Жорий йилнинг 15 январь куни Бош прокуратурада Бош прокурор раислигида Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 19.09.2018 йилдаги “Террористик, экстремистик ёки бошқа тақиқланган ташкилот ва гуруҳлар таркибига адашиб кириб қолган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини жиноий жавобгарликдан озод этиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ПФ-5542-сонли Фармони ижроси юзасидан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 12 нафар фуқароларнинг жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида тақдим этилган мурожаатлари кўриб чиқилди. Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзолари, яъни Олий суд раиси ўринбосари, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, Республика маҳаллар кенгаши раиси ўринбосари, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазирининг маслаҳатчиси, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари, Мусулмонлар идораси, ДХХ, ИИВ ва Бош прокуратуранинг тегишли бошқарма ва тармоқ бошлиқлари ҳамда масъул ходимлари қатнашдилар. Йиғилишда комиссия аъзолари бир овоздан тақиқланган ташкилотлар таркибига адашиб кириб қолган 11 нафар фуқароларни жиноий жавобгарликдан озод этиш ҳақида хулосалар қабул қилинди, 1 нафар фуқаронинг мурожаатини қўшимча ўрганиш учун ишчи органга қайтариш ҳақида овоз берилди. Маълумот учун: Комиссияга жорий йилнинг 1 январь кунига қадар жами 70 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 18 таси Фармон талабларига мос келмаган, 20 таси комиссияда муҳокама қилинган (10 таси жавобгарликдан озод этиш ва 4 тасини рад этиш ҳақида хулоса қилинган, 6 таси қўшимча ўрганишга қайтарилган), 32 таси қолдиқда қолган. Жиноий жавобгарликдан озод қилинган 11 нафар фуқароларни Ўзбекистонга қайтариш, ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, шу жумладан, уларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашишга қаратилган ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш ҳақида топшириқлар берилди. Йиғилишда комиссия ва ишчи гуруҳ аъзоларининг келгуси вазифалари белгилаб олинди. Манба: @uzbprokuratura 856
Инсон борки хатодан холи эмас. Хато қилган киши эса дарҳол хатосидан тавба қилиши, уни кечиришини Аллоҳ таолодан сўраши керак. Оламлар Робби Қуръони Каримда биз бандаларини тавба қилишга буюриб, шундай марҳамат қилган: يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا تُوبُوا إِلَى اللَّهِ تَوْبَةً نَّصُوحاً عَسَى رَبُّكُمْ أَن يُكَفِّرَ عَنكُمْ سَيِّئَاتِكُمْ وَيُدْخِلَكُمْ جَنَّاتٍ تَجْرِي مِن تَحْتِهَا الْأَنْهَارُ “Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса…” (Таҳрим сураси, 8-оят). Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Одам боласининг барчаси хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг яхшиси тавба қилувчилардир” деб марҳамат қилганлар. Уламоларимиз тавба ҳақида келган барча оят ва ҳадисларни ўрганиб чиққанларидан сўнг тавба тўғри бўлиши учун унинг бир неча шартлари борлиги баён қилганлар. Гуноҳдан тўхташ. Банданинг тавбаси тўғри бўлиши учун у аввало қилиб турган гуноҳидан тўхташи керак. Масалан, номаҳрам билан телефонда ишқий суҳбатлар қилаётган одам шу гуноҳдан тавба қилиши учун дарҳол бу суҳбатни тўхтатиши керак. Агар “Бу гуноҳимдан тавба қилдим” десаю аммо суҳбатни давом эттирса, унинг тавбаси тўғри бўлмайди. Надомат қилиш. Гуноҳни тўхтатгандан сўнг энди шу гуноҳни қилиб қўйгани учун пушаймон бўлиши, “Эй Роббим, мен бу гуноҳни енгил санаб эмас, нафсимнинг сўзига кириб қилиб қўйдим. Аслида номаҳрам аёл билан ишқий суҳбат қилганимга афсусдаман” деб, қалбида пушаймонликни ҳис қилиши керак. Агар гуноҳни қилганидан сўнг қалбидан шу ишига нисбатан надомат бўлмаса, тавбаси тўғри бўлмайди. Гуноҳга асло қайтмаслик. Банданинг тавбаси тўғри бўлиши учун у ҳеч қачон тавба қилган гуноҳига қайтмаслиги керак. Агар “Тавба қилдим” десаю аммо яна ўша суҳбатига қайтса ёки бошқа номаҳрам аёл билан гаплашишни бошласа, унинг тавбаси тўғри бўлмайди. Ушбу айтилган шартлар агар банданинг гуноҳи Аллоҳ таолонинг ҳаққига тегишли ишларда бўлса, масалан, намоз ўқимаган бўлса, ароқ ичган бўлса, зино қилган бўлса, номаҳрамлардан кўзини, тилини тиймаган бўлса, ана шунда мазкур шартларни адо этиб тавба қилиши керак. Бордию гуноҳ бандаларнинг ҳаққига тегишли бўлса, масалан, бировнинг пулини олиб қўйган, ўғирлаган бўлса, унда қуйидаги шарт ҳам қўшилади. Ҳақларни эгаларига қайтариш. Айтиб ўтганимиздек, агар гуноҳ банданинг ҳаққига тегишли ишларда бўлса, бировнинг ҳаққини олиб бориб бериш билан тавба тўғри бўлади. Аммо ҳақни эгасига қайтармай, “Тавба қилдим” деса, у ҳолда тавба тўғри эмас. Аввал бировнинг ҳаққини олиб бориб берилади, унинг розилиги олинади, кейин “Эй Роббим, мен фалончининг ҳаққини олган эдим. Бугун ўша ҳақни қайтариб бердим. Ўзинг кечиргин, мағфират қилгин” десангиз, шунда тўғри тавба қилган бўласиз. Бировларнинг ҳаққи деганда фақат моддий ҳақлар эмас, маънавий ҳақларни ҳам тушуниш керак. Масалан, бировни ғийбат қилиш, камситиш, алдаш кабилар бировнинг ҳаққини маънавий тарзда ейиш ҳисобланади. Бунда ҳам киши ўша одамнинг олдига бориб, “Мен сизни ғийбат қилгандим. Мени кечиринг, мендан рози бўлинг” деб, ғийбатини қилган кишининг розилигини олиши керак. Умрининг охиригача бошқаларни ҳам гуноҳдан қайтариш. Аҳли илмлардан баъзилари тавбанинг тўғри бўлиши учун ушбу сўнгги шартни ҳам қўшганлар. Демак, айтилган барча шартларни амалга ошириб тавба қилингандан сўнг банда то умрининг охиригача бошқаларни ҳам гуноҳ-маъсиятлардан қайтариб юриши, одамларни фақат тўғри йўлга, яхшиликка чорлаши лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни холис тавба қилувчи бандаларидан айласин! Интернет маълумотлари асосида Нозимжон Ҳошимжон тайёрлади Манба: muslim.uz 904
Сўйилган жонлиқнинг ҳалол бўлиш шартларидан бири Аллоҳнинг исми айтиб сўйилган бўлишидир. Бунга уламолар қуйидаги оятни далил қилганлар: فَاذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَيْهَا صَوَافَّ “Уларга олд оёқларидан бири боғлиқ турган ҳолида Аллоҳнинг исмини зикр қилинг” (Ҳаж сураси, 36-оят). Ушбу оятдан жонлиқни сўйиш пайти назарда тутилган. Чунки оятнинг давомида “ёнлари ерга текканида” дея сўйилган ҳолати баён қилинган. Шунга кўра қайси жонлиқ қасддан Аллоҳнинг исми айтилмасдан сўйилган бўлса, унинг гўштини ейиш ҳалол бўлмайди. Чунки Қуръони каримда бундай гўштни ейишдан қайтарилган: وَلَا تَأْكُلُوا مِمَّا لَمْ يُذْكَرِ اسْمُ اللَّهِ عَلَيْهِ وَإِنَّهُ لَفِسْقٌ “Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни еманглар. Албатта, бу иш фисқдир” (Анъом сураси, 121-оят). Яъни, сўйиш чоғи “бисмиллаҳ” айтилмаган жонлиқнинг гўштини еманглар. Бундай гўштни ейиш фисқдир, яъни шариат кўрсатмасига риоя қилмасликдир. Бошқа бир оятда Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган жонлиқнинг ҳаром экани хабар берилган: وَمَا أُهِلَّ لِغَيْرِ اللَّهِ بِهِ “Аллоҳдан ўзгага атаб сўйилган нарсаларни ҳаром қилди” (Наҳл сураси, 115-оят). Аллоҳдан ўзгага атаб жонлиқ сўйиш деганда қуйидаги икки ишдан бири тушунилади: Аллоҳдан бошқанинг исми билан сўйиш. Бунда сўювчи бирор бутнингми ёки ўзи муқаддас ҳисоблайдиган хаёлий бирор шахснингми муҳаббатига эришиш ва унинг ғазабидан сақланиш учун жонлиқни унинг исмини айтиб сўяди. Бундай ишни қилган кимса ширк гуноҳини содир этган бўлади ва ушбу сўйилган жонлиқ ҳам ҳаром ҳисобланади; Бирор шахснинг ҳурматини бўрттириб кўрсатиш учун жонлиқ сўйиш. Яъни, гўшт билан сийлаш мақсадида эмас, балки жонлиқ сўйишнинг ўзи билан бировни улуғлашни қасд қилса, агарчи Аллоҳнинг исмини айтиб сўйган бўлса ҳам, Аллоҳдан ўзгага атаб сўйиш бўлиб қолади. Бундай ишни қилган кимса ҳам ширк гуноҳини содир этган бўлади ва сўйилган жонлиқ ҳам ҳалол бўлмайди. Аммо жонлиқ сўйишдан илтифот кўрсатишни масалан, меҳмон қилишни қасд қилган бўлса бундай бўлмайди. Балки бу иш шариатга риоя қилгани учун, Аллоҳни улуғлаш ҳисобланади ва савобли ишга айланади. Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абу Шурайҳ Хузоъий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ (Меҳмоннинг ҳаққи) бир кеча ва кундуз (унга иззат икром кўрсатилиши)дир. Зиёфат эса уч кундир”, дедилар”. Ушбу ҳадиснинг шарҳида Абу Убайд раҳматуллоҳи алайҳ: “Меҳмондорчиликнинг биринчи куни мезбон одатий кунидан ортиқроқ ҳаракат қилади ва илтифот кўрсатади. Иккинчи ва учинчи кунлари эса ўзида бор нарсани тортиқ қилади” деган. Шунга кўра биров меҳмонга иззат икром кўрсатиш учун жонлиқ сўйса ва бу билан меҳмоннинг ҳаққини адо этишни қасд қилган бўлса савобга эришади. Зеро, улуғ пайғамбарлардан бири бўлган Иброҳим алайҳиссаломнинг меҳмон учун жонлиқ сўйгани Қуръони каримда хабар берилган. Тошкент ислом институти ўқитувчиси Абдулқодир Абдур Раҳим 956