islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Мовароуннаҳр тафсир мактаблари

VIII-IX асрларда Мовароуннаҳрда тафсир илми ўзига хос ривожланиш хусусиятларига эга. Бу даврда тафсир илми ҳадис ва фиқҳ илмлари каби тараққий этмаган эди. Гарчи ушбу даврга оид тафсир илми бўйича кам маълумот етиб келган бўлса-да, тафсир илмининг бошқа ислом ўлкаларидаги тараққиёт босқичларини тадқиқ этган ҳолда юртимиз олимлари томонидан яратилган ҳозирги кунимизгача этиб келган асарлар орқали тасаввур ҳосил қилиш мумкин.

Мовароуннаҳр тафсир илми тарихи ҳадис илмининг кириб келиши билан боғлиқ. Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобийларнинг Қуръонга шарҳлари ҳадислар таркибида жамланган. Илгари зикр этганимиздек, Умар ибн Хаттоб буйруғига кўра араблар Марвгача этиб келиб, шу эрда 70 йил қолиб кетишади ва ўзлари ўрганган илмлардан ҳадисларни маҳаллий халққа ўргатадилар. Сўнг Марвда ривоят қилинган ҳадислар Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларга кириб келади. Мовароуннаҳрда Самарқанд ҳадис илми маркази, Бухоро эса, фиқҳ илми марказига айланади.

Самарқанд бошқа Мовароуннаҳр шаҳарларидан фарқли равишда бир нечта муфассирларни етиштириб чиқариши ҳамда калом илмининг ҳам марказига айланганини ёритиш ҳали тадқиқотчилар олдида турган муҳим вазифалардан.

Тахмин қилиш мумкинки, ҳадис илми ривожлангандан сўнг тафсирга доир маълумотлар ҳам унинг таркибида ривоят тарзида ҳадис маркази бўлмиш Самарқандда тарқалган. Шунинг учун бўлса керак, ҳар томонлама ривоятлар кенг тарқалган Самарқандда ривоятларни жамлаб, тафсирга доирларини саралаб чиқиш биринчи бўлиб амалга оширилган.

Бу даврдаги тафсир илми тарихи жуда кам ўрганилган. Бу манбаларнинг етишмаслиги билан изоҳланади. Бу даврга мансуб баъзи олимлар ҳақида биографик манбаларда “тафсир асарини ёзган”, дейилса-да, уларнинг тафсирдаги услублари ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилмаган. Лекин Мовароуннаҳр ва Хуросонда фаолият кўрсатган олимларнинг бизгача етиб келган асарларида тафсирга доир фикрлари қисман мавжуд бўлганига кўра, бу ҳақида сўз юритиш мумкин.

VIII асрда тобеинлардан таълим олган Абдуллоҳ ибн Муборак Марвазийнинг тафсир соҳасидаги фаолиятини таъкидлаб ўтиш ўринли. У Ўрта Осиёда ўтган илк муҳаддис, муфассирлардан саналади. У Марвда яшаб ижод этган, отаси турк, онаси хоразмлик эди. У ёшлик даврида Имом Аъзам Абу Ҳанифага шогирд бўлди. Шунингдек, тобеинлардан Робиъ ибн Анас ибн Зиёд Бакрий унга таълим берган. У шеърлар ҳам битиб, одоб-ахлоқ, инсонийлик нафосатини улуғлаган. У тафсир соҳасида ҳам фаолият олиб борган. Унинг “Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ” китоби илм аҳли орасида машҳур китоблардан саналади. У биринчилардан бўлиб, ҳадисларни китоб шаклига келтирган олимдир. Унинг юртимизда ҳадис илми ривожига қўшган ҳиссаси юқори. Шунингдек, унинг “Тафсир” асари ёзганлиги ҳақида баъзи манбаларда зикр этилган. Лекин унинг тафсири бизнинг давримизгача етиб келмаган. Лекин “Китоб аз-зуҳд вар-рақоиқ”, “ал-Бирр вас-сила” асарларидаги ҳадислар орасида баъзи Қуръон оятларига берилган шарҳларни кузатиш мумкин. У ўз асарларида оятлар шарҳига оид ҳадислар билан бир қаторда, саҳобий ва тобеинларнинг ҳам шарҳларини келтиради.

Юртимиздаги бу давр олимларидан Аҳмад ибн Ҳафс Абу Ҳафс Кабир Бухорий (150/768-216/832) бўлиб, Мовароуннаҳрда 2-ҳижрий асрдан ҳанафий мазҳабини тарқатган. У Абу Ҳанифанинг шогирди Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбонийдан таҳсил олган. Бухорода биринчилардан бўлиб, ҳанафий мазҳабини тарқатиб, кўплаб шогирдлар етиштирган. Лекин унинг тафсир соҳасидаги асарлари бизгача этиб келмаган.

Улардан кейинги даврда муфассирлар сифатида зикр этилган Имом Доримий (798-869), Имом Бухорий (810-870) ва Ҳаким Термизий (820-905)ларнинг тафсир борасидаги фаолияти муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг илмий меросида тафсир асарлари зикр этилиб, давримизгача этиб келмагани айтилади. Бу алломаларнинг сақланиб қолган асарларидаги тафсир илмига оид ривоят ва маълумотларини таҳлил этиш уларнинг тафсиршуносликда тутган ўрнини кўрсатиб беради.

Бухорий муҳаддис сифатида Доримий ва Абу Исо Термизийдан фарқли равишда оятларни шарҳлашда саҳобий ва тобеинларнинг сўзларидан ва ўз билимларидан ҳам фойдалангани сабабли уни Мовароуннаҳр тафсиршунослигига тамал тошини қўйган аллома дейиш мумкин.

Ҳаким Термизий ҳам моҳир муфассирлардан саналган. Унинг сақланиб қолган асарлари орасида баъзи бир оятларга берилган шарҳларни кўриш мумкин. Жумладан, унинг “Таҳсил назоир ал-Қуръон” асарида Қуръондаги “ҳидоят”, “куфр”, “ширк”, “ҳикмат”, “ислом”, “иймон”, “шукр”, “ҳақ” каби 80 та сўзга шарҳ берилган. Унда Қуръон сўзлари маъноларини тасаввуфий шарҳлашга эътибор берилган. Асарда Термизий Қуръонда кўп учрайдиган сўзларнинг асосий маъносидан ва унга алоқадор маъноларга кўчиши мумкинлигини зикр этади.

Ҳаким Термизийнинг ҳадисларни тасаввуфий шарҳлашга оид “Наводир ал-усул” асари одоб-ахлоқ, иймон масалаларига бағишланади. У 291 бобдан иборат бўлиб, турли мавзуларга бўлинган. Шу билан бирга асарда Қуръон оятларининг шарҳлари ҳам мавжуд. Эътиборли жиҳати шундан иборатки, асарнинг барча бобларидаги ҳадисларнинг мазмуни Қуръон оятларидан фойдаланилиб, кенгроқ ёритишга ҳаракат қилинган. Унинг шарҳлаш услубида нақлга таяниб, тафсир қилишдан кўра, оятларни тасаввуфий шарҳлаш, маъноларининг ботинига кўпроқ эътибор бериш кучли эканлигини кузатиш мумкин. Масалан, “Васвасанинг иймонни тўсиши” ҳақидаги бобда шундай шарҳ берилади:

حَبَّبَ إِلَيْكُمُ الْإِيمَانَ وَزَيَّنَهُ فِي قُلُوبِكُمْ

“У (Аллоҳ) сизларга иймонни суюкли қилди ва уни қалбларингизда зийнатлади” оятидаги “қалб”ни “Қалб бу бир парча ботиний ва бир парча зоҳирий нарсадир. У “фуад” ҳам дейилади. Унда икки кўз ва қулоқ бор. Қалбни Аллоҳ ўзи бурувчидир”.

Шунингдек, “Илм ал-авлиё” асарида Қуръондаги “ҳикма” сўзига бошқа муфассирлар каби “ҳадис” деб шарҳ бермай, қуйидаги шарҳни беради:

وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ

“Уларга Китоб (Қуръон) ва ҳикматни ўргатадиган… ” оятидаги “ал-китоб” Қуръоннинг зоҳири, “ал-ҳикма” эса, унинг ботини, яъни яширин маънолари деб шарҳлайди.

 

4-курс талабаси
Шамсиддин Йўлчизода

90140cookie-checkМовароуннаҳр тафсир мактаблари

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: