаққатли фаолиятларида каттадан-катта муваффақиятлар тилайман!

Ҳурмат ила,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар

454820cookie-checkУстоз ва мураббийларга Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг байрам табриги!

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: