islom-instituti@umail.uz | +998-71-227-42-37

Бир ҳадис шарҳи…(Аллоҳ яхши кўрган саҳоба)

Ҳижрий иккинчи йилнинг Рамазон ойи… Саҳрода 313 саҳоба Шомдан келаётган Қурайш карвонига кўз тикмоқда… Минглаб туяларни етаклаб келаётган Абу Суфён бошлиқ йирик карвон… Шу пайтда саҳобаларнинг қалбига саросима солган хабар янгради: «Абу Суфён карвон йўлини ўзгартирди, мусулмонлардан карвонни сақлаш учун қурол-аслаҳалар билан тайёргарлик кўрган экан». Хаёлларда бир ўй айланишни бошлади: «Биз жангга тайёр эмасмиз».

Улуғ саҳоба билан боғлиқ унутилмас воқеа шундай бошланган.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 «Мен Миқдод ибн Асвад туфайли бир «машҳад»нинг гувоҳи бўлдим (яъни, Бадр жанги назарда тутилади). Шу машҳадда иштирок қилганимга бериладиган савоб мен учун ҳар қандай дунёвий мукофотдан маҳбуброқдир. Миқдод ибн Асвад Пайғамбар алайҳиссаломнинг қошларига келганда, у зот мусулмонларни мушрикларга қарши жангга даъват қилиб турган эдилар, Миқдод бундай деди: «Биз сизга мусоийларнинг Мусо алайҳиссаломга «Эй Мусо, ўзинг Раббинг билан бориб кофирларга қарши жанг қилавер!» деган гапларини айтмаймиз, балки биз ўнг томонингизда ҳам, чап томонингизда ҳам, ортингизда ҳам, олдингизда ҳам туриб жанг қиламиз». «Шунда мен Расулуллоҳнинг юзлари ёришиб кетганини кўрдим»,— дейди Миқдод. Чунки, унинг гапи Расулуллоҳни беҳад хурсанд қилган эди». 

Ушбу ҳадис Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Бадр жанги куни айтган сўзи ҳақида.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушрикларга қарши жангга чорлаб ваъз қилаётган эдилар. Шунда Миқдод розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга енгил бўлсин деб: «Мусо алайҳиссаломнинг қавми айтганидек «Сен ўзинг Раббинг ила бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар», деб айтмаймиз. Асло! Қавмингиз бундай ҳеч қачон тарқалиб кетмайди. Балки олдингизда туриб душманингиз билан курашади, динингизни, Раббингизнинг шариатини ҳимоя қилади», дедилар. Қалби иймон билан тўлган кишининг ушбу сўзларидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беҳад қувондилар. Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳунинг эҳтиромга лойиқ мавқейи бор эдики, Абдуллоҳ ибн Масъуд  розияллоҳу анҳу у киши айтган гапни айтишни орзу қилганлар. Бошқа нарсанинг эвазига бериладиган амалларнинг ўрни бу каби ҳолатга тенг кела олмаслигига қасам ичдилар. Зеро, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳнинг мамнуниятлари ва Миқдод розияллоҳу анҳуга бўлган ҳурматларини кўрган эдилар. Шу сабабдан ҳам бу манзарани улуғ санаб, шундай деган эдилар. («Манҳал ҳадис», 3/528)

Ибн Мардивайҳдан қилинган ривоятда воқеалар кетма-кетлиги қуйидагича бўлган. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр юришига чиқаётганларида мусулмонлар билан маслаҳатлашдилар. Умар розияллоҳу анҳу билан кенгашганларидан сўнг бошқалардан ҳам фикр сўрадилар. Ансорлардан бири шундай деди: «Ансорлар жамоаси, Расулуллоҳ сизларни хоҳлаяптилар. Зеро, биз Бани Исроил Мусо алайҳиссаломга айтгандек демаймиз. Сизни ҳақ билан юборган зотга қасамки, агар сиз чангу тўзонлар ичида юрсангиз ҳам биз сизга эргашардик». («Умдатул қори», 17/107)

Имом Насоий бу ривоятга қўшимча ҳам қилганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Қурайш қавми Бадр жангини қасд қилгани ва Абу Суфён ўзи билан бирга бўлганлар билан қутулиб қолгани ҳақида хабар етиб келди. Шунда У зот одамлар билан маслаҳатлашдилар. Абу Бакр  розияллоҳу анҳу туриб, яхши гапирди. Умар розияллоҳу анҳу ҳам шундай туриб, фикрини айтди. Сўнгра Миқдод розияллоҳу анҳу туриб, «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, агар сиз бизни чанг тўзонли ерга бошласангиз ҳам биз сиз билан бирга жанг қиламиз», деди. «Менга маслаҳат беринглар», дедилар. Миқдод розияллоҳу анҳу ансорлар назарда тутилганини билди. Ансорлар у зотга мувофиқ келмай қолишидан қўрқаётган эди. Чунки улар олдин фақат у зотни ўлдиришга қасд қилганларга қарши ёрдам беришга байъат беришган, балки у зот билан бирга душманга қарши юриш қилишга келишмаган эдилар. Саъд ибн Муоз розияллоҳу анҳу: «Сизга буюрилган ишингизда бардавом бўлаверинг, биз сиз биланмиз, Расулуллоҳ», деди.

Ибн Абу Ҳотим Абу Айюбдан қилган ривоятида воқеалар ривожи шундай келган: «Биз Мадинадалигимизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Менга Абу Суфённинг карвони ҳақида хабар келди. Унинг олдига чиқсангиз, балки Аллоҳ унинг карвонини сизга ўлжа қилиб тортиқ қилар?» «Майли», дедик-да йўлга чиқдик. Бир ёки икки кун юргач, у зот уларнинг жангга тайёрлангани ҳақида хабар келганини айтдилар. «Аллоҳга қасамки, қавм билан жанг қилишга тоқатимиз йўқ», дедик. У зот яна бир марта қайтардилар. Шунда Миқдод: «Бани Исроил Мусо алайҳиссаломга айтган гапни сизга айтмаймиз. Балки сиз билан бирга жанг қиламиз», деб айтамиз», деди. Биз ансорлар жамоаси Миқдод айтган гапни биз ҳам айтганимизда эди, деб орзу қилдик”, дейилган.  («Фатҳул Борий», 7/287-289)

Ҳадисларда кетма-кет зикр қилинаётган бу саҳобий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга чексиз муҳаббат қўйган, Расулуллоҳ ҳам бўлакча меҳр билан уни яхши кўрган саҳоба Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳудир.

Миқдод ибн Асвад розияллоҳу анҳу отасининг исми аслида Амр бўлган. Асвад уни ўзига фарзанд қилиб олгани учун унга нисбат берилади. («Фатҳул Борий», 7/287)

Бу саҳобанинг Расулуллоҳ учун алоҳида ўрни бўлган. Мазкур воқеадан жасорат соҳиби бўлгани билинади. Зеро, қалтис вазиятда «Биз сиз биланмиз», деб Расулуллоҳга хайрихоҳ бўлиб, у зотга эргашиш яққол намоён бўлади. Миқдод розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло ва Унинг Расулига содиқ қолди, ўзининг қарорини ўзгартирмади. Итоат ва оғир дамда кўмак бериб, бирлашишнинг натижасида саҳобалар ғолиб бўлиб, катта ўлжаларни қўлга киритдилар.

Миқдод ибн Асвад ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло менга тўрт кишини яхши кўришга буюриб, Ўзи ҳам уларни яхши кўришининг хабарини берди. Улар: Али, Абу Зарр, Миқдод ва Салмон». (Имом Термизий ривояти)

Аллоҳ ва Унинг Расули муҳаббат қўйган зотлардан Аллоҳ рози бўлсин. Бизларни ҳам уларга эргашувчилардан қилсин!

3-курс талабаси
Мунаввара Ниёзалиева

90200cookie-checkБир ҳадис шарҳи…(Аллоҳ яхши кўрган саҳоба)
Дўстларга улашинг:

Мавзуга доир:

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг:

Диний-маърифий янгиликлардан хабардор бўлинг!