Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги ПФ- 5416-сон Фармонига асосан ислом дини ва ҳадис илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг бой меросини чуқур ўрганиш, улар томонидан асос солинган ҳадис мактаблари фаолиятини қайта тиклаш ва ривожлантириш, улар қолдирган бой илмий меросни ўрганиш, тадқиқ қилиш орқали халқимиз ва кенг жамоатчиликка етказиш ва тарғиб қилиш, хусусан ҳадис ва унга доир илмларни чуқур ўзлаштирган етук мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Ҳадис илми мактаби ташкил этилган эди.
Ҳадис илми мактабида ўқиш муддати 5 йил бўлиб, “Ҳадис илмлари, диний фанлар мутахассиси ва араб тили ўқитувчиси” мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрлайди.
Мактабда матахассислик фанларини ўқитиш устоз-шогирд анъанаси асосида мазкур фан бўйича рухсати (ижозаси) мавжуд Республикамиз ва хорижлик малакали педагог ўқитувчилар томонидан амалга оширилади.
Ҳадис илми мактабига 2019-2020 ўқув йили учун абитуриентларнинг ҳужжатларини қабул қилиш 2019 йил 5 июль кунига қадар давом этади.
Ҳадис илми мактабига абитуриентлар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
– қабул ҳайъати раиси номига ариза;
– ўрта махсус ислом таълим муассасасини битирганлиги ҳақида ҳужжат (диплом) асл нусхаси;
– паспорт нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
– 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
– яшаш жойидаги масжид имом-хатибидан тавсиянома (жорий йилда ўқишни тамомлаган битирувчилар таълим муассасаси раҳбаридан тавсиянома олади).
Ҳадис илми мактабига абитуриентларни қабул қилишда кириш имтиҳонлари қуйидаги фанлардан бўлиб ўтиши кўзда тутилган:
1. Ҳадис ва Мусталаҳул ҳадис (ижодий имтиҳон) – 3,1 балл;
2. Араб тили (ижодий имтиҳон) – 2,1 балл;
3. Ўзбекистон тарихи (тест синови) – 1,1 балл;
Ҳадис илми мактаби биноси Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий мажмуаси ёнида барпо этилган бўлиб, олий даргоҳда умумтаълим, хорижий ва мутахассислик фанларини чуқур ўрганиш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, ислом илми ривожида ўз ўрнига эга буюк аждодларимизга муносиб бўлиши учун мактабда талабаларга замонавий техникалар билан жиҳозланган ўқув аудиториялари, кутубхона, ёпиқ спорт зали ва сув ҳавзаси, ётоқхона ва шинам ошхона мавжуд.
Манзил: Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, Хўжа Исмоил шаҳарчаси, Имом Бухорий мажмуаси.
Телефон/факс: (+99866) 240-20-51, (+99866) 240-20-52
Манба: kun.uz
Assalommu Aleykum, Xadis ilmi maktabiga bakalavr bosqichini tugatgan va umuman boshqa soha boyicha oqigan, lekin endilikda hadis ilmini chuqurroq organish uchun shu maktabga topshirmoqchi bolayotgan studentlar qabul qilinmaydimi? Javob uchun oldindan rahmat!
Ва алайкум ассалом. Ҳадис мактабига фақат мадраса дипломи билан қабул қилинади.Ҳозирги пайтда фақат йигитлар қабул қилиняпти, аёл-қизлар мактабга қабул қилинмайди.