Қуръони карим тиловати ҳақларидан бири сажда оятларини ўқиганда сажда қилишлик. Бу алоҳида ибодат ҳисобланади. عن ابي هريرة رضي الله عنه قال قال رسول الله صلي الله عليه وسلم:إذَا قَرَأَ ابْنُ آدَمَ السَّجْدَةَ وَسَجَدَ اعْتَزَلَ الشَّيْطَانُ يَبْكِي ، فَيَقُولُ : يَا وَيْلَهُ أُمِرَ ابْنُ آدَمَ بِالسُّجُودِ فَسَجَدَ فَلَهُ الْجَنَّةُ ، وَأُمِرْت بِالسُّجُودِ فَأَبَيْت فَلِيَ النَّارُ. رواه مسلم Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Агар Одам фарзанди сажда оятини ўқиб сажда қилса, Шайтон йиғлаб шундай дейди: “Азоб бўлсин! Одам фарзанди саждага буюрилганди, сажда қилди, унга жаннат бўлади. Мен саждага буюрилгандим, бош торттим, менга дўзах бўлади”. (Имом Муслим ривояти.) Уламолар тиловат саждасига амр қилинганлигига ижмоъ қилганлар. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ушбу амр вужуб учундир. Яъни тиловат саждасини қилиш вожибдир. Бунга ҳанафий уламолар ўз китобларида етарлича далиллар келтирганлар. Лекин Аҳмад, Молик, Авзоъий, Лайс ва Шофеъий роҳимаҳуллоҳлар уни мустаҳаб деб айтадилар. Улар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуни жума куни минбарда Наҳл сурасини қироат қилиб, сажда оятига келганларида минбардан тушиб инсонлар билан сажда қилганликларини, келаси жума эса ўша сурани қироат қилиб, сажда оятига келганларида: “Эй инсонлар! Саждалардан ўтамиз. Ким сажда қилса тўғри топибди. Ким сажда қилмаса унга гуноҳ йўқдир”, деб, сажда қилмаганликларини далил қиладилар. (Бухорий ривояти.) Умар розияллоҳу анҳунинг “Ким сажда қилса” деган сўзларининг маъноси “тиловатни эшитгандан кейиноқ тезда сажда қилса” деган маънода. Чунки бир ривоятда: “Аллоҳ таоло бизга сажда қилишни фақатгина ўзимиз хоҳлаган вақтда қилишимизни фарз қилди” деб келган. Демак ушбу ҳадис ҳанафийларнинг фойдасига далил бўлади. Тиловат саждаларининг адади ва уларнинг ўринлари Унинг адади жумҳур ихтиёр этган сўзга кўра ўн тўртадир. Улар қуйидагилар: 1. Аъроф сурасининг охирги ояти 2. Раъд сурасининг 15-ояти 3. Наҳл сурасининг 50-ояти 4. Исро сурасининг 109-ояти 5. Марям сурасининг 58-ояти 6. Ҳаж сурасининг 18-ояти 7. Фурқон сурасининг 60-ояти 8. Намл сурасининг 26-ояти 9. Сажда сурасининг 15-ояти 10. Сод сурасининг 24-ояти 11. Фуссилат сурасининг 38-ояти 12. Нажм сурасининг охирги ояти 13. Иншиқоқ сурасининг 21-ояти 14. Алақ сурасининг охирги ояти Шофеъий мазҳабида эса Сод сурасининг саждаси мустаҳаб, таъкидланган саждалардан ҳисобланмайди. Ҳаж сурасининг 77-оятида эса сажда ояти дейдилар. ثبت في صحيح البخاري عن ابن عباس رضي الله عنهما قال صلَيست مِنْ عَزَائِمِ السُّجُودِ ، وَقَدْ رَأَيْتُ النَّبِي صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّم َ سَجَدَ فِيهَا Саҳиҳул Бухорийда Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги ривоятни далил қиладилар. У киши шундай дедилар: “Сод (нинг саждаси) таъкидланган саждалардан эмас. Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни унда сажда қилганларини кўрдим”. Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан икки ривоят бор: биринчиси, Шофеъий роҳимаҳуллоҳ айтганларидек, иккинчиси эса уларни ўн бешта дейдилар ва Сод сурасини саждасини унга қўшадилар. Бу шофеъийлардан Абул Аббос ибн Сурайж[1] ва Абу Исҳоқ Марвазийларнинг[2] сўзидир. Имом Моликдан ҳам икки ривоят мавжуд: биринчиси, Имом Шофеъий айтганларидек. Икки ривоятнинг машҳурроғи ўн биттадир. Нажм, Иншиқоқ ва Алақ суралари саждаларини чиқариб юборадилар. Ҳанафий мазҳабимизга кўра, Сод сурасининг 24-ояти таъкидланган сажда ояти ҳисобланади. Ҳаж сурасининг 77-ояти эса сажда ояти ҳисобланмайди, балки ундан намоздаги сажда ирода қилинган. Буюк аллома бобокалонимиз Абул Баракот Насафий ушбу оят тафсирида бу сажда оятини намоздаги сажда деб айтганлар. Ушбу оятлар саждаларининг ўрни борасида Фуссилат сурасидаги сажда оятининг ўрнидан бошқа айтарли ихтилоф мавжуд эмас. Чунки уламолар ушбу сажда борасида ихтилоф қилганлар. Бир қанча уламолар саждани وَهُمْ...
Ташқи ишлар вазирлиги хабар беришича 2019 йилнинг 4 март куни Малайзия Ислом илмий университети (USIM) раҳбарияти ва профессор-ўқитувчилари билан Ўзбекистон делегацияси ўртасида учрашув бўлиб ўтган, деб хабар берди ЎМИ Матбуот хизмати. Ушбу таълим муассасасига 1998 йилда асос солинган бўлиб, Малайзия Ислом илмий университетида 32 йўналишда таълим берилади. Бугунги кунда бу даргоҳда 15 минг талаба таҳсил олади. Учрашув чоғида USIM ва мамлакатимиз таълим муассасалари ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди ҳамда бу каби ҳамкорликнинг самарадорлиги алоҳида таъкидланди. Сўнгги ярим йил ичида USIM билан Урганч давлат университети ва Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ўртасида тадқиқотларни биргаликда ўтказиш соҳасида, мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, талабаларни алмашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шерикчилик битимлари имзоланди. Шунингдек, Малайзия университети Ўзбекистон миллий университети ва Бухоро давлат университети билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган. Натижада жорий йилнинг январь ойидан Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ва Урганч давлат университетида Ислом илмий университети етакчи профессорларининг Ислом ҳуқуқи ва банкинг, туризм, менежмент, АКТ ва бошқа йўналишлар бўйича лекциялари ташкил этилди. Олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш ва “visiting professors” шаклидаги амалиётни давом эттириш мақсадида университетнинг инженерия ва қурилиш факультети деканини Тошкент архитектура-қурилиш институтида мустаҳкам архитектура мавзусида лекциялар курсини ўтказиши учун 2019 йил 27 мартдан 11 апрелгача Ўзбекистонга юбориш тўғрисида келишувга эришилди. 754
Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Ўзининг улуғлигига моc ҳамду санолар бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувват вазифасини олгунларига қадар бўлган замонни жоҳилият даври дейилади. Юз йилларча давом этган масъулиятсиз, маъносиз, адолатсизликлар ва ноинсоний шафқатсизликларга тўлган ҳаёт… Бу ҳаёт ичидаги инсоният разилликлари, тубанликлари ва жамиятнинг ғарқ бўлишига оммавий юзланганликлари… Бу билан бирга ўша давр ҳаёти ичидаги ибрат олиш мумкин бўлган аҳлоқ-у одатлар… Мана шундай жоҳилият авжига чиқиб ўз пойдеворидан кўчиш, парчаланиш вақтига етганда ва унинг энди ислоҳ бўлишида умид қолмаган бир пайтда инсоният ўзининг охирги илоҳий ҳукмини кута бошлади. Ана шундай пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламларга пайғамбар этиб юборилдилар: “Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107). Шундан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларининг бутун олам ҳаётини янгилагани, инсониятга таҳдид солиб турган қилични унинг бошидан олгани, инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Ислом башариятга янги руҳ, тўғри мақсад ва олиймақом ғоя берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятни ислоҳ қилиш, уйғотиш ва ривожлантириш учун қилган хизматлари чексиздир. Шулардан бири – дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ жамоатларни бирлаштиришдир. Исломдан олдинги диёнатлар инсон ҳаётини икки қисмга – дин ҳаёти ва дунё ҳаётига тақсимлаган. Шунга кўра инсонларни ҳам дин одамлари ва дунё одамларига бўлганлар. Шу билан бирга бу икки томон орасида қалин тўсиқ ҳам бор эди, доимий келишмовчиликда турар эдилар. Инсон, албатта, шу икки тоифадан бирига мансуб бўлиши ва бирини танлагач, иккинчисидан мутлақо воз кечиши керак эди. Улар буни бир одам бир вақтнинг ўзида иккита кемада бўла олмайди, деган мисол билан изоҳлашар эди. Иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт тарзи билан шуғулланай деса, албатта, дин ва унга тегишли нарсалардан воз кечиши керак бўлар эди ёки тарки дунё қилмай туриб диндорликка эришиб бўлмас эди. Масаланинг эътиборли жиҳати ўзини дунё ҳаётининг одамлари ҳисоблаб диндан воз кечганлар шунчаки диний ҳаётни тарк этиш билан чекланиб қолмадилар, балки диний ҳаёт эгаларига қарши курашдилар. Натижада икки тараф орасида душманчиликлар келиб чиқди ва жамият инқирозига кенг йўл очиб берди. Бунга ёрқин мисол этиб масиҳийлик динини кўрсатиш мумкин. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг эса, инсоннинг ҳаётидаги амаллар ва ахлоқлардан кўзланган асосий мақсад бўлиши лозимлигини айтдилар. Ислом унга “ният” деб ном берди: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилганига яраша”. Инсоннинг ихлос билан Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтиб қилган ҳар бир амали Роббисига яқинлашиш воситасидир. Агар ўша иш ризқ талаб қилиш, вазифа бажариш, пок йўллар билан ер юзидаги нарсалардан фойдаланиш, иқтисодий амал бўлса ҳам барибир. Буларнинг барчаси ибодат ва диний хизмат ҳисобланади. Аксинча, инсон тоат-ибодатлар қилса-ю, у билан Аллоҳнинг розлигини мақсад қилмаса, ўзи учун ўша амалидан фойда йўқ ва мана шу беҳудаликдир. Мана шу асос билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дин ва дунё орасидаги ажралишга барҳам бердилар. Доимий хусуматда бўлган бу икки тушунча дўстлашди, бирлашди. У зот бизга қуйидаги жамловчи дуони ўргатдилар: “Роббимиз, дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин” (Бақара сураси, 201). 1-курс талабаси М.Исоқжонова 678
2018-2019 ўқув йилида институт раҳбар ва ходимларининг талабалар билан очиқ мулоқот қилиш жадвалига асосан, жорий йилнинг 5 март куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида 4-курс талабалари билан очиқ мулоқот ташкил этилди.Унда Маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор Ж.Мелиқўзиев, “Ҳадис ва ислом тарихи” кафедраси мудири Б.Аъзамов, куратор А.Олимов ва мураббийлар Я.Раззоқов, М.Ходжаев иштирок этди. Ташкил этилган очиқ мулоқот савол жавобларга бой тарзда ўтди. Муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан талабалар томонидан таклифлар берилди. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 755
Жорий йилнинг 5 куни Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида “Ислом: Моҳият ва Талқин. Барлавийлик-сиёсий оқим” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Унда Тошкент ислом институти Матбуот хизмати котиби Аброр Мухтор Али ва Махсус сиртқи бўлим 2-курс талабалари иштирок этди. Тадбирда устоз сўзга чиқиб, қадимдан то ҳозирги кунга қадар давом этиб келаётган турли оқимлар, уларнинг зарарлари ҳақида атрофлича тўхталиб ўтди. Шулардан бири барлавийлик оқими бўлиб, уларнинг бугунги кундаги хатарлари, ўзларини дин ҳимоячиси қилиб кўрсатиб, аслида ўз манфаатлари учун динни ниқоб қилаётганини далиллар асосида талабаларга тушунтириб берди. “Биз бугунги кундаги турли ихтилофларга барҳам бериб, бидъатларга қаттиқ туришимиз лозим. Бу борада китоблар таълиф қилиб, халқимизга тақдим қилишимиз зарур”, деди устоз. Қизғин ва мазмунли тарзда ўтган суҳбат сўнгида имом домлалар ўзларини қизиқтирган саволларга устоз томонидан жавоб олдилар. Маънавият, маърифат ва иқтидорли талабалар билан ишлаш бўлими 732