islom-instituti@umail.uz         71-227-42-37

Дин ва дунёни жамлаш

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога Ўзининг улуғлигига моc ҳамду санолар бўлсин!Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нубувват вазифасини олгунларига қадар бўлган замонни жоҳилият даври дейилади. Юз йилларча давом этган масъулиятсиз, маъносиз, адолатсизликлар ва ноинсоний шафқатсизликларга тўлган ҳаёт… Бу ҳаёт ичидаги инсоният разилликлари, тубанликлари ва жамиятнинг ғарқ бўлишига оммавий юзланганликлари… Бу билан бирга ўша давр ҳаёти ичидаги ибрат олиш мумкин бўлган аҳлоқ-у одатлар…

Мана шундай жоҳилият авжига чиқиб ўз пойдеворидан кўчиш, парчаланиш вақтига етганда ва унинг энди ислоҳ бўлишида умид қолмаган бир пайтда инсоният ўзининг охирги илоҳий ҳукмини кута бошлади. Ана шундай пайтда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бутун оламларга пайғамбар этиб юборилдилар:

“Биз сени фақат оламларга раҳмат қилиб юбордик” (Анбиё сураси, 107).

Шундан сўнг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам рисолатларининг бутун олам ҳаётини янгилагани, инсониятга таҳдид солиб турган қилични унинг бошидан олгани, инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Ислом башариятга янги руҳ, тўғри мақсад ва олиймақом ғоя берди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятни ислоҳ қилиш, уйғотиш ва ривожлантириш учун қилган хизматлари чексиздир. Шулардан бири – дин ва дунёни жамлаш ҳамда тарқоқ жамоатларни бирлаштиришдир. Исломдан олдинги диёнатлар инсон ҳаётини икки қисмга – дин ҳаёти ва дунё ҳаётига тақсимлаган. Шунга кўра инсонларни ҳам дин одамлари ва дунё одамларига бўлганлар. Шу билан бирга бу икки томон орасида қалин тўсиқ ҳам бор эди, доимий келишмовчиликда турар эдилар. Инсон, албатта, шу икки тоифадан бирига мансуб бўлиши ва бирини танлагач, иккинчисидан мутлақо воз кечиши керак эди. Улар буни бир одам бир вақтнинг ўзида иккита кемада бўла олмайди, деган мисол билан изоҳлашар эди. Иқтисодий ва ижтимоий ҳаёт тарзи билан шуғулланай деса, албатта, дин ва унга тегишли нарсалардан воз кечиши керак бўлар эди ёки тарки дунё қилмай туриб диндорликка эришиб бўлмас эди.

Масаланинг эътиборли жиҳати ўзини дунё ҳаётининг одамлари ҳисоблаб диндан воз кечганлар шунчаки диний ҳаётни тарк этиш билан чекланиб қолмадилар, балки диний ҳаёт эгаларига қарши курашдилар. Натижада икки тараф орасида душманчиликлар келиб чиқди ва жамият инқирозига кенг йўл очиб берди. Бунга ёрқин мисол этиб масиҳийлик динини кўрсатиш мумкин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлиб келганларидан сўнг эса, инсоннинг ҳаётидаги амаллар ва ахлоқлардан кўзланган асосий мақсад бўлиши лозимлигини айтдилар. Ислом унга “ният” деб ном берди:

“Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилганига яраша”.

Инсоннинг ихлос билан Аллоҳнинг розилиги учун, Унинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтиб қилган ҳар бир амали Роббисига яқинлашиш воситасидир. Агар ўша иш ризқ талаб қилиш, вазифа бажариш, пок йўллар билан ер юзидаги нарсалардан фойдаланиш, иқтисодий амал бўлса ҳам барибир. Буларнинг барчаси ибодат ва диний хизмат ҳисобланади. Аксинча, инсон тоат-ибодатлар қилса-ю, у билан Аллоҳнинг розлигини мақсад қилмаса, ўзи учун ўша амалидан фойда йўқ ва мана шу беҳудаликдир.

Мана шу асос билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам дин ва дунё орасидаги ажралишга барҳам бердилар. Доимий хусуматда бўлган бу икки тушунча дўстлашди, бирлашди. У зот бизга қуйидаги жамловчи дуони ўргатдилар:

“Роббимиз, дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизни дўзах азобидан сақлагин” (Бақара сураси, 201).

1-курс талабаси
М.Исоқжонова

69650cookie-checkДин ва дунёни жамлаш

Сиз нима дейсиз, фикр билдиринг: