islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

2018 ЙИЛДА ИНСТИТУТИМИЗ УСТОЗ ВА ТАЛАБАЛАРИНИНГ РЕСПУБЛИКА ҲАМДА НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО МУСОБАҚАЛАРДАГИ МУНОСИБ ИШТИРОКИ

Тошкент ислом институти талабаларнинг турли нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, юртимиз шаънини ҳимоя қилиб, фахримизга сабаб бўлиши, улар эришаётган ютуқлар замирида олий Маъҳаддаги малакали устозларнинг хизматлари таҳсинга сазовордир.

Бугун биргина Тошкент ислом институтининг ўзида Қуръони каримни тўлиқ ёдлаган юздан ортиқ қорилар таҳсил олмоқда. “Таҳфизул Қуръон” (Қуръонни ёдлатиш) кафедрасида ёшларга Қироат илмидан таълим бераётган ўндан ортиқ қори устозлар ҳамда эликка яқин турли диний-маърифий ва хорижий фанлардан таълим бераётган ўқитувчи-ходимларнинг барчаси ўз соҳасининг малакали мутахассиси ҳисобланади.
Мана йигирма саккиз йилдирки, юртимизда Республика миқёсида Қуръони каримни ёддан ва тажвид қоидалари билан тиловат қилиш бўйича диний таълим муассасалари талабалари ўртасида мусобақалар ўтказиб келинмоқда. Мазкур мусобақаларда юқори натижага эришган қори ва қориялар турли хорижий давлатларда ўтказиладиган Халқаро Қуръони карим мусобақаларида ҳам иштирок этмоқдалар.

Масалан, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Кувайт, Малайзия, Индонезия, Эрон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси каби давлатларда бўлиб ўтган Қуръони карим мусобақаларида қориларимиз юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилиб келмоқдалар.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2018 йил 22 январдаги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурида Республикамизда марказлашган Қуръони карим мусобақасини ўтказиш назарда тутилган эди.

Шунга асосан, 2018 йил февраль-март ойларида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” эркаклар ва аёллар ўртасида “Ҳифз” ва “Тиловат” йўналишларида Республикамизнинг турли ҳудудларида истиқомат қиладиган беш мингдан ортиқ қори ва  қорияларимиз беллашдилар.Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан бошланган Қуръони карим мусобақаси мўмин-мусулмонларимиз кўпдан бери интиқиб кутган қувончу шодликларни олиб келди. Қалбда мамнунлик, кўзда ёш ила қилинган дуолар, ҳузурбахш тиловатлар сабаб юртимизга файзу баракалар ёғилди.

Қувонарлиси, ушбу мусобақанинг Республика босқичида диний таълим муассасалари талабалари ўртасида ғолиб бўлганларнинг орасида Тошкент ислом институти талабалари ҳам бор. Хусусан, “Ҳифз”йўналишида олий ўринни Нуриддинов Юлдошбой Иброҳим ўғли, 2-ўринни Саидалиев Муҳаммад Ҳожи Мирзо Мўминжон ўғли,“Тиловат” йўналишида 3-ўринни Нажмиддинов Ҳамидуллоҳ Собит ўғли, аёл-қизлар ўртасида Ҳифз” йўналишида олий ўринни Нажмиддинова Робия Қутбиддин қизи, “Тиловат”йўналишида 1-ўринни Сайдалиева Муфаззала Собиржон қизи қўлга киритдилар.
“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”нинг мутлақ ғолиби, олий ўрин соҳиби Нуриддинов Йўлдошбек қори Иброҳим ўғлига Президент совғаси – “Лаcетти” автомашинаси топширилди. Шунингдек, “Тиловат”йўналиши ғолибларига икки кишилик, “Ҳифз”йўналиши ғолибларига уч кишилик Умра сафари Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдим этилди.2018 йилнинг 10-18 апрель кунлари Кувайтда IX – Халқаро Қуръон мусобақаси бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан келган қорилар беллашдилар. Мазкур мусобақада икки – “Ҳифз” ва “Тиловат” йўналишида қорилар иштирок этган бўлса, “Ҳифз”йўналиши бўйича институтимиз талабаси Раҳмонбердиев Абдулазиз қори Рустам ўғли Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, кучли ўнталикка кирди.
2018 йилнинг 19 апрель куни Эрон Ислом Республикасининг Вақф ва хайрия ишлари ташкилоти томонидан ўтказилган 35-Халқаро Қуръони карим мусобақасида институтимиз талабаси Туйғунов Иброҳим қори Жаҳонгир ўғли тиловат йўналиши бўйича иштирок этиб,мусобақадаги муносиб иштироки учун ташаккурнома билан тақдирланиб, кучли ўнталикдан жой олди.

2018 йил 3 май куни Малайзиянинг Куала Лумпур шаҳрида Малайзия Қироли Муҳаммад (V) Фарис Петра ташаббуси билан ташкил этилган халқаро Қуръон мусобақасида “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018”нинг аёл-қизлар ўртасида олий ўринни эгаллаган институт талабаси Нажмиддинова Робия Қутбиддин қизи халқаро Қуръон мусобақасида “Ҳифз”йўналиши бўйича финал босқичида беллашиб, дунё мамлакатлари қориялари ичида 100 баллдан 90 балл олиб, кучли еттиликдан ўрин олди ва Ўзбекистон Республикаси шаънини халқаро мусобақада муносиб тарзда ҳимоя қилди.
2018 йил 5 май куни Ўзбекистон “Ёшлар иттифоқи” саройида юртимизда илк бор ўтказилган “Ҳадиси шариф билимдони – 2018” Республика танловининг Тошкент шаҳар босқичининг эркаклар ва аёл-қизлар ўртасидаги қисми ўтказилди. Танловда диний таълим муассасалари талабалари ҳамда ҳадис илмидан хабардор бўлган иқтидори ёш йигит-қизлар иштирок этдилар.

“Ҳадиси шариф билимдони – 2018” Республика танловида 100 баллдан 97 балл тўплаб,1-ўринни институтимиз талабаси Юсупов Халиллуллоҳ Сади ўғли, 2-ўринни 88 балл жамлаган яна бир талабамиз Тўхтасинов Рўзимуҳаммад Нурмуҳаммад ўғли, аёл-қизлар ўртасида 3-ўринни Нарзуллаева Малика Низомжон қизи қўлга киритдилар. 1-ўринни қўлга киритган Ҳ.Юсупов Республика босқичида иштирок этиш имкониятини қўлга киритди. Ғолибларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент шаҳар вакиллигининг “Artel” телевизори, I-даражали Диплом ҳамда институт томонидан “Гўшт қиймалагич” ошхона буюми ва бошқа қимматбаҳо совғалар топширилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2018 йил 30 мартдаги “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танловининг республика босқичини ўтказиш тўғрисида”ги 01А/041-сонли буйруғига асосан, 2018 йил 16 май “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари Ҳадис фани ўқитувчилари ўртасида “Йилнинг энг яхши ўқитувчиси” кўрик-танлови бўлиб ўтди.

Ушбу “Йил ўқитувчиси – 2018” мусобақаси якунида Тошкент ислом институтидан қатнашган “Диний фанлар” кафедраси ўқитувчиси Асқар Ғиёсов 1-ўринни қўлга киритиб, 1-даражали диплом, энг кам иш ҳақининг 10 баробари миқдорида пул мукофоти ҳамда телевизор ва бошқа қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.Шунингдек, мусобақа иштирокчилари учун “Ҳилол нашр” нашриёти томонидан ҳам китоблар тўплами совға қилинди.
Шунингдек 2018 йил 6-11 октябрь кунлари Саудия Арабистонининг Мадина шаҳридаги Масжидун Набавийда илк бор Қуръон ҳифзи, тиловати ва тафсири йўналишларида халқаро мусобақа бўлиб ўтди. Мазкур мусобақада Тошкент ислом институти “Таҳфизул-Қуръон” кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов баҳоловчи ҳакам сифатида қатнашган бўлса,“Ўзбекистон Қуръон мусобақаси – 2018” танловининг “Олий ўрин” соҳиби, қирол Абдул Азиз халқаро мусобақасининг 30 порани ёддан ўқиш йўналишида институтимиз талабаси Йўлдошбой қори Нуриддинов иккинчи ўринни олиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилдилар.

Келажакда бу ёшларимиздан дунёга машҳур қори ва муҳаддислар етишиб чиқади ва юртимизни Қуръон ва Ҳадис илмлари соҳасида ҳам жаҳонга танилишида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар деб умид қиламиз.Юртимиздан яна Бухорийлар, Самарқандийлар, Шошийлар, Термизийлар каби улуғ авлодларни тарбия топишига ишонамиз. Аллоҳ таоло ёш қори ва устозларимизга, ўзларига ўхшаган кўплаб қори ва олимларни етиштириб чиқаришда Ўзи мададкор бўлсин.

Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти
Маънавият, маърифат ва иқтидорли
талабалар билан ишлаш бўлими
бошлиғи Ў.СОБИРОВ

64090cookie-check2018 ЙИЛДА ИНСТИТУТИМИЗ УСТОЗ ВА ТАЛАБАЛАРИНИНГ РЕСПУБЛИКА ҲАМДА НУФУЗЛИ ХАЛҚАРО МУСОБАҚАЛАРДАГИ МУНОСИБ ИШТИРОКИ

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: