(Давоми)
Ирфон сари қадамлар…
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бизга энг раҳмли ва шафқатли дин лутф айлаган. Ислом динида ҳомила тушиши ҳақидаги мавзуларни ўқиш асносида, тўғриси, лол бўлиб қолдим. Мавзуга оид ҳадислар, бирон сабаб билан фарзандидан айрилган саҳобия аёллар ҳақидаги ривоятларни ўқиб ўзимдан уялиб кетдим, ичимда улкан тасалли топдим. Ушбу гўзал ҳадисга дуч келгунимга қадар, энди боламдан абадий айрилдим, деб кўзёши тўкиб юрган эканман.
Муоз ибн Жабал ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: «Нафсим қўлида бўлган Зотга қасам-ки, албатта, тушган ҳомила, агар ўша она сабр қилиб, (охиратдаги) савобга умид қилса, онасини киндигидан тутиб жаннатга олиб боради!» (Ибн Можа, 1609-ҳадис).
Имом Нававий роҳматуллоҳи алайҳ: “Фарзандлардан бирортасининг вафоти (ота-она учун) дўзахдан тўсиқдир. Шунингдек, туғилмай нобуд бўлган ҳомила ҳам” деганлар. Валлоҳу аълам!
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати
Эҳ, нақадар ажойиб! Ўзига беадад шуклар бўлсин-ки, Aллоҳнинг марҳамати, инояти билан, иншааллоҳ, боламни жаннат эшиклари олдида учратаман! Ҳадисни аввал ҳам бир неча бор ўқиган бўлсам ҳам, шу лаҳзаларда у мен учун мутлақо яп-янги жаранглар, айнан мени мухотоб тутаётган эди, назаримда. “Бошидан ўтмаганнинг қошидан ўтмас!” деганларидек, бутун танам билан ҳис қилдим ҳадиси шариф маъноларини. Вужудимни қамраб олган қувончдан кўз ёшларимни тиёлмай, ҳўнграб юбордим. Қалбимни босиб турган залворли оғриқларнинг салмоғи бир зумда пардек ҳафифлади-қолди.
Навбатдаги ҳадиси шариф эса, боласи тирик туғилиб вафот этганлар учун ажойиб тасалли бўла олади.
Муъовия бин Қурра отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (с.а.в.) баъзи саҳобалар билан ўтирар эдилар. Улар орасида бирининг кичкина ўғли бор эди, у отасининг орқасидан эргашиб келар ва отаси уни олдига ўтқазар эди. Маълум бир вақтдан кейин ўша бола вафот этди ва у одам боласининг вафоти қайғусидан ушбу даврага келмай қўйди. Пайғамбар (с.а.в.) уни кўрмай қолганлари сабаб: «Нега мен фалончини кўрмаяпман?» – дедилар. Улар: «Ё Расулаллоҳ, сиз уни доим бирга кўрадиган ўғли вафот этди», дейишди. Расулуллоҳ (с.а.в.) уни учратиб қолиб, ўғли ҳақида сўрадилар. У вафот этганини айтди. Унга ҳамдардлик билдирдилар ва: «Эй фалончи, сенга қайси бири қадрлироқ, фарзандинг сен билан бу ҳаётда доим бирга бўлишими ёки эртага қиёмат куни жаннат эшикларидан бирига сендан олдин бориб уни очиб турганими?” деб сўрадилар. “Эй Aллоҳнинг Расули! Албатта жаннатнинг эшигига мендан олдин бориб уни очиб тургани мен учун қадрлироқдир” деб жавоб берди. Расуллоҳ (с.а.в.) «Сен бунга эришасан«, дедилар (Насоий, 2088-ҳадис).
(Давоми бор…)
Нигора УСМОНОВА, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси
Нилуфар КАБУЛОВА, репродуктолог, гинеколог, нутрицолог






