14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:
وَأَعِدُّواْ لَهُم مَّا اسْتَطَعْتُم مِّن قُوَّةٍ وَمِن رِّبَاطِ الْخَيْلِ تُرْهِبُونَ بِهِ عَدْوَّ اللّهِ وَعَدُوَّكُمْ وَآخَرِينَ مِن دُونِهِمْ لاَ تَعْلَمُونَهُمُ اللّهُ يَعْلَمُهُمْ وَمَا تُنفِقُواْ مِن شَيْءٍ فِي سَبِيلِ اللّهِ يُوَفَّ إِلَيْكُمْ وَأَنتُمْ لاَ تُظْلَمُونَ
Улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват ва эгарланган отларни тайёр қўйингиз, бу билан Аллоҳнинг душманини, ўз душманингизни ва улардан бошқа ўзингиз билмайдиганларни қўрқитасиз. Уларни Аллоҳ биладир. Аллоҳ йўлида нимани сарф қилсангиз, сизга тўлиқ қайтарилур. Сизга зулм қилинмас. (Тафсири ҳилол. Анфол сураси 60 оят)
Марҳум шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ бу оят тафсирида шундай деганлар: ушбу оят мусулмон жамиятининг қуролли кучлари доимо шай туриши лозимлигига далилдир. Ҳар бир мусулмон жамият қўлидан келганича ҳарбий тайёргарликни кўриб қўйиш билан Аллоҳнинг амрини бажарган бўлади.
Демак Аллоҳ таолонинг шу буйруғига кўра, давлатда душманга қарши туриш учун керакли ҳарбий тайёргарлик бўлиши шарт. Аллоҳ таоло имкон борича душманга қарши куч-қувват тайёрлаб қўйишга амр қилган. Ояти каримада қўлланган (قُوَّةٍ) “куч қувват” сўзини уламолар турлича изоҳлаганлар:
1- Мўмин-мусулмонлар учун душманга қарши жангда зарур бўлган жамики қурол аслаҳа турлари;
Бу қавлга кўра, душман имкониятларидан келиб чиқиб унга муносиб қаршилик қилиш учун керак бўлган жамики қурол турларини, бугунги замонавий ҳарбий қурол-аслаҳаларни тайёрлаш, сотиб олиш, сақлаш Аллоҳнинг бир амрини бажариш бўлади.
2- Мудофаа мақсадида қурилган ҳарбий истеҳком ва қалъалар;
Бу қавлга кўра, мусулмонлар ўз Ватанлари сарҳадларини душман қадамидан асраш учун керакли чораларни кўриши, масалан: чегарада девор қуриш, симтўсиқлар тортиш ҳатто душман кириши мумкин йўлакларни миналаштириш ҳам Аллоҳнинг бир амрини бажариш бўлади.
3- Ўқ отмоқ;
Бу қавлга кўра, мусулмонлар лозим бўлганда душманга қарши туриб дин, Ватан, миллат ва халқ ҳимоясида ўқ отишни, мерганликни ўрганишлари, ўқотар қуролларни ишлатишни ўргатувчи махсус билимгоҳлар қуриши Аллоҳнинг бир буйруғини бажариш бўлади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари “куч қувват” сўзини бир ҳадисларида “ўқ отмоқ” деб тафсир қилган эканлар. Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтади:
سمعت رسول الله صلى الله عليه و سلم و هو على المنبر يقول و اعدوا لهم ما استطعتم من قوة الا ان القوة الرمى ثلاثا
Расулуллоҳ соллаҳу алайҳи ва салламдан эшитдим, Ул зот минбарда туриб уч бора: “Душманларга қарши улар учун қўлингиздан келганича куч-қувват тайёрлаб қўйинг. Билиб олинг, куч-қувват бу ўқ отмоқдир!”—дедилар (Муслим ривояти).
Давлатлар ҳарбий салоҳиятини ошириб бораркан, душманнинг эҳтимолий ҳужумларига юқорида айтилганидек ҳамиша шай тураркан, бунинг натижасида уларга маълум ва номаълум душманлари қўрқувга тушади. Замонавий қуролланган қудратли армияга эга давлат билан ҳар қанақанги душман ҳам эҳтиёт бўлиб муомала қилади. Уруш очиш, босқинчилик ҳаракатларини амалга оширишга юраклари бетламайди.
Шунингдек, ояти каримада таъкидланганидек кимки ҳарбий соҳага Аллоҳ йўлида сарф-харажат қилса, ҳарбийларга маош берса, рағбатлантирувчи совғалар улашса, салоҳиятини ошириш йўлида моддий кўмак кўрсатса, Албатта Аллоҳ унинг ажрини тўла-тўкис қилиб беради. Бандаларнинг сарф-харажатлари беҳуда кетмайди, уларга ноҳақлик қилинмайди. Зеро, Аллоҳ ҳеч бир хайрли ишни ажрсиз қолдирмайди.
Авазбек МЎМИНОВ
Андижон шаҳри “Чинор” жоме масжид имом хатиби